SJ News II - шаблон joomla Авто

LOGO

Тараққиёт, севаман сени,

Тараққиёт, сендан қўрқаман!..

 

Муҳаммад Раҳмон

 ХХI аср бошларига келиб, дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро таъсир, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар шу даражада кучайиб кетдики, бу жараёндан тўла ҳимоялана олган бирорта ҳам давлат йўқ, деб тўла ишонч билан айтишга ҳақлимиз.  Глобаллашув шундай жараёнки, ундан четда тураман, уни ўз остонамга бир қадам ҳам оёқ босишига йўл қўймайман деган мамлакатлар аксинча унинг таъсирига кўпроқ учраб қолиши  мумкин. Бундай ғайри ихтиёрий таъсир эса кўпинча салбий оқибатларга олиб келади.  Бу  ҳақида   гапирганда   таъбир   жоиз   бўлса,   айтиш   керакки,   “бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонлардан ҳам кўпроқ кучга эга”.  Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга  ундовчи томони шундаки, агар ташқаридан ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш ва бартараф этиш чораларини кўриш мумкин, аммо    мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ҳамда унга қарши маънавий сафарбарликни зудлик билан вужудга келтириш ниҳоятда қийин ишдир. Ҳозирги кунда дунёда илдам қадамлар билан  ўзгариб бораётган, тобора инсоният оламини ўз домига тортиб, уларнинг  ҳаётига чуқурроқ кириб,  миллий маданияти ва маънавиятига таъсир этаётган глобаллашув жараёни юз бермоқда. Бу  жараён  натижасида  эса,  турли  цивилизациялар, маданиятлар тўқнашуви содир бўлиб, бир қанча  муаммоларни келтириб чиқариши оқибатида миллатлар маънавиятига таҳдид солишига сабаб бўлмоқда. 

         Инсониятнинг улкан кашфиёти телевидение – ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, инсон онгу тафаккурини, бутун шуурини шиддат билан забт этиб бормоқда. Бугунги кунда биз дунёнинг қай бурчагида бўлмайлик исталган ахборотни бирор воқеа содир бўлиши билан дарҳол олишга эгамиз. Бироқ биз телевидение соҳасидаги провакациялар ҳақида эмас балки унинг (айниқса хориж телевидениясининг) миллий маънавиятимизга бўлган улкан хавфи хусусида тўхталмоқчимиз.

Глобаллашув бизга жуда кўплаб имкониятларни тақдим этди, бироқ шу билан бирга ўзининг ялтироқ қоғозга чиройли қилиб ўралган, кўринишидан беозор, шу билан бирга, оммабоп бўлган “совғаларни” ҳадя қилишни ҳам унутмади. Телевидение ҳам айнан мана шундай “совғалардан” биридир. Келинг, фактларга мурожаат қилсак: АҚШдаги Карнеги жамғармаси телевидение бўйича 1986-йилдан бошлаб, ўн йил монайнида 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида тадқиқот олиб борди ва пировардида қуйидаги хулосага келинди: “Телевидение ўз имкониятларини тарбия учун сафарбар этаётгани йўқ, аксинча, у ижтимоий феъл-атворнинг энг салбий андозаларини тарғиб этаётир… Рекламага махлиё бўлиб ўтириш ўсмирларда танқидий фикрлаш қобилиятини чеклайди ва тажовузкор феъл-атворни шаклланишига олиб келади”.  Ушбу фактдан ҳам яққол кўриниб турибдики, бугунги мураккаб замонда дунё миқёсида телевидение ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг онгу тафаккурини бойиш ва кенгайтиришга эмас, балки ўзларининг “сифатсиз маҳсулотларини” уларга ўтказиш орқали ўз йўриқларига йўрғалатишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, инсонларнинг маънан юксалишига, тафаккурининг кенгайишига ҳам хизмат қиладиган телеканаллар ҳам мавжуд, бироқ нима учундир ҳозирги кунда паст савияли шоу – кўрсатувлари, кино ва сериаллари билан одамларни ўз аурасида ушлаб турган телеканалларнинг ошиғи олча. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега? Нега деганда бугунги кун хориж каналлари юқори техника ва тенологиялар асосида суръатга олинган шоу ва телекўрсатувларни ранг-баранг тарзда оммага намойиш этмоқда. Ўсмирлардаги ўтиш даврига хос бўлган давр эса, уларни бундай телекўрсатув ва кинолардан ўзларига “қаҳрамон” танлашларига ва уларга тақлид қилишларига олиб келаётир. Қандай қаҳрамонларга тақлид қилишмоқда дейсизми? Албатта қандайдир супермену аллақандай ишларни бажариб дунёни остин-устун этиб ташлаётган сеҳргарларга! Япон жамоат арбоби Сонки Оя:-“Телевидение Японияда миллионлаб ахмоқларни етиштириб берди”-деб айтганда, айнан ана шу тақлид ҳиссини назарда тутгандек гўё. Ўтган асрда кино ҳақида гап кетганда, қуйидаги ибора кўп бор таъкидланар эди: - Ҳамма санъатлар ичида, биз учун энг муҳими, кинодир... Уни айтган одам ўшанда нимани назарда тутган экан-а? Кинонинг маданият тарғиботчиси сифатидаги беқиёс ўрниними ёки бошқалар маънавиятига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллигиними?

         Киносанъатнинг катта “қурол” эканлиги, мана энди бугунги кунга келиб яққол номоён бўлмоқда. Яқин-яқинларгача ҳам ўзбек телевидениесини тўла эгаллаб олган саёз фильмлар одамларимизнинг  маънавияти пасайишига, шу билан бирга, ёшларимиздаги тарбия истеҳкомининг нурашига жуда катта “ҳисса” қўшиб келди. Одамлар Туркия, Бразилия, Ҳиндистон, Мексика, ва бошқа Лотин Америка мамлакатлари режиссёрлари томонидан ишланган олди-қочди, муҳаббат можаролари, оилавий низолар ҳатто порнографик кўринишга эга ишқий муносабатлар ҳақидаги телесериаллар домига осонгина илинди. Ота-она, фарзандлар, оила даврасида томоша қилиш жараёнида ўпишиш, қучоқлашиш саҳналарини биргаликда кўришга телесериаллар орқали “мажбур қилинди”. Ётоқхона, тўшакдан бошланган лавҳалар яна айнан ўша жойда тугалланишини бутун сериал ва кино давомида бундай ҳаёсиз саҳналарни очиқ-ойдин ёки “қоғозга ўралган” ҳолда томошабинга тақдим этилишини қандай тушиниш мумкин?

Булар-ку  катталар учун ишланган телесериаллар ва кинолардир. Энди ёш авлод, кичкинтойлар учун тайёрланган мултфильмларни олиб кўринг. Тўғриси, катталарникидан қолишмайди. Ўша сизу биз билган машҳур “Маугли”, “Шрек” “Соҳибжамол ва махлуқ”, “Том ва Жерри” мултфильмларида ҳам ўпишиш, қучоқлашиш саҳналари тўлиб-тошиб ётибди. Уларни ишлаб чиқарганларнинг асл мақсадлари нима? Паст савияли фильм, қўшиқ, мултфильм ёки ўйинлардаги чалғитувчи хусусият кишидаги (каттами, кичикми, барибир) фикрлаш қобилиятини аста-секин ўлдириб боради. Унда теваракда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга фақат шу мултфильм, сериал ёки фильм савияси, берган “таълими” нуқтаи назаридангина қараш шароити етилиб боради. Она сути оғзидан кетмай туриб, ана шундай руҳда “тарбияланган” боладан келажакда нимани кутиш мумкин? Айрим ота-оналар фарзандини телевизор қаршисига ўтқазиб, мултфильм қўйиб бериш билан ўзини алдаётганини, энг ачнарлиси, фарзандининг ва миллатнинг ҳам эртасини хавф остига қўяётганини билмайдилар.

Муаммонинг ечими битта: Ўрнак бўлайлик! Агар ёши катталаримиз телевизор орқали инсон маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган телекўрсатув ва бадиий фильмларни томоша қилса, ёшларимиз ҳам шунга ўрганади, шунга эргашади.

   Сўзимиз сўнггида, Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз топдик:–“Алҳосил тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидур”.  Тарбия эса, ўрнак бўлиш орқали берилади! Шундай экан – ЎРНАК БЎЛИНГ!

Муслимбек Алижонов,

 Тошкент ислом университети талабаси 

Read 198 times
Share this article

banner tiu

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top