SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

       Тарихга ахборот асри сифатида кираётган ХХI асрнинг бошиданоқ, фан-техниканинг оламшумул кашфиёти ҳисобланган интернет ҳаётнинг барча жабҳаларини ўргимчакдай ўраб олди. Асосан овоз узатиш воситаси сифатида юзага келган уяли алоқа орқали эндиликда оддий тасвирдан ташқари видео тасвирлар, филмларни қабул қилиш ва узатиш имконияти пайдо бўлмоқда.

       Бу янгиликлар таълим соҳасида жуда кенг имкониятлар яратгани барчамизга яхши маълум. Илмий ахборотлар узатиш, симли телефон етиб бормаган ерларда уяли алоқа орқали интернет тармоғига уланиб, дунёнинг исталган кутубхонасидан керакли илмий ахборотларни олиш мумкинлиги катта аҳамиятга эга. Ёшларимиз уяли телефон ёрдамида мусиқа ва спорт янгиликларидан хабардор бўлиб, маданий савияларини оширадилар. Ўқувчилар уй вазифаларини бажаришда бир-бирларига ёрдам берадилар.

       Бу имкониятлардан жойида ва вақтида фойдаланиш қулайлигини тан олмай илож йўқ. Аммо масаланинг иккинчи, таъбир жоиз бўлса, ўта, муҳим жиҳатини асло ёддан чиқармаслик зарур. Бу мавзу албатта янги эмас. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Ёшлар» каналида қатор таҳлилий кўрсатувлар намойиш этилди. Биз бугун уяли телефондан ўсмирлар ва болаларнинг фойдаланишидаги айрим муаммолар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

       Симсиз алоқа воситаларининг истеъмолга кириб келиши ота-оналар учун фарзандларини масофадан туриб назорат қилиш имкониятини берди. Бу — масаланинг бир томони. Иккинчи томондан, бу техник қулайлик ёшларнинг маънавий дунёсига, ахлоқ-одобига ва тарбиясига қандай таъсир кўрсатмоқда, уларнинг дунёқараши шаклланишида қандай «вазифа»ни адо этмоқда?

       Ўсиб келаётган ёш авлод юртнинг нафақат эртаси, балки бугунги куни қандай бўлишини ҳам белгилайди. Шу маънода, йигит-қизларни ҳар жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш ҳар биримизнинг зиммамизга ўзига хос масъулият юклайди.

       Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кенг жамоатчилик, мутасадди вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари, тиббиёт ходимлари ва психологлар иштирокида таълим муассасаларида уяли алоқа воситасидан фойдаланишни тартибга солиш масаласини муҳокама этиб, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ташаббуси билан чиқди.

       Айтиш керакки, мобил алоқа воситасидан таълим муассасасида ёки дарс вақтида фойдаланиш, биринчидан, боланинг дарсга бўлган диққатини камайтиради. Натижада, ўқувчининг фанларни ўзлаштириши, фикрлаш қобилияти сусаяди, шу билан бирга, ёнидаги тенгдошлари эътиборини ҳам чалғитади. Иккинчидан, улар беихтиёр ахборот олиш ва тарқатиш субъектига айланиб, ёшига номуносиб ишлар билан банд бўлади, яъни жамиятдаги ўрни билан боғлиқ масъулиятни унутади.

       Замонавий техника янгилигидан, биринчи навбатда, ҳою ҳавас туфайли фойдаланиш кўпроқ ўсмир ёшдаги ўғил-қизлар орасида оммалашганини инкор қилиб бўлмайди. Гоҳида ўйлаб қоласан киши, айрим ота-оналар фарзандига зарур ўқув қуроллари, дарсликлар, бадиий адабиётлар олиб беришга қунт қилмайди. Лекин, фарзандим ўз тенгдошларидан кам бўлмасин, керак бўлса, улар орасида ажралиб турсин, деган мақсадда турли функсияларни бажара оладиган қимматбаҳо уяли алоқа воситасини олиб беради. Қарабсизки, таълим-тарбия иккинчи даражали бўлиб қолади.

       Тиббиёт мутахассисларининг қайд этишича, уяли алоқа воситаси ёшларнинг нафақат маънавий оламига, балки саломатлигига ҳам жуда катта салбий таъсир этади. Энг хавфлиси, уяли алоқа воситасидаги турли ўйинлар, видео-фото тасвирлар ўқувчи руҳияти, маънавиятига жиддий таҳдид солади. Айниқса, интернет тармоғига уланиш имкониятига эга мобил алоқа воситаси ёшларни турли номақбул хатти-ҳаракатларга ундамоқда.

       Бу – жиддий масала. «Оммавий маданият» ташкилотчилари уяли алоқа воситасида ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бу – улар учун қулай имконият. Табиийки, ўз манфаатидан келиб чиқиб, улар ёшлар  тарбиясини бузишда давом этаяпти. Лекин, ота-оналар ўз фарзандлари  тақдирига масъулдир. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни гўзал хулқли инсонлар этиб тарбиялаш барчамизнинг вазифамиздир.

       Мамлакатимизнинг эртанги куни бўлган баркамол авлод тарбияси ҳақида ғамхўрлик қилиш ҳар биримизнинг, маҳалла ва таълим даргоҳларининг, умуман, шу юртнинг гуллаб-яшнаши, тараққий топишидан манфаатдор бўлган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Сарвар Қаххоров,

Тошкент ислом университети магистранти

Read 92 times
Share this article

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top