SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асарида ҳанафийлик мазҳабига оид фиқҳий масалалар баён этилар экан, уларни асослаш мақсадида Қуръони карим оятларидан ва Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларидан унумли фойдаланилган. Шунингдек, асарда «Хулафои рошидин» номи билан машҳур – Абу Бакр Сиддиқ (ваф. 13/634 й.), Умар ибн Хаттоб (ваф. 23/644 й.), Усмон ибн Аффон (ваф. 35/656 й.) ва Али ибн Абу Толиб (ваф. 41/661 й.) ва бошқа саҳобаларнинг кўрсатмаларидан ҳам унумли истифода қилинган. Жумладан, асарнинг биринчи боби “Таҳорат китоби”да 51 та ҳадис келтирилган. “Ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳларидан бири “Насб ар-роя ли-аҳодис ал-Ҳидоя” (“Ҳидоя ҳадислари учун байроқнинг ўрнатилиши”) асарида 54 та  ҳадис келтирилиб, изоҳланган.

Бурҳониддин Марғиноний ҳадисларни келтиришда ўзига хос услубларга риоя этган. Жумладан, аллома кўпинча ҳадиси шарифларнинг маъноларини ривоят қилиб кетади. Уларнинг “тахриж”ини келтирмайди, яъни берилган ҳадиси шарифларни муҳаддислардан кимлар ривоят қилганларини айтиб ўтирмайди. Масалан, “Таҳорат китоби”да аллома фақат бир жойда муҳаддис Имом Абу Довуд Сулаймон Сижистонийнинг (ваф. 275/880 й.) номини зикр қилган, холос. “Қуллатайн ҳадиси” деб аталган ҳадиси шарифни келтириб, уни изоҳлаётганида Имом Абу Довуднинг номини эслатган ва ушбу ҳадисни у “заиф” деганини қайд қилган.

Муаллиф айрим ҳадисларни келтирар экан, уларнинг икки хил ривоятини бирданига зикр қилади, айрим ўринларда эса икки ривоятни аралаштириб зикр қилади. Бунга “ал-Ҳидоя”да келтирилган илк ҳадиси шарифни мисол қилиш мумкин:

Ҳанафий мазҳабига кўра таҳорат қилишда бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз ҳисобланади. Мазкур масалани ҳадисдан исботлаш мақсадида Бурҳониддин Марғиноний Муғира ибн Шўъба (р.а.)дан ушубу ривоятни келтиради.

إن النبى صلى الله عليه و سلم أتى سباطة قوم فبال و توضأ و مسح على ناصيته و خفيه

Расулуллоҳ (с.а.в.) бир қавмнинг ахлат ташлайдиган жойига келиб таҳорат ушатдилар, сўнг таҳорат олиб, бошларининг олд қисмларига масҳ тортдилар ва маҳсиларига ҳам масҳ тортдилар.

Мазкур ҳадиси шариф икки қисмдан таркиб топган. Бошнинг пешона қисмига ва икки маҳсига масҳ тортганларини муҳаддислардан Имом Муслим ибн Ҳажжож (ваф. 261/874 й.) ривоят қилган. Унинг ривоятида саллага ҳам масҳ тортганлари ривоят қилинган. Лекин айни ҳадиснинг Табароний ривоят қилган шаклида саллага масҳ тортганлари зикр қилинган эмас. Шунинг учун ҳам Бурҳониддин Марғиноний саллага масҳ тортишни келтирмаган ва бундай саллага масҳ тортиш тўрт мазҳаб фикрига ҳам зиддир. Ҳанафий олимлари бу ўринда “Расулуллоҳ (с.а.в.) салла остига қўлларини киритиб, бошнинг олд томонига масҳ тортганлар” деган фикрни билдирадилар. Уларнинг бундай фикрга келишларига муҳаддислардан Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1015 й.)нинг ҳақиқатан ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) “қитрий” деб аталадиган саллани кийиб таҳорат олганлари ва уни ечмасдан, нам қўллари билан саллага тиқиб, бошининг олд қисмларига масҳ тортганлари зикр этилган. Ҳанафий олимларидан Али ал-Қорий ўзининг “Мухтасар ал-Виқоя”га ёзган шарҳида буни айтиб ўтган. Бурҳониддин Марғиноний келтирган ҳадиснинг мазкур қисми ҳам Муғира ибн Шўъба (р.а.)дан ривоят қилинган.

Бурҳониддин Марғинонийнинг юқорида келтирган ҳадисининг иккинчи қисми Пайғамбар (с.а.в.) бир қавм ахлатхонасига келиб, тикка туриб таҳорат ушатганлари ва бориб таҳорат олганлари ҳақида бўлиб, уни ҳам Муғира ибн Шўъба (р.а.)дан ривоят қилинган. Бироқ, Бурҳониддин Марғиноний ривоятида “тикка туриб” (فبال قائما) сўзи келтирилган эмас. Уни муҳаддислардан Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можжа (ваф. 273/886 й.) ривоят қилиб келтирган. Мазкур ҳадисни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 256/870 й.) ва Имом Муслим иккаласи биргаликда Ҳузайфа (р.а.)дан ривоят қилганлар. Имом Муслим мазкур ривоятга: “Иккала маҳсисига ҳам масҳ тортдилар” деган иборани қўшиб нақл қилинган. Шунинг учун Бурҳониддин Марғиноний мазкур иккала ҳадисни Муғира ибн Шўъбадан (р.а.) битта қилиб ривоят қилиб қўйган, холос. Чунки иккала ҳадис матни ҳам бир нарсага далолат қилади.

Ҳанафийлик мазҳабига далил сифатида Бурҳониддин Марғинонийнинг юқоридаги ҳадиси шарифни келтиришидан мақсад шуки, ҳанафийлар бошнинг тўртдан бирига масҳ тортишни фарз дейдилар. Шофиийлар эса сочнинг учта толасига, моликийлар эса сочнинг ҳаммасига масҳ тортишни фарз деганлар. Улар Қуръон оятидаги: وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ “Бошларингизга масҳ тортинглар!” ҳукмининг умумий маъносидан олганлар. Марғиноний эса мазкур оят ҳукмини мужмал – тушунарсиз даражада қисқа, деб атайди. Чунки оятдан масҳнинг қанча миқдорда бўлишини билиб бўлмайди. Олим томонидан келтирилган ҳадис эса мазкур тушунарсиз жиҳатга баён – изоҳ сифатида берилган.

Юқорида айтганимиздек, Бурҳониддин Марғиноний ҳадисларни келтирар экан, айрим ўринларда унинг умумий маъносини бериб кетади. Демак, аллома келтирган айни лафз ва иборалар билан ҳадисни изласак, уни муҳаддисларнинг ҳадис китобларидан топа олмаслигимиз ҳам мумкин. Кўп ўринларда аллома баъзи сўзларни бошқачароқ қўллайди. Буни “ал-Ҳидоя”да келтирилган иккинчи ҳадиси шарифдан мисол қилишимиз мумкин:

Таҳоратнинг суннатлари баён қилинар экан, уйқудан турган одам қўлини идишга тиқишидан аввал иккала қўлини билагигача ювиш масаласи келтирилади. Унга далил сифатида қуйидаги ҳадис зикр қилинган:

إذا استيقظ احدكم من منامه فلا يغمسنّ يده فى الإناء حتى يغسلها ثلثا فإنه لا يدرى اين باتت يدُه

“Қачон сизлардан бирингиз уйқусидан турса, бас, токи уни учта ювмагунча қўлини идишга ҳаргиз тиқмасин! Чунки, у қўли қаерда тунаганини билмайди”. Мазкур ҳадиси шарифнинг мазмунини муҳаддисларнинг олтита саҳиҳ тўпламлари “ас-Сиҳоҳ ас-ситта”дан топиш мумкин. Бироқ, Имом Бухорий ривоятида ушбу ҳадис:

و إذا استيقظ أحدكم من نومه فليغسل يده قبل ان يدخلها فى الإنآء فإنه لا يدرى اين باتت يدُه

“Қачон сизлардан бирингиз уйқудан турса, бас, идишга киритмасдан олдин қўлини ювсин!” деб келтирилган. Бу ерда “уйқудан”, “идишга қўлини киритмасдан олдин” жумлаларида фарқ бор. Имом Муслим ривоятида эса “учта” сўзи “уч марта” деб аниқроқ келтирилган. Имом ибн Можжа ривоятида эса: إذا قام أحدكم من الليل “Қачон сизлардан бирингиз кечадан турса”, деб зикр этилган.

“Насб ар-роя”нинг муаллифи Имом Зайлаъий айтишига қараганда, Бурҳониддин Марғиноний келтирган, таъкид ҳолидаги فلا يغمسنّ “ҳаргиз тиқмасин!” лафзини муҳаддислардан фақат Абдурраззоқ ўз муснадида келтирган, халос.

Ҳадиси шарифларнинг даражаларида “мурсал” деб номлангани ҳам борлиги улум ал-ҳадис китобларидан маълум. У бирламчи ровий – саҳоба ёки тобеъиннинг Пайғамбар (с.а.в.)нинг номларини айтмасдан ривоят қилган ҳадисларидир. Бу хилдаги ҳадисларни далил сифатида олиш борасида фақиҳлар орасида ихтилоф мавжуд. Жумладан, моликийлар мурсалларни доимо далил сифатида олсалар, шофиъийлар мурсалнинг далил бўлишида бешта шартни кўрсатадилар. Ҳанбалийлар эса умуман мурсалларни қабул қилмайдилар. Ҳанафийлар саҳобаларнинг мурсалларини ва катта тобеъийнларнинг мурсалларини мақбул санайдилар.

Бурҳониддин Марғиноний ҳам ҳанафийларнинг айрим фатволарини далиллашда мурсал ҳадислардан унумли фойдаланган. Бунга ҳанафий олим Али ал-Қорий ҳам алоҳида эътибор қаратиб, таъкидлаб ўтган. Марғинонийнинг мурсал ҳадисдан далил келтириганини “ал-Ҳидоя”нинг 22-ҳадисидан топиш мумкин:

الا من ضحك منكم قهقهة فليعد الوضوء و الصلوة جميعا

“Аё, сиздан кимки қаҳқаҳа отиб кулса, бас, таҳоратни ҳам қайта қилсин, намозни ҳам қайта ўқисин!”.

“Ал-Ҳидоя”нинг шарҳларидан “Насб ар-роя”да мазкур ҳадис мурсал ўлароқ тобеъинлардан Абул Олия, Маъбад Жуҳаний, Иброҳим Нахаий ва Ҳасан Басрий томонидан ривоят қилингани бирма-бир қайд қилинган.

“Ал-Ҳидоя”дан келтириб, қисқача таҳлил қилинган учта мисолдан кўриниб турибдики, аллома бобомиз Бурҳониддин Марғиноний ҳанафийларнинг ҳадисдан келтириладиган далилларини ўзига хос тарзда битганлар. Аллома далил сифатида келтирган ҳадисларнинг барчасини Имом Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий (ваф. 279/892 й.), Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Самарқандий Доримий (ваф. 255/870 й.) каби муҳаддис бобокалонларимизнинг ҳадис тўпламларидан топиш мумкин. Буни “ал-Ҳидоя”нинг ҳадислари тахрижига бағишланган “Насб ар-роя”, “ад-Дироя” каби шарҳлардан ҳам билиб оламиз. Умуман, бу нарса бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Чунки, айрим фирқаларнинг, бемазҳабликни тарғиб қиладиганларнинг, билиб-билмай нотўғри йўлларга кириб кетган ёшларнинг “Ҳанафийлар ўз раъйларига амал қиладилар, улар ҳадисларга суянмайдилар, саҳиҳ ҳадисларни эътиборга олмайдилар” қабилидаги таъналари ва айблашларининг асоссиз эканини исботлайди.

Шунингдек, айримлар ҳанафийларнинг энг буюк фиқҳий манбаларидан бири ҳисобланган “ал-Ҳидоя”да келтирилган ҳадислар борасида таъна қиладилар. Биз юқорида таҳлил қилган маълумотлардан маълум бўладики, мазкур манбада келтирилган ҳадиси шарифларнинг айрим ҳолларда маъноси зикр қилинган. Ҳадисларнинг баъзилари бир хил мавзуда бўлса, уларни бирма-бир зикр қилинмасдан бирга қўшиб далил сифатида келтирилган. Ҳадислардан далил сифатида фойдаланишда ҳанафийлик мазҳабининг устувор усул-қоидаларидан унумли фойдаланилган.

“Ал-Ҳидоя”нинг ҳадисларни ишлатишда ўзига хос хусусиятлари, ҳадислардан фойдаланишда ҳанафийлик тамойилларига амал қилиш услубларини ўрганиш ва тадқиқ этиш муҳим илмий мавзулардан биридир.

 

Ўктам Палванов,

университет ўқитувчиси

Read 104 times
Share this article

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top