SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Мовароуннаҳрнинг машҳур шаҳарларидан бири – Насафдан ислом илмларининг турли соҳалари бўйича етук асарлар яратган олимлар етишиб чиққанлар. Ҳофизиддин Абул-Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий мана шу олимлар сирасига киради. Тарихчи Муҳаммад Шафиқ Ғирболнинг таъкидлашича, 1232 йилда Насаф шаҳрида таваллуд топган бўлиб, унинг ёшлиги Бухоро шаҳрида ўтган. Абул-Баракот Насафий, илм олиш мақсадида кўплаб шаҳарларни кезади ва шуҳрат қозонади. Таҳминан милодий 1280 йилларда у Кирмон шаҳридаги мадрасада мударрислик қилган. Сўнг, ўша даврда йирик илм марказларидан ҳисобланган Бағдодга бориб, илмий мажлислар ташкил қилган ва талабаларга таълим берган.

Абул-Баракот Насафий ҳақида олимлар томонидан кўплаб илиқ фикрлар билдирилган. Жумладан, Абдулҳай Лакнавий олим ҳақида шундай дейди: “У замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усулул-фиқҳ олимларининг пешвоси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган”. Ибн Ҳажар Асқалоний эса уни “алломаи дунё” деб таърифлаган бўлса, Ибн Камол Бошо “Кучли билан заифни ажрата оладиган, асарларида такрор ва кучсиз сўзлар келтирмайдиган муқаллид, фақиҳ олимлар жамоасидандир. У билан ижтиҳод даври тугаган. Ундан кейин мазҳабда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид қолмаган” – деган.

Имом Абул-Баракот Насафий 1310 йилда вафот этиб, Бакиристоннинг Ийжаз шаҳрида дафн этилган.

Абул-Баракот Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та асари бўлиб, уларнинг барчаси бизгача етиб келган. Улардан 5 таси фиқҳ, 4 таси калом, 3 таси усулул-фиқҳга ва биттаси тафсирга бағишланган. Ҳозиргача бу асарларнинг 6 таси нашр этилган. Тадқиқотчилар муаллифнинг асарлари фақат диний илмларга оид бўлганини қуйидагича изоҳлайдилар: “Мўғуллар даврида ҳамма соҳа сингари диний соҳада ҳам инқироз кузатилди. Шунинг учун, Насафий сингари олимлар дин илмларини жонлантириш эҳтиёжидан келиб чиқиб, шундай асарлар таълиф этганлар”. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, Насафийнинг илмий мероси ислом илмларининг турли соҳаларига бағишлаб ёзилган. Уларни қуйидагича тавсифлаш мумкин.

Тафсирга оид:

“Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил” (Қуръон моҳияти ва таъвил ҳақиқатлари) Насафийнинг энг машҳур асарларидан ҳисобланади. Аксар тадқиқотчилар муаллиф асарни Байзовий ва Замахшарийнинг тафсирларидан қисқартириб олган, деб таъкидлайдилар. Лекин, муаллиф “Кашшоф”даги мўътазила эътиқодига мувофиқ масалаларни чиқариб ташлаб, уни аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига мос равишда ёзган. Тафсир “Кашшоф”дагидек савол-жавоб услубида ёзилган. Асардаги ёлғон ва заиф ривоятларга Насафий ўз эътирозларини билдирмаган. Китобнинг босма нусхалари Ҳиндистон, Миср, Туркиядаги кутубхоналарида мавжуд. ЎзР ФА Шарқшунослик инситути қўлёзмалар фондида ушбу мўътабар тафсирнинг ўнлаб нусхалари сақланади. Ҳинд олимларидан Муҳаммад Абдулҳақ асарга ҳошия ёзган ва у 4 жилдда нашр этилган. Мазкур асар раъйга оид тафсир ҳисобланиб, унда луғат имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Қуръон сўзларини очиб беришга ҳаракат қилинган.

Фиқҳга оид:

Аксар муаллифлар ва халқ орасида “Канз” деб танилган, Насафийнинг “Канзуд-дақоиқ” (Нозик масалалар хазинаси) асари ҳам илм аҳллари орасида шуҳрат қозонган. Асар фуруъ масалаларига бағишланган бўлиб, унда Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари, Имом Молик, Имом Шофеъий сингари мужтаҳидларнинг қарашлари келтирилган. Эътиборли жиҳати шундаки, асарда машҳур мужтаҳидлар ҳақида гап кетганда, уларнинг исмлари бош ҳарфлари берилган, холос. Масалан, Абу Ҳанифа “ح” (ҳа), Абу Юсуф “س” (син), Имом Муҳаммад “م” (мим) ҳарфлар билан берилган. “Канзуд-дақоиқ” олимлар наздида, “Мухтасарул-қудурий”дан кейинги, иккинчи мўътабар китоб ҳисобланади. У Абдуллоҳ ибн Абдураҳим томонидан урду тилига, Муҳаммад ибн Жаммод томонидан эса, форс тилига таржима қилинган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Британия (30та), Покистон (1та) кутубхоналарида сақланмоқда. Шунингдек, ЎзР ФА Шарқшунослик инситутида 7 та қўлёзма нусхалари мавжуд.

“Ал-Кафи” (Кифоя қилувчи) – фиқҳ илмига оид бўлиб, унда ибодат, муомалот каби турли масалалар батафсил шарҳланган. Насафий ушбу асарни Кирмонда мударрислик қилган даврида ёзган, дейиш ҳақиқатга яқинроқ. Чунки муаллиф талабаларга “Ал-Вафи”ни тушунишни осонлаштириш мақсадида тасниф қилган. Асар 331 саҳифадан иборат бўлиб, ЎзР ФА Шаршунослик инситути қўлёзмалар фондида 3113/II рақами билан сақланмоқда.

“Ал-Мустасфо” (Танланган) фиқҳга оид асар бўлиб, муаллиф унда мужтаҳид олимларнинг муайян масалалар бўйича фикрларини бериб ўтган. Асар Муҳаммад ибн Юсуф Самарқандийнинг “ал-Фиқҳун-нафиъ” китобига ёзилган шарҳ ҳисобланади. Китобнинг ҳажми 209 саҳифадан иборат бўлиб, ЎзР ФА Шарқшунослик инситути қўлёзмалар фондида 3215 рақами билан сақланмоқда.

Ақидага оид:

Олимнинг ақидага оид “Умдатул-ақоид” (Ақоид асослари) асари мухтасар ҳолда ёзилган бўлиб, калом илмига оид муҳим масалаларни ўз ичига олган. Эътиборли жиҳати шундаки, муаллифнинг ўзи шарҳ ёзган. Бундан ташқари, Аҳмад ибн Аваз, Муҳаммад ибн Юсуф, Абу Тоир каби олимлар ҳам мазкур китобга шарҳ битганлар. Умдатул-ақоиднинг асл матни чоп этилмаган. Насафийнинг ақида илмига оид Баҳрул-калом, Ал-эътимод фил-эътиқод, Умдат ақидат аҳлис-сунна вал-жамоа каби асарлари ҳам мавжуд.

Усулул-фиқҳга оид:

Насафийнинг “Ал-Манор” (Маёқ) номли асари усул ул-фиқҳ ва унинг қонун қоидалари ҳақида бўлиб, унда Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёс асосида ҳукм олиш услублар баён этилган. Олим ўз китобини Паздавий ва Сарахсийнинг усул асарлари асосида тасниф этган. Асарнинг қўлёзма нусхалари Деҳли, Истамбул ҳамда ЎзР ФА Шарқшунослик қўлёзмалар инситутида сақланмоқда. Шунингдек, муаллифнинг усул ул-фиқҳга оид Кашфул-асрор, “Доиратул-вусул ила илмил-усул номли асарлари ҳам мавжуд.

Абул-Баракот Насафий ўз даврида дин илмларини қайтадан жонлантиришга ҳаракат қилди. Унинг асарлари нафақат ўша даврга оид масалалар, балки, бугунги кундаги ўта долзарб муаммоларга ҳам калит бўла олади.

Нуруллохон Мукарамхонов,
Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази
кичик илмий ходими

Маълумот islamcenter.uz сайтидан олинди

Read 106 times
Share this article

  2018 yil Tadbirkorlik, innovatsiyalar va texnologiyalar yili

 

 

 

 

 

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top