SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Ислом – илм дини. Зеро, исломий ибодат ва таълимотларини бажариш учун махсус илмларни ўрганиш талаб этилади. Масалан, Аллоҳ таоло фарзларни адо қилишга буюрган, лекин бу фарзларни илмсиз ҳолда бажаришнинг имкони йўқ. Ёки гуноҳлардан тийилишни олиб кўрайлик, бунда ҳам ҳалол ва ҳаромни ажратиш учун илм керак бўлади. Шунингдек, Аллоҳ берган неъматларнинг шукрини адо қилиш, инсонларга манфаат етказиш, балоларга сабр қилиш, шайтон ва ҳавои нафсга қарши курашиш учун ҳам илм даркор. Илмнинг улуғлик ва комиллик белгиси ва жоҳиллик энг катта айб эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун, олим кишига “Эй жоҳил”, деб мурожаат қилинса, олим бундан озор чекади ёки аксинча жоҳил кимсага “Сен олимсан”, дейилса, жоҳил бу гапни эшитиб ҳурсанд бўлиб кетади. Азалдан инсонлар илм ўрганш, касб-ҳунар эгаллаш ва бошқаларга ҳам ўргатишга катта эътибор қаратиб келишган,  илм эгалари ҳамиша ҳурмат ва эҳтиромга муносиб шахс сифатида қадрлаб келинган.

Тарихга назар ташлар эканмиз, биздан олдинги умматларга нозил бўлган илоҳий китобларда ҳам илмнинг фазилати ҳақида оятлар борлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Тавротда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай деган: “Ҳикмат (илм)ни улуғла. Чунки Мен ҳикматни мағфират қилишни ҳолаган бандамнинг қалбигагина соламан. Шу боис ҳикматни ўрган, унга амал қил ва уни бошқаларга ўргат. Шунда Менинг дунё ва охиратдаги марҳаматимга эришасан”.

 Забурда эса, қуйидаги сўзларни учратиш мумкин: “Эй Довуд, Бану Исроилнинг руҳонийлари ва бошлиқларига айт, инсонларнинг тақводорлари билан суҳбатлашсинлар. Агар тақводорларини топмасалар, олимлари билан ҳамсуҳбат бўлсинлар. Агар олимларини ҳам топа олмасалар, оқилллари билан суҳбат қурсинлар. Чунки тақво, илм ва ақл уч мартабадир. Мен буларнинг бирига эга бўлган халқни асло ҳалок қилмайман”. Тақво илмсиз бўлмайди, шу боис Забурда илмдан аввал тақво зикр қилинган, илм эса тақвосиз ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирда ҳам илмга эътибор бермай, фақат тақво ва зуҳд йўлига ўтиб олган айрим кимсалар учраб туради. Бу жуда катта ва хатарли хато. Чунки бу ҳол халқ орасида турли ассосиз бидъату хурофотларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам олимларимиз фақат бир турли илм билан чекланиб қолмасликка, балки ҳаётда керак бўладиган бир нечта илмларни ўрганишга тарғиб қилганлар. Жумладан, Имом Зода ал-Бухорий роҳматуллоҳ алайҳ шундай деган: “Ким фақат калом илмининг ўзи билан шуғилланса, диндан чиқади, ким фақат зуҳд, тақво ва тасаввуф илмини ўрганиш билан чекланиб қолса, бидъатчига айланиб қолади, ким фақат фиқҳ илми билан кифояланишга одат қилса, фосиққа айланиб қолиши аниқ. Ким мазкур илмларнинг ҳаммасини ҳаётида керак бўладиган даражада ўрганса, зиндиқлик, бидъат ва фосиқликдан омонда бўлади”. Фақат зоҳирий илмлар билан шуғилланиб, ботиний илмларга бепарво бўлиш қалбнинг қорайишига олиб келади. Натижада жамиятнинг маънавий салоҳияти шикастланади ва таназзулга юз тутади. Бу ҳолатни ҳозирги кундаги Европа ва бошқа Ғарб мамлакатларининг ҳолатида ҳам кузатиш мумкин. Улар илм-фан ва техникада қанчалик юксакликка кўтарилгани сари маънавияти шунчалик пастлаб бормоқда. Мусулмон мамлакатларда эса бунинг аксини кузатиш мумкин. Аксарият мусулмонлар ибодат, тақво ва диний таълимга катта эътибор қаратиб, дунёвий илмларни эгаллашда бошқа дин вакилларидан ортда қолмоқдалар. Ислом дини таълимотига кўра, илм деганда диний ва дунёвий илмлар бирдек тушунилади. Исломнинг аввалида диний ва дунёвий илмлар тушунчаси бўлмаган. Мутақаддим уламолар диний илмларни пухта эгаллаган олимларни “зоҳид”, “имом”, “муфтий” каби сифатлар билан ифодалашган бўлса,  дунёвий  илмларда моҳир бўлган олимларни “фақиҳ” ибораси билан аташган. Чунки фиқҳ фанида нафақат ибодатлар, балки инсонлар орасидаги муомалотлар, яъни олди-сотди, ижара, никоҳ, жиноят, халқаро ҳуқуқ каби ҳозирда энг ривожланган илм соҳалари ҳам батафсил баён қилинган. Ҳозирда биз дунёвий илмлар деб атайдиган соҳаларнинг деярли барчаси фиқҳ фани асосида вужудга келган. Атама ва тартиб-қоидалар ўзгарган бўлса-да, лекин уларнинг асоси фиқҳ фанига бориб тақалади. Шу боис Шарқда уйғониш даври Ғарбга нисбатан эрта бошланган. Алгебра, медицина, астраномия, физика каби ҳозирда энг ривожланган илм соҳаларига асос солган ота-боболаримиз тақво билан илмни бир маромда олиб борганликлари учун Қиёматга қадар номлари тиллардан тушмайдиган ифтихор рамзларига айланганлар. Афсуски, бугунги мусулмонларнинг аксарияти мазкур икки фазилатни бир-биридан айриб қўймоқдалар. Натижада мусулмонлар жамияти бир қаноти синган хаста қуш сингари баланд парвоз қилишга қийналмоқда. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло жамиятнинг бу касаллигини даволаш мақсадида Забурда аввал тақво, сўнг илмни зикр қилган. Забурда келган учинчи улуғ фазилат – бу ақл. Ақл илмдан кейинги мартабани эгаллайди. Чунки олим бўлиш учун аввал оқил бўлмоқ лозим. Оқил эса илмсиз бўлиши ҳам мумкин. Демак, ақл уруғ бўлса, илм ундан униб чиққан дарахт, тақво эса шу дарахтнинг мевасидир.

Инжилнинг ўн еттинчи сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: “Илмни эшитиб, уни талаб қилмаган инсонга вайл (Жаҳаннамдаги водий) бўлсин! Бундай кимсалар жоҳиллар билан бирга Жаҳаннамга йўл оладилар. Илм талаб қилинглар ва ўрганинглар! Чунки илм сизга бахт келтирмаган тақдирда ҳам, сизни бахтсиз қилиб қўймайди. Агар сизни баланд мартабага кўтармаса-да, пастга улоқтирмайди, сизни бой қилиб қўймаган бўлса-да, камбағал қилиб қўймайди, сизга фойда бермаган бўлса-да, зарар бермайди. “Илм ўрганиб, унга амал қила олмасликдан қўрқамиз”, деманглар, балки “Амал қилишга ҳаракат қиламиз, умид қиламиз”, денглар.

Гувоҳи бўлганимиздек, азалдан ўзгармай анъана бўлиб келаётган Ислом суннатларидан бири бу илм талаб қилишдир. Бу ақида Ислом дини кириб келганида ҳам ўзгармай ўз ҳолича қолди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръоннинг илк оятидаёқ “Ибодат қил!” ёки “Жиҳод қил!” деган буйруқ бермади, балки “Ўқи!” деган амрни нозил қилди. “Алақ” сурасидаги оятларни яхшилаб тафаккур қилсак, улардаги яширин ҳикматни янада чуқурроқ англаб етамиз: “Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни қуюқ қондан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамли Зотдир. У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга билмаган нарсасини ўргатди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар). Суранинг аввалида инсоннинг қуюқ қондан яралгани зикр қилинмоқда. Бу қон дунёдаги энг кўримсиз ва энг жирканч нарсадир. Мазкур оятларнинг охирида эса инсонга илм ўргатилгани, яъни олимга айлангани зикр қилинмоқда. Илм эса, мартабаларнинг энг улуғидир. Кўримсиз ва жирканч нарсадан энг улуғ даражага кўтарилишига нима сабаб бўлмоқда? Шубҳасиз, илм!

Бундан ташқари Қуръонда илмнинг фазилати ҳақида кўплаб оятлар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У Одамга барча нарсаларнинг номларини ўргатди ...(Бақара сураси, 31-оят) Агар илмдан бошқа фазилатлироқ нарса бўлганида, ўша нарсани ўргатган бўларди. Фаришталар Одам алайҳиссаломга илми туфайли ҳурмат маъносида сажда қилдилар. Аллоҳ таоло Қуръонда етти нафар инсонга етти нарсани ўргатганини айтади: Одам алайҳиссаломга барча нарсаларнинг номларини, Ҳизр алайҳиссаломга фаросатлиликни, Юсуф алайҳиссаломга тушлар таъбирини, Довуд алайҳиссаломга зирҳ ясашни, Сулаймон алайҳиссаломга қушлар тилини, Исо алайҳиссаломга Таврот ва Инжил илмларини ва Муҳаммад алайҳиссаломга шариат, ҳикмат, Қуръон, тавҳид ва билмаган нарсаларини ўргатди. Одам алайҳиссаломнинг илми фаришталарнинг саждасига сабаб бўлди, Ҳизир алайҳиссаломнинг илми Мусо алайҳиссалом ва Юшаъ алайҳиссалом каби шогирдлар топишига сабаб бўлди, Юсуф алайҳиссаломнинг илми оиласини ва юртини топишига сабаб бўлди, Довуд алайҳиссаломнинг илми бошқарув ва баланд даражага эришишига сабаб бўлди, Сулаймон алайҳиссаломнинг илми Билқисни топиш ва ғалаба қозонишга сабаб бўлди, Исо алайҳиссаломнинг илми онаси шаънига тўқилган туҳматни олиб ташлашга сабаб бўлди ва ниҳоят Муҳаммад алайҳиссаломнинг илмлари шафоат ҳуқуқини қўлга киритишларига сабаб бўлди. Бу гапларни яхшилаб тафаккур қилмоқ лозим. Оддий нарсаларнинг номини билган инсон фаришталарнинг салом саждасига лойиқ бўлганида Аллоҳнинг зоти, исми ва сифатларини билган инсон нега фаришталарнинг саломига лойиқ бўлмасин?! Ҳизр алайҳиссалом фаросат илми билан Мусо алайҳиссаломни топди. Эй уммати муҳаммадия, тавҳид ва ҳадис илми билан Муҳаммад алайҳиссаломнинг суҳбатини топишга лойиқ эмасмизми?! Юсуф алайҳиссалом тушлар таъвилини билгани боис зиндондан қутулиб қолдилар. Биз Қуръонни ўрганиб, шаҳват зиндонидан қутилишимиз керакмасми?!

Яна бошқа бир оятда қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: “Албатта, Аллоҳдан фақат олим бандаларгина қўрқадилар ...” (Фотир сураси, 28-оят) Айрим муфасирлар мазкур оятни “Албатта, Аллоҳ фақат олим бандаларидангина қўрқади”, деб ҳам ўқишган. Яъни, бунинг тафсири шундай бўладики, агар Аллоҳ бирор нарсадан қўрқиши керак бўлганида олим бандаларидан қўрққан бўларди. Чунки олимлар жоиз ва ножоиз, ҳалол ва ҳаромни бир-биридан ажрата оладиган кимсалардир. Жоҳиллар эса бундай неъматдан бебаҳрадирлар. Илмнинг нақадар улуғ фазилат эканига шу оят тафсирининг ўзи етарли эмасми?!

Аллоҳ таоло яна бошқа оятда шундай деган: “... Роббим, илмимни зиёда қил”, деб айтинг!” (Тоҳа сураси, 114-оят) Аллоҳ таоло илмдан бошқа ҳеч нарсани зиёда қилишни сўраб дуо қилишга буюрмаган. Зеро, илм битмас хазина бўлиб, ундан фойдаланган сари ортиб боради, илм ўз эгасини қўриқлайди, илмни кўтариб юриш учун жисмоний куч ҳам керак эмас. Илм ҳаттоки уйқудаги одамга ҳам фойда келтиради. Шу боис Аллоҳ илм излашдан тўхтамасликка, илмни мунтазам равишда такомиллаштириб боришга буюрган. Расулуллоҳ алайҳиссалом илмнинг нақадар манфаатли эканини шундай изоҳлаганлар: “Бир оз тафаккур қилиш олтмиш йиллик ибодатдан яхшироқдир”. Тафаккурдан мурод илм орқали Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини англаш ирода қилинган. Бу ҳадисни икки хил маънода тушуниш мумкин. Биринчиси шуки, тафаккур Аллоҳга, ибодат эса, Аллоҳнинг савобига олиб боради. Аллоҳга олиб борадиган нарса Аллоҳдан бошқасига олиб борадиган нарсадан яхшироқдир. Иккинчи маъноси шуки, тафаккур қалбнинг иши, ибодат эса, аъзоларнинг амали. Қалбнинг амали аъзолар билан қилинган амалдан кўра яхшироқдир.

Булар Қуръонда келган илм фазилатларининг қисқача баёни. Шунингдек, ҳадиси шарифларда ҳам илм фазилати борасида жуда кўп ривоятлар етиб келган. Илм ва унинг фазилати хусусидаги маълумотларни узуоқ давом эттириш мумкин. Лекин бу мақолада энг асосийларига урғу беришга ҳаракат қилинди.

А.Маллабоев,

Манбалар хазинаси ходими

Read 50 times
Share this article

yil

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top