SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Қуръони карим таълимотига мувофиқ инсон Аллоҳ таолога ибодат қилиши учун яратилган.  “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” Зориёт сураси 56-оят. Оятдан маълумки, ибодат инсоннинг вужудга келишига сабаб бўлгани учун бу масалага жиддий эътибор қаратиш керак.

Бугунги кунда ибодат бир мунча торроқ доира ичидаги  тушунчага айланиб қолмоқда, кўпчилик мусулмонлар ибодатни – намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларидангина иборат деб тушунадиган бўлиб қолишган. Бу амалларнинг ибодат эканлигига шубҳа йўқ, аммо бу амалларнинг ўзидан кейин тақозо этадиган бошқа бир неча амаллар билангина мукаммал бўлиши унутилмоқда.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: “...Эй оламлар Илоҳи ўқиган намозимиз билан юзимизга урмагин”  деб дуо қилганлар. Шунингдек бу каби хавотирли маълумотлар рўза, закот ва ҳаж амаллари ҳақида ҳам мавжуд: “Баъзи рўзадорлар борки, уларнинг тутган рўзаларидан  очлик ва чанқоқликдан бошқа ҳеч нарса йўқдир”,  демак бу каби ибодатлар соҳибига нажот ёки фалокат келтирадиган бошқа омилларга боғлиқ экани айни ҳақиқатдир.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ислом беш нарса устига барпо қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, байтуллоҳни ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш устига қурилган” (Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифнинг жумлаларига эътибор қаратилса, хозирги кунда ислом деб қаралаётган намоз, рўза, закот, ҳаж амаллари ислом дейилмаяпти балки исломнинг асоси, пойдевори дейилмоқда, ислом мазкур ибодатлар устига қурилган деб тушунирилмоқда. Бу амалларнинг устига қуриладиган ислом нима? Демак ислом комил бўлишлиги учун нафақат юқорида зикр қилинган амаллар,  балки уни комил қилувчи қўшимча амалларни ҳам ўз ичига олар эканда.

Комил ибодат тушунчаси муътабар уламолар наздида иккига - шаръий ва таъомулий (ижтимоий ҳаётдаги xатти-ҳаракатлар)  қисмларига бўлинади. Юқорида санаб ўтилган ибодатлар, яъни исломнинг беш аркони шаръий ибодатлар туркумига киради. Уламолар бу икки қисм ибодатнинг баёнида, бир-бирига чанбарчас боғлиқ ва бири иккинчисисиз комил бўлмайди, деб таъриф берганлар. Таъбир жоиз бўлса, пойдевор ва бино бири иккинчисисиз комил бўлмаганидек, бу икки қисм ибодат ҳам бир-бирисиз комил бўлмайди. Бу масалада ислом манбаларини синчиклаб қаралса, жуда кўплаб далилларни учратиш мумкин.

Жумладан, Жаъфар ибн Аби Толиб Эфиёпия подишоҳи Нажоший ҳузурига кирганда ундан ислом дини қандай дин эканлигини сўрайди. Подишоҳ олдида Жаъфар Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган тарифини сўзлаб беради. Жаъфар ибн Аби Толиб: “Эй подишоҳ! Бизга, Аллоҳ таоло то ўз ичимиздан, омонатдорлигини, тўғрисўзлигини, иффатли ва наслу насаби маълум ва машҳур эканини биладиган бир кишини пайғамбар қилиб юборгунича жоҳилият ҳолатида яшайдиган, буту санамларга ибодат қиладиган, ҳаром-хариш нарсаларни ҳам истеъмол қилаверадиган, фаҳш ва бузуқ ишлардан тортинмайдиган, қариндошчилик ва қўшничилик алоқаларини боғламайдиган,  бир қавм эдик, Пайғамбар бизни  Аллоҳ таолонинг ўзигагина ибодат қилишимизга, сўзлаганда тўғри сўзлашга, омонатларга ҳиёнат қилмасликка, ваъдага вафодорликка, сийлаи раҳмни боғлашликка ҳамда қўшниларга яхшилик қилишлик каби чиройли хулқлар билан хулқланишга буюрдилар, шунингдек, ҳаром қилинган нарсалардан ва ноҳақ қон тўкишдан  қайтардилар” деди. Мазкур ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, исломнинг таърифи учун саналган - тўғри сўзлилик, омонатдорлик, вафодорлик, қўни-қўшничилик, қариндош-уруғчилик ришталарини боғлаш каби ишлар одамларнинг ижтимоий ҳаётидаги соғлом муҳитни вужудга келишга асосий омиллардир.

Бу каби далилларга асосланиб уламолар ислом чиройли ахлоқлар мажмуасидир, деганлар. Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-адаб ал-муфрад” китоблари яхлитлигича фикримиз далилидир. Уламолар: “Имон – бу яхши хулқдир, кимнинг яхши хулқи зиёда бўлса, имони (нинг нури) зиёда бўлибди” деганлар. Шу ўринда яхши хулқ тушунчасига ҳам батафсилроқ баён лозим. Яхши  хулқли  деганда кишининг бошқа бир одам билан бўладиган муомаласида ширин сўзли, одобли, ўзини камтарона тутиш, ўзгаларга ҳурмат, юриш туриши ва кийиниши масалаларида ахлоқ-одоб нормаларига амал қилиш тушунилади. Бу тушунча тўппа-тўғри, аммо ҳаммаси эмас. Уламоларимиз яхши хулқ тушунчасига қўшимча равишда: ростгўйлик, омонатдорлик, ҳар соҳада содиқлик, вафодорлик, кечиручанлик каби яна бир қанча маънавий сифатларни ҳам санаб ўтганлар.   

Таъомулий ибодатлар одамлар ўртасида бир-бирлари билан бўладиган ўзаро муомолаларда ўз аксини топган ва шаръий ибодатлар устига барпо қилингандир. Ота-оналарнинг фарзандларига, фарзандларнинг ота-оналарига, қайнона-қайноталарнинг келин-куёвларига, келин-куёвларнинг қайнона-қайноталарига, шунингдек,  қўни-қўшни, қариндош-уруғларни ўзаро бир-бирларига, ишчилар раҳбарларига, раҳбарлар ишчиларига бўладиган муомалаларини, шунингдек ҳар-бир соҳа вакилларининг ўз соҳаларида қўйилган омонатларга вафо қилишларини  ислом дини ибодат даражасига кўтарганини билишлари ва амал қилишлари буюк жамият барпо бўлиши омилларидандир.   

 Бугун, таъомулий ибодатлар борасида батафсилроқ тўхталиш, унинг ҳусусиятларини, асл моҳиятини очиб бериш ҳамда амалий ҳаётга тадбиқ этиш жуда долзарб масаладир. Зеро ота боболаримиз бу борада бутун дунёга устоз бўлганлар. Олтмиш ёшли бир мўйсафид инсон ўзининг саксондан ошган отасини олдида ҳали ҳам фарзинд эканлигини унутмай, ўзини мустақил ҳисобламайди, бу тарбия ўтмишда ота-боболаримиз таъомулий ибодатларни яхши билиб, уларга амал қилганларининг самарасидир.

Юқорида санаб ўтилган таъомулий ибодатларнинг қай бирини олиб қарамайлик, комил инсон сифатларидан бири эканига гувоҳ бўламиз. Масалан омонатдорлик сифати билан хулқланишни олиб кўрайлик. Бу сафатнинг ҳам Аллоҳ таолонинг ва бандаларининг ҳаққига тегишли қисмлари бор. Қуронии каримда омонат ҳақида:

“Албатта, Биз бу омонатларни (яъни шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик(адо этишни таклиф қилдик), улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса, уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди)”(Аҳзоб сураси 72-оят.)

Уламоларнинг такидлашларича, шаръий ибодатлар васила (мақсадга олиб борувчи йўл), таомулий ибодатлар эса, мақсаддир.

Мазкур оятдаги омонат шаръий ибодатлар бўлиб, мақсадга олиб борувчи василадир, мақсад эса, инсонларнинг  ўзаро ўрталаридаги муомалаларида омонатдор, ваъдаларга вафодор бўлиш каби сифатларни вужудга келишидир. Инсон аввал ўзининг устида қандай омонатлар борлигини яхшилаб билиб олиши керак. Ҳар бир омонатдор одамнинг олдида ота-онаси, фарзандлари, қўни-қўшни, қариндош-уруғлари омонатдир, уларнинг ҳақларини адо этиши керак, шунингдек унинг касби-коридаги масъулиятлари, яшаб турган жамиятидаги фуқоролик бурчлари ҳам омонатдир. У қўйилган омонатларга  вафо қилишни Аллоҳ таолога ибодат деб билиш билан бирга, уларга  хиёнат қилишни айни осийлик ҳам деб билиши керак. Бу каби хулқлар кишида қанча кўп жам бўлса, унинг имони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Зеро Пайғамбар алайҳиссалом: “Дарҳақиқат мен гўзал хулқларни камолотига етказиш учун юборилдим” деб бежиз айтмаганлар.

 М.Усмонов,

Манбалар хазинаси мудири

Read 44 times
Share this article

yil

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top