SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Саъдуддин Тафтазоний исломий илмлар ривожида калом илмига ҳам муносиб ҳисса қўшган бўлиб, унинг ақидавий қарашлари асосан икки муҳим китоби – “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия” ҳамда “Шарҳ ал-Мақосид” асарларида ўз аксини топган.

Манбаларда ва замонавий адабиётларда Саъдуддин Тафтазонийнинг ақидаси Абу-л-Ҳасан Ашъарий (259-329/873-941) ёки Абу Мансур Мотуридий (256-332/870-944) ақидавий таълимотига асослангани, шунингдек, фиқҳда унинг мазҳаби шофиий ёки ҳанафий бўлгани борасидаги масалада турли қарашлар илгари суриб келинмоқда. Хусусан, замонавий адабиётларда турлича фикрлар ўртага ташланган. Жумладан, юртимиз олимларидан Ш.Зиёдов уни ашъарий ва мотуридий таълимотларини уйғунлаштирган олим, деб таъкидласа[1], Қ.Маҳмудов “Тафтазоний Имом Мотуридий ақидасига эргашган ва унинг таълимотини кенг ёйишга хизмат қилган. Аллома мотуридия ва ашъария ўртасидаги хилофли масалаларда мотуридий уламолар томонида турар эди”, – деб ёзади[2]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эса, уни ҳанафий ва мотуридий олими, деган фикрни билдирган[3].

Баъзи араб тадқиқотчилари эса, Саъдуддин Тафтазонийни шофиий ва ашъарий, деб зикр қилганлар. Жумладан, тадқиқотчи Рашид Аъразий уни шофиий, деган[4]. Шунингдек, “Мужаз даирот ал-маориф” қомусида Саъдуддин Тафтазоний мотуридий олими бўлиб, у мотуридия ақидасига оид “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”, “Китоб ал-Мақосид” ва “Шарҳ ал-Мақосид” номли асарлар ёзганлиги келтирилган. Шунинг баробарида, олим мазкур асарларида ашъарий ва мотуридий таълимотларини уйғунлаштирганлиги келтирилиб, бунга унинг устози Азудуддин Ийжий шофиий мазҳабида бўлганлиги сабаб қилиб кўрсатилган[5]. Бундай далиллаш жуда заиф бўлиб, у илмий асосга эга эмас. Чунки, Тафтазоний ўнлаб ўз даврининг йирик олимларидан илм ўрганган ҳамда уларнинг аксари ҳанафий мазҳабида эканлиги маълум ҳақиқат. Олимнинг устозлари ҳақида эса, юқорида батафсил тўхталдик. Бу ҳолат асосан замонавий тадқиқотларда кўзга ташланади ва уларда “қиёслаш”ни уйғунлаштиришга далил қилиб кўрасатилган. Бу ҳам ўта заиф фикр ҳисобланади. Чунки, “қиёслаш” уйғунлаштиришга далил бўла олмайди. Шунингдек, олим асарларида муайян ақидавий масала доирасида ашъарийлик, мотуридийлик ва адашган фирқалар фикр ҳамда далилларини келтирилиб шарҳлаган ва қиёслаган. Аммо, олим ўша масалалар хулосасини мотрудийлик таълимоти бўйича берган.

Масаланинг яна бир аҳамиятли томони, негадир, манба ва адабиётларда Саъдуддин Тафтазонийнинг авлодларини ҳам шофиий бўлган, деган фикр устунлик қилади. Жумладан, Хайриддин Зириклий Саъдуддин Тафтазонийнинг чевараларидан Ҳафид Тафтозоний шайхулислом лақаби билан танилган Сайфиддин Аҳмад ибн Яҳё ибн Муҳаммад ибн Саъдуддин Тафтазонийни (ваф. 915/1510 й.) ҳам шофиий фақиҳларидан, деб қайд қилган[6]. Аслида эса, Сайфиддин Аҳмад 30 йиллар чамаси бутун Хуросон ҳудудига шайхулисломлик қилган бўлиб, у узоқ йиллар давомида ҳанафий талабаларига дарс берган, фақат ҳанафийлар фиқҳига оид асарлар битган. Унинг шофиийлик фиқҳига оид бирорта асар ёзгани маълум эмас[7]. Бундан кўриниб турибдики, ҳанафийлик ва мотуридийликка асосланган темурийлар давлатида шайхулислом лавозимида шофиий мазҳаби олими узоқ йиллар фаолият олиб боргани шубҳалидир. Шунингдек, катта салтанат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур ҳам ҳанафий мазҳабида бўлган[8].

Саъдуддин Тафтазонийнинг ақидада қайси таълимот фикрларини қабул қилгани борасидаги масала ҳамон ўз ечимини топган эмас.

Саъдуддин Тафтазонийнинг шофиий ёки ҳанафий экани борасида XV асрдан бери икки хил фикр мавжуд бўлиб келган. Жумладан, Абдулҳай Лакнавий (1263-1303/1847-1886) уни шофиий деб билган қуйидаги олимларни кўрсатган[9]:

  1. Ҳасан Чалабий (840-885/1437-1481) Тафтазонийнинг “ал-Мутаввал” номли шарҳига ҳошия ёзган бўлиб, “Мутааллақот ал-феъл” мавзусида шарҳ эгасини шофиий эканини қайд қилган[10].
  2. Жалолиддин Суютий (848-910/1445-1505) ҳам ўзининг тилшунос олимлар таржимаи ҳолига бағишланган “Буғят ал-вуот” асарида уни шофиий бўлган, деган[11].
  3. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавий (925-990/1519-1582) ҳанафийлар табақотига оид “Аълом ал-ахёр” номли асарида Тафтазонийнинг замондоши Саййид Шариф Журжоний (740-816/1340-1414) ҳақида ёзар экан, Саъдуддин Тафтазоний ҳақида: “Шофиий уламоларининг катталаридан, шу билан бирга ҳанафийлар усули борасида буюк асарлари бор”, – деган[12].
  4. Абдулҳай Лакнавийнинг айтишича, Ҳожи Халифа (1017-1067/1609-1657) ҳам, “Кашф аз-зунун”нинг бир неча ўринларида Тафтазонийни шофиий деган[13]. Лекин, асарнинг нашрлари кўздан кечирилганда, ўттизга яқин ўринда Саъдуддин Тафтазоний номи зикр қилинган бўлса-да, фақат уларнинг бирида унга “шофиий” нисбаси берилган[14].
  5. Аҳмад Адирнавий (Аданавий) (ваф. 1094/1683 й.) “Табақот ал-муфассирин” асарида Тафтазонийни шофиийларнинг катталаридан, деган[15].
  6. Аҳмад ибн Мустафо Тошкўпризода ҳам ўзининг “Мифтаҳ ас-Саода” номли асарида уни шофиий деган.

Шунингдек, Саъдуддин Тафтазонийни ҳанафий деб билган олимлар қуйидагилар:

  1. Жамолуддин Абул-Маҳосин Юсуф ибн Туғро Бурда (813-874/1410-1470) ўзининг иккита асарида ҳам Саъдуддин Тафтазонийни ҳанафий олимлар сифатида зикр қилиб, уни “Фариид асриҳ” (ўз асрининг буюк кишиси) ва “Ваҳиид даҳриҳ” (замонасининг ягонаси) деб таърифлаган. Шунингдек, Жамолуддин Абул-Маҳосин алломанинг энг яқин шогирдларидан бир Фатҳуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шарвоний Румий Ҳанафийдан устоз ҳақида суҳбатлашганлигини айтган[16]. Жамолуддин Абул-Маҳосиннинг аллома яшаган даврга яқинлигини инобатга олсак, бу маълумот қимматли ва кучли ҳисобланади.
  2. Ҳанафийлар фиқҳига оид “Баҳр ар-роиқ” асари муаллифи, таниқли фақиҳ Ибн Нужайм Мисрий (925-970/1519-1563) ўзининг “Фатҳ ал-Ғаффор шарҳ ал-Манор” асари муқаддимасида Саъдуддин Тафтазонийнинг ҳанафий эканлигини ёзиб қолдирган[17].
  3. Али Қорий (ваф. 1013/1605 й.) ўзининг ҳанафийлар табақотига оид “ал-Асмор ал-жаниййа” асарида Саъдуддин Тафтазонийни ҳанафий олимлар қаторида зикр қилган[18].
  4. Аҳмад Таҳтовий (ваф. 1231/1816 й.) “ад-Дурр ал-мухтор”га битган ҳошия-шарҳи охирида юқорида зикр қилинган “Фатҳ ал-Ғаффор”даги хабарга асосланиб, Тафтазонийнинг ҳанафий эканлиги, у ўз даврининг ҳанафийлар “бош”и ва ҳанафийларнинг қозиси бўлганини қайд қилиб ўтган[19].
  5. Исмоил Пошо Бағдодий (ваф. 1339/1920 й.) “Ҳадият ал-орифин” ва “Изоҳ ал-макнун” номли асарларида Саъдуддин Тафтазонийни ҳанафий мазҳаби олими эканлигини келтириб, уни “ал-Алломат ал-фақиҳ ал-адиб ал-ҳанафий”, деб таърифлаган[20].

Бу ўринда Саъдуддин Тафтазонийнинг ўз асарларига мурожаат қилган ҳолда, унинг мотуридий ёки ашъарий эканини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз. Бахтимизга, унинг каломга оид асарлари бизгача етиб келган, уларнинг қўлёзма нусхалари ва тошбосма ҳамда замонавий нашрлари мавжуд. Бироқ, алломанинг фиқҳга оид “Фатовойи ҳанафия” ҳамда “Фатовойи шофиия” номли асарлари ҳалигача топилмаган бўлса-да, ўзининг фиқҳда ҳанафий мазҳабга амал қилганлиги “Усул ал-фиқҳ”га оид асарларидан маълум[21].

Ашъарийлар ва мотуридийлар орасида бир қанча фарқлар бўлиб, улар тўғрисида ўрта аср олимларининг ўнлаб асарлари мавжуд. Ихтилофлар сони қирқтача дейилган бўлса-да, уларнинг энг асосийлари сифатида Тожиддин Абдулваҳҳоб Субкий (727-771/1327-1370) томонидан илк бор айтилган ўн учта ихтилоф кўрсатиб келинади. Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилоф ҳақидаги манбалар ва шу ихтилофлар ҳақида Ўзбекистонлик олимлардан т.ф.н. С.Оқилов батафсил тўхталиб ўтган[22].

Ашъарийлар ва мотуридийлар ўртасидаги фарқлардан энг каттаси ва энг муҳими, шубҳасиз, имон шартлари ҳақидаги эътиқодий қарашдир. Ашъарийлар имонни қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор қилиш ва аъзолар билан амал қилиш, десалар, мотуридийлар амални имон шартларига киритмайдилар. Саъдуддин Тафтазоний бу ҳақида сўз юритар экан, имон қалб ва тилнинг иши эканини айтиб, бунга кўпчилик муҳаққиқлар, жумладан, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (79-150/699-767) ҳам қўшилганини билдирган. Амаллар имон шарти эканини, амал тарк қилинса, имондан чиқиб, куфрга киришини хаворижлар фикри, амал тарки билан имондан чиқиб, куфрга кирмай ора йўлда қолишни мўътазилийлар фикри сифатида кўрсатади. Амалларни имон шарти деб олиш нажот ва комиллик асоси, деб билиш Имом Молик (94-178/713-795) ва Имом Шофиий (150-204/767-820) фикрлари эканини қайд қилиб, бир бўлагини инкор қилиш жамини инкор қилиш бўлгани боис, улар фикрича амал имон шарти дейилгани билан амалнинг тарки сабабли мўъмин имондан чиқиб кетмаслигини баён қилади[23]. Саъдуддин Тафтазоний фикрича, амаллар имон ҳақиқатига кирмайди. Бунга далил сифатида Қуръондан “Раъд сураси”нинг 29-ояти ҳамда “Ҳужурот сураси”нинг 10-оятини келтириб шарҳлаган. Аллома имон ибодатнинг шарти экани, бир кимса тасдиқ ва иқрор қилиб, ҳали амал қилишга ургурмасдан бурун вафот қилиб кетса, муъмин ҳолда вафот қилишига ижмои уммат қарор қилганини зикр қилган[24].

Амаллар имоннинг шарти дейилишини Саъдуддин Тафтазоний муътазилийлар қараши сифатида келтириб, уларнинг бу борадаги саккизта фикрига қарши кучли далилларни тақдим қилган. Бу далиллар билан у мотуридийларни ва мотуридийликни ҳимоя қилган[25]. Тафтазоний “Бизнинг фикримизча, гуноҳи кабира қилган муъминдир”, дея мўътазилийларнинг бу борадаги эътиқодий қарашларига раддиялар берган. Аллома бу хилдаги далил ва раддияларида машҳур мотуридий олими Абу-л-Муин ан-Насафийнинг (ваф. 507/1114) “Табсират ал-адилла“ асаридан ҳам фойдаланган.

Ашъарийлар ва мотуридийлар орасидаги ўн учта фарқдан бири муқаллиднинг имони борасидаги ихтилофдир. Ашъарийлар муқаллиднинг имонини саҳиҳ эмас, деган бўлсалар, мотуридийлар уни дуруст, деб билганлар. Саъдуддин Тафтазоний ҳам “Жумҳур муқаллид имонининг дуруст эканини таъкидлаган. Чунки, тасдиқ эътиқоднинг саботига эмас, балки жазмига тўхталади”, деб бу борада уламоларнинг кўпчилиги, фақиҳларнинг ҳаммаси муқаллиднинг имони саҳиҳ, деб билишларини зикр қилган. Уни Абу-л-Ҳасан Ашъарий ва муътазилийлар жоиз санамаслигини ҳам қайд қилган. Уларнинг жоиз санамаганлигининг далилларини ҳам келтириб, уларга бирма-бир жавоб берган[26]. Ўтган саҳобалар, улардан кейинги имомлар, уламолар ва халифалар тақлидий имон соҳибига мусулмонлар ҳукмларини жорий қилиб келганлигини баён қилиб, бу борадаги “Нисо сураси”нинг 94-оятидаги: “Сизга салом йўллаган кимсага “Сен муъмин эмассан!”, деб айтманглар!”, деган калималарни ҳамда Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Кимки бизнинг намозларимизни ўқиса, қибламизга юзланса, сўйган жонлиқларимизни еса, демак, бу мусулмондир. Унинг учун Аллоҳ ва расулининг зиммаси бор. Бас, Аллоҳнинг зиммаси борасида унинг ваъдасига хилоф иш қилманглар”, деган ҳадисларини далил сифатида зикр қилиб ўтади. Бу ҳадисни Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилганлар[27].

Саъдуддин Тафтазоний мотуридийлар фикрини ёқлаган эътиқодий масалалардан яна бири “имонда истисно” деб номланади. Бу муъмин-мусулмон одам ўзининг мусулмонлигига шак-шубҳа билан қараши, яъни “Мен муъминман, инша Аллоҳ” ёки “Худо хоҳласа, мен мусулмонман”, дейиши лозимми ёки “Мен ҳақиқий муъминман”, деб билиши керакми, деган масаладир. Аллома Тафтазоний айтишича, Имом Шофиий ва бир қанча саҳобалар имонга истисно кириши мумкинлигини айтганлар, Абу Ҳанифа ва унинг асҳоблари эса, “Тасдиқлаш маълум иш, унинг ҳақлигида тараддуд қилиш ярамайди. Ким унинг ҳақлиги борасида тараддуд қилса, унинг муъминлиги қатъий бўлмайди. Шунинг учун шак ва тараддудни тарк қилиб, “Мен ҳақиқий муъминман!”, демоғи авлодир” – деган фикрни билдирганлар. Аллома шофиийларнинг ақлий ва нақлий далилларини бирма-бир келтиради, уларга мойиллик ҳам билдиради ва ҳанафийларга ҳамда мотуридийларга қўшилган ҳолда бундай деб ёзади: “Хуллас, муъмин имоннинг собитлигида, ўша ҳолатида ҳақиқатдан борлигига шак қилмаслиги керак. Имонининг борлиги ва барқарорлигига, келажакда ҳам боқийлигига шубҳа қилмаслиги лозим. Лекин, хотимасининг ёмон бўлиши мумкинлигидан қўрқиб туриши, оқибати чиройли бўлишини умид қилиши керак”[28]. Саъдуддин Тафтазоний бу фикрларини “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия”да ҳам давом қилдирган[29].

Имоннинг зиёда ёки кам бўлиши борасидаги эътиқодий масала борасида ҳам Саъдуддин Тафтазоний мотуридийлар фикрини ёқлаб чиққан. Жумладан, у “Мақосид ал-калом” матнида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Китоб ва суннатнинг зоҳирига қараганда имон зиёда ва кам бўлади. Бироқ, жумҳур (кўпчилик) уламолар ундай бўмайди, деб ҳисоблаганлар. Чунки, имон жуда аниқлик чегарасига етиб қолган тасдиқдир, у эса тафовутланмайди. Тафовут эса тоатларга хос бўлади. Демак, бу масаладаги ихтилоф имоннинг таърифига кўра юз берган. Лекин, амални тарк қилиш оқибатида имондан чиқиб кетмаслик дуруст бўлгани билан бу ерда имоннинг комил бўлиши борасида тафовутланиш мумкин, имоннинг аслида тафовут бўлмайди”[30]. Тафтазоний “Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия” асарида Абу Ҳанифанинг Китоб (Қуръон) ва Суннат (ҳадис)даги имоннинг зиёда бўлиши борасидаги ҳадисларга берган жавоби келтирилади. Унга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида имон шартлари ва фарзлари босқичма-босқич, бирин-кетин таклиф қилинган, шунга кўра у даврлардаги одамлар имон шартлари ва фарзларини кетма-кет қабул қилиб олганлар. Шунинг учун уларнинг имонлари вақт ўтиши билан зиёдалашиб борган. Китоб (Қуръон) ва Суннат (ҳадис) ана шу ҳолат борасида хабар берилган. Бу ҳолатни эса Пайғамбар алайҳиссалом даврларидан кейин тасаввур қилиб бўлмайди, чунки, имон шартларининг фарз қилиниши батамом тугаган. Эндиги одамлар уларнинг ҳаммасига бирданига имон келтирадилар[31].

Ашъарийлар билан мотуридийлар ўртасида “маънавий ихтилоф” деб аталган масалаларда ҳам Саъдуддин Тафтазоний мотуридийлар тарафдори бўлганини кўриш мумкин. Жумладан, Аллоҳ таолонинг “таквин”, яъни бўлдириш сифати билан боғлиқ сифатлари – яратиш, ризқ бериш, тирилтириш, ўлдириш кабиларнинг азалийлиги ёки Аллоҳнинг яратган, ризқ берган ёки тирилтирган вақтида пайдо бўлган (“ҳодис”)лиги масаласи. Бу масалада ҳам Тафтазоний мазкур сифатлар Аллоҳ таолонинг зотий ва азалий сифатлари эканлигига тўхталган ва далиллар тақдим қилган[32].

Юқоридагилардан маълум бўладики, Аллома Саъдуддин Тафтазоний аҳли сунна ва жамоадаги иккита йирик йўналиш – ашъарий ва мотуридийликдан мотуридийликни қабул қилган. У каломга оид асарларини Мовароуннаҳрда – Самарқанд ва Хоразмда битганлигини эътиборга олсак, бу табиий ҳол ҳисобланади. Унинг шофиийлар фиқҳига оид асарлар ҳам битганлигини эътиборга олган тақдиримизда ҳам, аввалига шофиий ва ашъарий бўлиб, кейинчалик ҳанафийлик ва мотуридийликни қабул қилган, деб хулоса қилсак бўлади. Чунки, тарихда аввал шофиий ва ашъарий бўлиб, сўнг ҳанафий ва мотуридий бўлган олимлар бўлган. Жумладан, таниқли олим Абу Жаъфар Таҳовий (238-321/853-933) ҳаёти ва илмий фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.

Саъдуддин Тафтазонийнинг каломга оид йирик китоблари “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” ҳамда “Шарҳ ал-Мақосид” асарларида кўтарилган эътиқодий масалаларни кузатар эканмиз, у аксар ҳолларда мотуридийлар фикрларини қўллаб-қувватлайди, унга ўз ҳужжатларини тақдим қилади. Гоҳида ашъарийлик таълимотига мойиллиги сезилса-да, бироқ, хулосада мотуридийликни ёқлаб чиққан ҳолатлар ҳам кузатилади. Мана шу далиллардан келиб чиқиб, буюк аллома Саъдуддин Тафтазонийни ҳанафий ва мотуридий олими дейишимиз асослидир.

Ўктам Полванов,

университет ўқитувчиси

 

[1] Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий ва унинг “Китоб ат-Таъвилот” асари. – Т.: Фан, 2009. – Б. 111.

[2] Маҳмудов Қ. Тафтазоний буюк аллома // Имом Бухорий сабоқлари. – № 2. – Тошкент, 2014. – Б. 53.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. – Т.: Шарқ, 2010. – Б. 16-17; Ўша муаллиф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 90-95. Ўша муаллиф. Самарқанднинг сара уламолари. – Т.: Hilol-nashr, 2014. – Б. 33.

[4] Саййид Шариф ал-Журжоний. Ал-Ҳошияту ъала “ал-Мутаввал” // Муҳаққиқ: Рашид Аъразий. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2007. – Б. 7.

[5] М.Т.Ҳоутсма. Мужаз Доират ал-маъориф ал-исломия. Марказ аш-Шариқот ли ал-ибдаи ал-фикрий, 1992. – Ж. VIII. – Б. 2299.

[6] Хайриддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Б. 270.

[7] Абдулҳай Лакнавий. Ат-Таълиқот ас-сания ъала ал-Фавоид ал-баҳия. – Қозон, 1902. – Б. 163.

[8] Мулло Салоҳиддин ибн Мулло Алоиддин хожи эшон Салоҳиддин Тошкандий. Темурнома / Нашрга таёрловчи, сўзбоши ва луғат муаллифи ф.ф.н. П.Равшанов. – Т.: Чўлпон, 1991. – Б. 269.

[9] Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳия. – Қозон, 1902. – Б. 163-165.

[10] Ҳасан ибн Муҳаммадшоҳ ал-Чалабий. Ҳавоший Шалабий ъала “ал-Мутаввал”. Малик Сауд университети кутубхонаси қўлёзмаси, № 4786. – В. 100б.

[11] Жалолуддин Абдурраҳмон ас-Суютий. Буғят ал-вуот фий табақот ал-луғавиййин ва-н-нуҳот. – Байрут: Дор ал-фикр, 1979. – Ж. II. – Б. 285.

[12] Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавий. Аълом ал-ахёр / Абу Райҳон Беруний номли ШҚМ қўлёзмаси, № 2929. – В. 349б.

[13] Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фавоид ал-баҳия. – Қозон, 1902. – Б. 165.

[14] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор Иҳя ат-турос ал-арабий, .– Ж. I. – Б. 496.

[15] Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Адирнавий. Табақот ал-муфассирин. – Мадина: Мактабат ал-улум, 1997. – Б. 301.

[16] Жамолуддин Абу ал-Маҳосин Юсуф ибн Туғро Бурда. Ал-Манҳал ас-софий. – Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-васоиқ ал-қоамия, 2005. – Ж. XI. – Б. 241-242.; Жамолуддин Абу ал-Маҳосин Юсуф ибн Туғро Бурда. Ад-Далил аш-шофий ала ал-Манҳал ас-софий. – Қоҳира: Мактабат ал-Хонижи, 1955. – Ж. II. – Б. 734.

[17] Ибн Нужайм ал-Мисрий. Фатҳ ал-Ғаффор шарҳ ал-Манор. – Миср, 1936. – Б. 6.

[18] Али ал-қори. Ал-Асмор ал-жаниййа. – Ҳиндистон: Худобахш, 2002. – Б. 254. Бироқ, бу ерда муаллиф янглиш равишда Саъдуддин Тафтазонийнинг отасининг исми билан ўзининг исмини алиштириб берган.

[19]Аҳмад ат-Таҳтовий. Ҳошият ат-Таҳтовий ъала “ад-Дурр ал-мухтор”. 4-жилд. – Булоқ (Миср), 1282. – Б. 414.

[20] Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Ҳадият ал-орифин. – Истамбул: Миллий эғитим басимеви, 1951. – Ж. II. – Б. 429.; Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Изоҳ ал-макнун. – Байрут: Дор иҳё ат-турос ал-арабий, 1947. – Ж. I. – Б. 283.

[21] Қаранг. Саъдуддин Тафтазоний. Талвиҳ фи кашф ҳақоиқ ат-танқиҳ. 2 жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996.; Ўша муаллиф. Шарҳ ал-мухтасар ало китоб мунтаҳо ас-савол вал-амал фи илмай ал-усул вал-жадал. – 3 жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2004.

[22] Оқилов С. Мовароуннаҳрда Мотуридия таълимотининг шаклланиш тарихи. – Т.: Мовароуннаҳр, 2012. – Б. 129-131 ва кейинги бетлар.

[23] Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд / Тақдим: Иброҳим Шамсиддин. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 419-420.

[24] Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Б. 432.

[25] Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Б. 432-437.

[26] Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Б. 452-457.

[27] Қаранг: Имом ал-Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. – Дамашқ: Дор ал-улум ал-инсания, 1993. – Ж. I. – Б. 149.

[28] Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Б. 451.

[29] Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия. (Хаёлий, Сиёлкутий ва Мавлоно Исомиддин шарҳлари билан бир тўпламда). – Миср, 1913. – Б. 455.

[30] Шарҳ ал-Мақосид. 3-жилд. – Б. 446.

[31] Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия. – Б. 445.

[32] Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия. – Б. 124-127.

Read 47 times
Share this article

yil

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top