SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Маълумки, юртимизда асрлар давомида турли миллат ва дин вакилларига бағрикенглик, меҳр-шафқат, ўзаро тотувлик маънавий баркамолликнинг нишонаси сифатида қаралган ва халқимизнинг энг гўзал фазилатлари қаторидан ўрин олган. Бағрикенглик диний ва миллий адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаб, турли дин вакилларининг бир замон ва маконда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик билан ривожланишига йўл очган.

Бугунги кунда ҳам юртимиздаги бағрикенгликнинг буюк тарихий анъаналарга монанд равишда Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги уларнинг миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъий тўлиқ кафолатланган. Турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ва изчил сиёсат амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, мамлакатимиздаги мавжуд конфессия ва миллат вакиллари ўзаро дўстлик ва аҳилликда яшаб, умуммиллий юксалиш йўлида халқимизда миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик ва фидокорлик, комил инсонни шакллантиришда муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Бугун юртимизда 16 та диний конфессияга мансуб 2242 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Тошкент ислом институти, “Мир Араб” Олий мадрасаси, 9 та ислом ўрта махсус таълим муассасаси, 2 та христиан семинарияларида диний соҳадаги етук мутахассислар тайёрланмоқда.

Халқимизда, айниқса ёшларимиз онгида бағрикенглик ғояларини шакллантириш ва мустаҳкамлашда 1999 йилдан буён фаолият юритаётган Тошкент ислом университети муҳим ўрин тутмоқда. Олийгоҳда барча динларнинг асослари, тарихи ва муқаддас манбаларини қиёсий ўрганиш учун барча имкониятлар яратилган. 2017 йили муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “Ислом цивилизациясини ўрганиш АЙСЕСКО” кафедрасининг ташкил этилиши ислом динининг инсонпарвар ва маърифатпарвар таълимотини янада чуқур ўрганиш ва ёшларга тарғиб қилишда хизмат қилмоқда.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Конституция ва қонунларимизда белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатилкда яшамоқдалар. 140 га яқин миллий-маданий марказлар фаолият юритиб, ўз она тиллари, миллат тарихи ва маданиятини ўрганиш, ўсиб келаётган ёшларга ўз миллий қадриятларини тўла етказиш ҳамда миллатларо тотувлик ва бағрикенглик ғояларини сингдириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

ЮНЕСКО ташкилоти дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқотни ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, конвенциялар қабул қилган. Айниқса, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” дунё халқлари ичида тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устиворлигига асосланган тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларини қарор топтириш йўлида муҳим омил бўлди. 1995 йил “Халқаро бағрикенглик” йили деб эълон қилинган.

Шу йилнинг ўзида ЮНЕСКОнинг “Динлараро ва маданиятлараро мулоқот” дастури қабул қилинди. Унинг асосий вазифаси диний урф-одатлар ва ўзига хос маданий кадриятлар, уларнинг дунё маданиятида тутган ўрнини ёритишга хизмат қилишдан иборатдир.

“Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да “Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчи йўлдир” деб таъкидланган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши сифатида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаси қайд этилгани давлатимиз томонидан бағрикенгликни таъминлаш борасида халқаро ҳужжатларда белгиланган вазифаларга берилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Тошкент ислом университетида ҳам 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан анъанавий равишда илмий-амалий конференция ва анжуманлар ўтказиб келинади. Анжуман ишида Германия, Исроил, Италия, Польша, Россия, Тожикистондан ташриф буюрган экспертлар, хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, республикада фаолият кўрсатаётган диний конфессиялар раҳбарлари, маҳаллий олим ва мутахассислар иштирок этиб, бағрикенгликнинг мазмун-моҳияти, айниқса, динлардаги бағрикенглик масаласи, унинг тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликка қаратилган эзгу ғоялари маъруза ва тезислар орқали муҳокамага тортилади. Бу каби маънавий-маърифий учрашув ва анжуманларнинг ўтказилиши замирида, ғоявий ва маънавий таҳдидлар авж олаётган, глобаллашув жараёни чуқурлашиб бораётган ҳозирги замонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим вазифа экани, бунинг учун албатта, конфессиялар, миллат ҳамда элатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни ташкил этиш зарурлиги, айнан ушбу омиллар жамиятнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлашда муҳим ўрин тутиши ҳамда тараққиёт ва фаровонликнинг асосий гарови бўлиб хизмат қилиши ҳисобланади.

 Зеро, бағрикенглик масаласи ҳамиша тинчликсевар Давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил этади. Бинобарин, бағрикенглик таъминланган юртда тинчлик, барқарорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, ишонч, ҳурмат каби эзгу жиҳатлар тўлиқ қарор топади.

Равшан Абдуллаев,

Тошкент ислом университети ректори,

 профессор

Read 255 times
Share this article

yil

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top