SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

“HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// Tashkent Islamic University Motto ///// ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA

“Мозийға қайтиб иш кўрмоқ хайрлик, дейдилар”. Албатта, ўзбек халқининг буюк романнавис адибининг ушбу сўзларида  ҳақиқат ифори бор. Ўзбекистон тарихида ҳам залворли, ифтихор туйғуларини қўзғатадиган саҳифалар билан бир қаторда, ўкинч ва изтироб билан эсга олинадиган кунлар, воқеалар йўқ эмас. Ўлкамизнинг Чор Россияси, ундан сўнг советлар ҳукумати ҳукмронлиги остида қолган давр ана шундай мудҳиш, шу билан бирга, ибрат олишимиз керак бўлган, бизларга истиқлолнинг қадрини ўргатадиган мозий варақларидандир. Мақолада шу ҳақда сўз боради.

1865-1867 йилларда Қўқон хонлигининг бир қисми Россия империяси томонидан босиб олиниб, Туркистон генерал-губернаторлиги таъсис этилди. Маҳаллий аҳолининг босқинчиларга қарши курашлари давом этди, губернаторлик ерларида Империяга қарши қўзғолонлар бўлиб турди. Айниқса, Қўқон хонлиги маркази Фарғона водийсида Чор ҳукумати қўшинларига қарши қуролли ҳаракатлар бўлди. Одатда, исёнлар бошида зиёли ва уламолар турди. Аммо кучлар нотенг бўлиб, маҳаллий қўзғолончилар тиш-тирноғигача қуролланган Чор ҳукумати аскарларига бас кела олмадилар ва 1876 йилда Қўқон хонлиги босиб олинди. Бухоро ва Хоразм хонликлари бундан аввалроқ Россия империясининг қарам давлатларига айлантирилганди[1].

Ўша пайтда Россия империяси ҳудудида яшовчи мусулмон аҳоли учун фатволар чиқарувчи уламолар, масжидлар, мутаваллиёт, умуман, динга тааллуқли барча масалаларда Оренбург ва Таврия диний бошқармаларига итоат этишган[2]. Бироқ бу идораларнинг фатволари, буйруқ ва қарорлари Туркистон ўлкасида жорий этилмаган[3]. Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман (1818-1882) Туркистон ўлкаси мусулмонлари мазкур диний бошқармалардан бирортасига тобе бўлишини истамади; 1880 йили унинг тақдимномаси билан Россия Ички Ишлар вазирлиги Оренбург муфтийсига диний бошқарувда Туркистонга дахл қилмаслик тўғрисида кўрсатма беради.

Чор ҳукуматининг Туркистон генерал-губернаторлигини бошқариш тўғрисидаги 1867 ва 1886 йиллардаги “Низом”ларида генерал-губернаторга аҳолининг эътиқодига тааллуқли масалаларга аралашмаслик буюрилган. Чунки ҳукумат назарида ўша пайтда диний раҳнамоларнинг таъсир кучи пасайган, қўлларида айтарли имконият қолмаган эди[4]. Туркистон генерал-губернатори С. М. Духовской (1838-1901) яна ўлкада диний бошқарма тузиш масаласини кўтарди. У 1898 йили 8 августда Россия Ҳарбий вазирига Туркистонда ҳам Кавказорти ҳудудидаги диний идорага ўхшаш идора тузиш ва унга муфтий эмас, балки шариатдан бохабар, туркий ва форс тилларини яхши биладиган рус назоратчини раҳбар қилиб белгилаш таклифи билан мурожаатнома ёзади. Унинг таклифи рад этилади. Шундан сўнг С. Духовской 1899 йили “Туркистонда ислом” номли ҳисобот тайёрлайди, унда ўзи бошқараётган минтақа ва бошқа ҳудудлардаги мусулмонларга тааллуқли ечимини кутаётган масалаларни бирма-бир санаб кўрсатади[5]. “Қирғизлар[6] орасида ислом тарғиботчилари ва устоз ролини ўйнаётган татарлар, – деб ёзади у, – сартлар (ўзбеклар) орасида бу ишларни бажаришга ҳеч қачон журъат қилолмайдилар, чунки улар (ўзбеклар) ислом илмлари борасида [татарларга нисбатан] анча илғорлаб кетганлар”[7].

1904 йили Россия билан Япония ўртасида бошланган уруш Империядаги ички курашларни тезлаштириб юборди. Бу хусусда Абдулла Авлоний (1878-1934) шундай ёзади: “1905 йилги инқилобий кўтарилишлар беҳуда кетмади. Подшо ҳукумати ён беришга мажбур бўлди. 17 октябрь Манифести эълон қилинди. Шахснинг дахлсизлиги, виждон, сўз, йиғилишлар эркинлиги таъминланиши ҳақида ваъда берилди”[8]. 12 декабрда ва 1905 йилнинг 17 апрелида эълон қилинган Манифест мусулмонларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай чекловни тақиқлади. 1905 йилга келиб, қабул қилинган янги Қонунда[9] Туркистон ўлкасида диний бошқарма тузиш масаласи ҳам кўтарилади. Унда Оқмула, Семипалатинск, Урал ва Тўрғай ўлкаларидаги қирғизларнинг диний бошқармаси ва Шимолий Кавказ, Ставрополь губернияси, Туркистон ва Каспийорти вилоятларидаги мусулмонлар диний бошқармасини тузиш катта аҳамиятга эга, дейилади. Бунга сабаб қилиб қуйидагилар кўрсатилди: “Ҳозиргача бу мусулмонларнинг ишлари ҳукумат томонидан тўғри назорат қилинмаяпти. Қўмита мазкур ҳудудлардаги мусулмонлар жамоаларининг ишларини уюшган, деб баҳоламайди. Баъзи диний жамоалар бевосита маъмурий ҳукумат таркибида, баъзилари эса мустақил ва умуман назоратсиз ҳолда. Шу сабабли уларнинг диний фаолиятини тартибга солиш масаласи тўла қонунийдир. Қўмита бу ишни иккита йўл билан бажаришни кўзлайди: уларни мавжуд диний бошқармалар таркибига қўшиб юбориш ёки жойларда диний ишларни бошқарувчи янги марказларни ташкил этиш. Қўмита иккинчи йўлни маъқуллайди, чунки мустақил ташкилотлар аҳоли учун яқинроқ ва мақбулроқдир. Мазкур ҳудудлардаги мусулмон аҳоли учун Таврия диний бошқармасини тузишда танланган тамойиллар асос қилиб олинган диний муассаса ташкил этиш яхшироқдир”.

Мазкур Қонуннинг бўлимларида масжидлар қуриш, диний арбобларни сайлаш тартибини жорий этиш, диний мансабдаги шахсларни мажбурий ҳарбий хизматдан озод этиш, мусулмон мактаб ва мадрасаларини очиш тўғрисида ҳам сўз боради. Бу Қонун ўлка мусулмонларининг сиёсий ҳаётида сезиларли ўзгаришлар ясади. Нижний Новгородда 1905 йил 16 июнда I Бутунроссия мусулмонлари съезди, 1906 йилнинг январь ва август ойларида II ва III Бутунроссия мусулмонлари съездлари бўлиб ўтди[10]. Бу съездларда Туркистон ўлкасидан ҳам вакиллар қатнашди[11]. Съездлар мусулмонларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини таниш ва бошқа дин вакиллари билан тенг ҳуқуқли эканликларини намоён этиш йўлида ишонч берди. Нижегород ярмаркасида бўлиб ўтган I съездда Россия мусулмонлари иттифоқи тузилди.

1906 йили 31 март ва 1 апрель кунлари бўлиб ўтган Еттисув мусулмонлари йиғилишида Туркистон диний бошқармасини тузиш масаласи резолюция билан Вазирлар Кенгаши раисига тақдим қилинади. Ҳужжатга кўра диний кенгаш таркибига ўлкадаги мусулмон халқларнинг ҳар биридан вакил қатнашиши ва улар халқ тарафидан сайланиши кераклиги алоҳида белгиланади[12]. Ўша даврдаги сиёсий вазият тақазосига кўра, ҳукумат Думасига Империя ҳудудида яшайдиган барча халқлар ва дин вакилларидан депутат сайлаш жорий қилинади. Мусулмонлардан жами 79 киши: 25 киши биринчи чақириқ, 37 киши иккинчи чақириқ ва 10 киши учинчи ва тўртинчи чақириқ депутати бўлишди.

1917 йилда Россияда кетма-кет содир бўлган сиёсий воқеалар: октябрь ойи охирида Петроградда рўй берган яна бир инқилобий тўнтариш ва Муваққат ўрнатилганлигини эълон қилади. Ўша куни Советлар Термиз ва Каттақўрғонда, 25 ноябрда Янги Бухоро ва Когонда, 28 ноябрда ҳукуматнинг ағдарилиши Туркистондаги сиёсий жараёнларга ҳам таъсирини ўтказди. 1917 йил 1 ноябрда Коммунистик партиянинг Тошкент совети Туркистонда Совет ҳокимияти Самарқандда, 7 декабрда Наманганда ҳокимиятни қўлларига олдилар. Большевиклар моҳиятан Чоризм давридаги мустамлакачилик сиёсатига эргашиб, уни янгича кўринишда давом эттирдилар. 1917 йилнинг 19 ноябрида Туркистон Советларининг III съезди бўлиб ўтди. Унга кўра, пайтда мусулмонларни ўлка инқилобий ҳукумати таркибига киритиш мақсадга мувофиқ эмас, деб қатъий белгилаб қўйилди[13].

Қиёслаш учун мавзу. Мустақил Ўзбекистон ҳудудида икки мингдан ортиқ турли динларга мансуб диний ташкилотлар фаолият олиб боради. Республика Контитуцияси бўйича мазкур диний ташкилот ва жамоаларга мансуб барча диндорлар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга. Имтиёзлар Қонунда белгиланган ҳоллардагина берилади. Ҳукуматимиз қонун асосида, нафақат мусулмонлар, балки юртимизда истиқомат қиладиган барча дин вакилларига бирдек муносабатда бўлмоқда. Уларга ўз эътиқодлари бўйича ибодат ва маросимларини ўтказишлари учун  барча шароитлар, имкониятлари етарли.

 

Ҳ.Юлдашходжаев,

тарих фанлари номзоди

 

[1] Бу воқеалар тафсилоти билан танишиш учун қуйидаги адабиётларни тавсия қиламиз: Бабабеков Х. Народные движения в Кокандском ханстве и их социально-экономические и политические предпосылки (XVIII-XIX вв.). Ташкент, 1990; Бабаджанов Б. Кокандское ханство: власть, политика, религия. Токио-Ташкент, 2010.

[2]Арапов Д. Ислам в Российской империи. Москва, 2001. с. 175.

[3]Туркистон ва Шимолий Кавказ Россия империясига Оренбург ва Таврия диний бошқармалари ҳақидаги Қонун чиқарилганидан кейин қўшиб олингани туфайли уларга мазкур ҳужжат татбиқ этилмаган.

[4]Арапов, Ислам, с. 267-276.

[5]Бабаджанов Б. Андижанское восстание 1898 года и “мусульманский вопрос” в Туркестане (взгляды “колонизаторов” и “колонизированных”) //AbImperio, № 2. Казань, 2009, с. 155-200.

[6] Руслар ўша пайтларда қозоқ миллатига нисбатан “қирғиз” атамасини қўллаганлар.

[7]Доклад Туркестанского генерал-губернатора Духовского “Ислам в Туркестане”. Ташкент, 1899 (ЦГА РУз, фонд–1, опись № 32, ед. хр. 384). с. 12.

[8] Абдулла Авлоний. Танланган асарлар, 1-жилд. Тошкент, 2006. б.7.

[9]Особый журнал Комитета Министров 22 февраля и 1 марта 1905 г. о пор. выполн. П. 6 именного Высочайшего указа 12 Декабря 1904 г. по вопросам, касающимся инославных и иноверных исповеданий.

[10] 1917 йил февраль инқилобидан сўнг Москвада I ва II Умумрусия мусулмонлари съездлари бўлиб ўтди. Бу съезд моҳиятан мусулмон коммунистлар қурултойи эди. Уларга Туркистондан Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев, Заки Валидий депутат бўлишган.

[11]Хабутдинов А., Мухетдинов Д. Всероссийские мусульманские съезды 1905-1906 гг. / НИИ им. Х. Фаизханова. Н.-Новгород, 2005 (электрон манзил: http://idmedina.ru/books/regions/?3866).

[12]Арапов, Ислам, с. 211.

[13]Мустафа Чокай-оглы, Туркестан под властью советов. Алма-Ата, 1993. с. 25.

Read 250 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top