SJ News II - шаблон joomla Авто
///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// Tashkent Islamic University Motto ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA
Маънавий таҳдидларнинг ёшлар маънавиятига таъсири

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлашга йўналтирилган, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишини кафолатлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий тадбирлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Амалий ишлар доирасида ёш авлодни ҳаётга қатъий эътиқод ва қарашлар руҳида, менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар ҳам юксак самара ва сифат билан рўёбга чиқарилмоқда. Инсон онги ва қалби  учун кураш глобал характер касб этган  бир даврда бундай масалаларга эътибор берилиши бежиз эмас, албатта. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек,  “...муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини ўниб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”[1].

Динга нисбатан соғлом муносабатни шакллантириш бугунги кунда таълим тизимининг барча бўғинлари олдида турган энг мураккаб ва муҳим вазифалардан биридир. Ушбу вазифанинг муваффаққиятли ҳал этилиши икки муҳим омилга боғлиқ: “...ҳар бир ватандошимиз, айниқса, ёшлар фақат ислом дини тўғрисида эмас, умуман дунёдаги мавжуд динлар, уларнинг тарихи, моҳияти тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлсин. Ижтимоий соҳага оид дарсларда ёшларга дин билан дунёвий ҳаёт масалаларини, бу икки тушунчанинг бир-бирига таъсирини, улар ўртасидаги мўътадил муносабат бўлиши зарурлигини очиб бериш керак”. Демак, динлар ҳақидаги мантиқий асосланган билимларни шакллантириш ва дунёвийлик тушунчасини чуқурлаштириб бориш ёшларда динга нисбатан соғлом муносабатни шакллантиришнинг икки қутби ҳисобланади. 

Ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви кузатилаётган шароитида инсон маънавиятига қарши қаратилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин. Диний-экстремистик ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ташвиқотлар эса ёшларнинг сохта ғояга алданиб қолиши, юрт равнақи йўлидаги фаолиятдан чалғиши, жамиятдаги маънавий-руҳий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, диний-экстремистик ташкилотлар фаолияти, шунингдек, мусулмон бўлмаган мамлакатлар аҳолиси ўртасида исломни “ёвузлик салтанати” ва таҳдид манбаи сифатида қабул қилинишига, “исломофобия”нинг турли кўринишлари пайдо бўлишига ҳам замин яратмоқда.

Мана шундай вазиятда одам ўз мустақил фикрига, замонлар синовидан ўтган ҳаётий-миллий қадриятларга, соғлом негизда шаклланган дунёқараш ва мустаҳкам иродага эга бўлмаса, ҳар турли маънавий таҳдидларга, уларнинг гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона кўринишдаги таъсирига бардош бериши амримаҳол. Ҳозирда ахборот маконининг муҳим бўғини бўлган, ёшларнинг ҳаётининг ажралмас қисмига айланган интернет орқали ҳам турли таҳдидлар кузатилмоқда. Хусусан, айрим интернет сайтлари, бир томондан,  террорчилик ташкилотининг фаол  аъзоларига, иккинчи томондан, террорчиларнинг асл мақсад муддаоларини билмайдиган, уларни “курашчилар”, “оппозиция” ва шу каби ижобий мақом ҳамда  сифатда қабул қилишга ўрганган одамларга мўлжалланган бўлади. Улардан  жамиятда тегишли ижтимоий фикрни шакллантириш ва қарама-қарши (душман)  томонга психологик таъсир кўрсатиш, қўрқув, ваҳима тарқатиш орқали ички иккиланишни келтириб чиқаришдек мақсадлар кўзланади.

Ёш авлод маънавий оламининг дахлсизлигини асраш учун уларни доимо сергакликка, огоҳликка ва ҳушёрликка чақириш, бундай тахдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб бериш мумкин[2].

Илм инсоннинг ҳаёт сўқмоқларида адашмаслиги, ўз умрини оқилона ташкил этиши учун асосий восита бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда илм-фаннинг ривожланиши натижасида узоқ йиллар давомида жумбоқ бўлиб келган ҳодисалар ўз жавобини топаётгани, инсоннинг яшаши учун қулайликларнинг кўпайиб, жамият тараққиётининг тезлашаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ислом дини ҳам инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликларни қадрлаган.  Аммо мутаассиб гуруҳлар исломнинг ички диний барқарорлик ва якдилликни таъминлашга хизмат қиладиган ўзгармас диний арконларига қўшимчалар қўшишга қаратилган янгилик – бидъатни рад этадиган тамойилини ғаразли мақсадларда талқин қилиб, жамиятдаги ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётни ҳам, унга хизмат қиладиган илм-фан кашфиётларини ҳам бидъат, деб баҳоламоқда. Хусусан, уларнинг фикрича, бугунги илмий кашфиётлар, фан тараққиёти ютуқлари бўлган радио, телевидение, компьютер технологиялари бидъат, улардан фойдаланиш эса, гуноҳ ҳисобланади. Мутаассиб кучларнинг иддаоларига кўра, хотин-қизларнинг илм олиши шарт эмас, уларнинг жамият ишларидаги фаолияти эса ҳаром эмиш[3]. Ваҳоланки, “Пайғамбар (с.а.в.): “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

 

Ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш борасида янада кўпроқ амалий ишларни кучайтириш зарур. Токи улар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишсин, жоҳил ақидапарастларнинг «даъвати» ва бегона ғоялар уларни ўз таъсирини ўтказа олмасин.

Маҳфуза Алимова,

Тошкент ислом университети, т.ф.н.

 

[1] Каримов И.А. Ўзбек халқининг ислом маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасининг юксак эътирофи. Президент Ислом Каримовнинг “Туркистон-пресс” нодавлат Ахборот Агентлиги мухбирига берган интервьюси // Жамиятимизни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезони ва мақсадидир. Асарлар тўплами, Т. 15. – Т.: Ўзбекистон, 2007. – Б. 222.

[2] Қаранг: Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008.

[3] Қаранг: Ҳидоят ортига яширинган залолат / Муаллиф ва тузувчилар: А.Очилдиев, Ж.Алиев, А.Аҳмедов ва бошқалар. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 55-56.

Read 52 times Last modified on Shtune, 05 Gusht 2017 11:39
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top