SJ News II - шаблон joomla Авто
«ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// Tashkent Islamic University Motto ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK”
Диний бағрикенглик ва ёш авлод тарбияси

Дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзоднинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоида шаклларида мустаҳкамланиб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир. Айниқса, кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, мамлакатимизда турли динларга эътиқод қиладиган фуқаролар учун ўз диний маросимларини ўтказиш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилган. 1998 йили 1 май куни қабул қилнган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги”ги қонунни қабул қилинганлиги ва ушбу қонунда виждон эркинлиги ҳамда ҳар бир кишининг эркин эътиқод қилиш ҳуқуқлари ўз аксини топган.

Истиқлол шарофати билан динга муносабат ўзгарди. “Бунинг асосий сабаби дейди, – Биринчи Президентимиз Ислом Каримов, – муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишда беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ”[1]. Демак, ислом дини билан бир қаторда дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Динлараро бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этади.

Ўзга халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига чуқур ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ўзбекона бағрикенгликнинг энг ёрқин хусусиятларидан биридир. Айнан мана шундай бағрикенглик, сабр-бардошлилик маданиятимизнинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда ўзга маданиятларнинг аҳамиятли натижалари билан бойитишга шароит яратди. Ўз навбатида бундай муносабат халқимизга хос бўлган хулқ-одоб меъёрлари, маънавий қадриятларнинг қўшни халқлар томонидан қабул қилинишига йўл очгани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом қадриятларининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифалари, бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб турибди.

Шарқ фалсафаси ва ислом таълимотида бағрикенглик ҳамда ёш авлоднинг таълим-тарбияси, унинг одоб ахлоқи ҳақида жуда кўп қимматли маслаҳатлар, фикр-мулоҳазалар мавжуд. Жумладан, диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилинган фикрлар буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал‑Мотуридийнинг (870‑944) асарларида баён этилган. Мотуридий  Қуръон тафсирига бағишланган, ислом оламида жуда кенг танилган “Таъвилот аҳли сунна” асарида “Ҳаж” сураси 40-оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”[2], деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас‑Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал‑улум” номли тафсир китобида Қуръондаги “Мумтаҳана” сурасининг 8-9‑оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди‑келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”[3], деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан‑Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат‑танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”[4], деб шарҳлайди.

Юртимиз алломалари томонидан яратилган ислом манбаларида диний бағрикенгликка оид бу каби матнларни кўплаб топиш мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўзга дин вакиллари билан ёнма‑ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки ҳаёт тарзига айланган.

Муқаддас Қуръони карим ва Ҳадиси шариф баркамол авлоднинг маънавий камолоти учун беқиёс манба эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ва ривожланиш учун зарур табиий меъёрларга айланди. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган”[5].

Шарқ мутафаккирлари, олуму уломолари томонидан асрлар давомида ёш авлод, баркамол авлод, комил инсон одоб-ахлоқига оид минглаб китоблар, ҳикматлар яратилган. Афсуски, тоталитар тузим томонидан олиб борилган сиёсат туфайли улардан халқимиз маҳрум қилиб қўйилган эди. Эндиликда, истиқлол шарофати туфайли бу соҳада ҳам жиддий ўзгаришлар юзага келди. Жумладан, ёшлар тарбиясида бағрикенглик ғоясини сингдириш масалаларига алоҳида эътибор берила бошланди.

Ёш авлодда бағрикенглик тафаккурини шакллантиришда таълим жараёнининг барча иштирокчилари, яъни оила, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ҳамкорлигини таъминлаш катта аҳамият касб этади. Чунки худди мана шундай тартибда таълим жараёни ташкил қилинганда ёш авлодда билим олиш учун ҳам, уларни синаб тажрибадан ўтказиш учун ҳам, билимларни ўзгаларга кўрсатиш учун зарур педагогик полигон яратилган бўлади.

Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида етти тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг ўнта тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин ифодасидир. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги, яъни бағрикенглик ғоясини сингдиришдаги фаолиятнинг яққол далилидир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ёш авлод тарбиясида бағрикенгликни шакллантириш таълим-тарбия жараёнининг узликсизлиги, давомийлиги, мақсадли ташкил қилинганлиги, комплекс ёндашилганлиги, шунингдек, оила, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ҳамкорлигида бағрикенглик муҳитининг мавжудлиги каби омиллар орқали амалга оширилади.

 

Ф.Мадримова,

Фарғона маиший хизмат ва педагогика коллежи

 

[1] Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т., “Маънавият”. 2008. Б- 36

[2]Абу Мансур ал‑Мотуридий. Таъвилот аҳли сунна. Байрут: Муассаса ар­‑рисала, 2004. Т. III. Б- 376

[3]Абу Лайс ас‑Самарқандий. Бахр ал‑улум. Байрут: Дор ал‑кутуб. 1993. Т.III. Б- 353

[4] Абул Барокот ан‑Насафий.Мадорик ат‑Танзил. Байрут: Дор ал‑кутуб. 1992. Т.II. Б- 674

[5]Очилдиев А. Миллий ғоя ва миллатлараро муносабатлар. Т., “Ўзбекистон”, 2004. Б- 92.

Read 49 times Last modified on Shtune, 05 Gusht 2017 09:54
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top