SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// Tashkent Islamic University Motto /////

Ўрта аср Шарқ мутафаккирлари ва диний алломаларининг асарларида ҳам зарарли ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалаларига оид ахлоқий-тарбиявий фикрлар борлигини англаб етдик. Жумладан, шариат, қонун-қоидалар билан бир қаторда ахлоқий камолот, маданият, маърифат, маънавият, қадрият, ҳалоллик, поклик, имон-эътиқод, ишончу ихлос ва виждон билан боғлиқ мафкуравий иммунитетни шакллантиришга кўмак берадиган масалалар эътибордан четда қолмаганлигини кўрамиз.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “... Баъзан ислом дини ва диний ақидапарастлик тушунчаларини бир-биридан фарқлай олмаслик ёки ғаразли мақсадда уларни тенг қўйиш каби ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош-кўзини айлантириб, улардан ўзининг нопок мақсадлари йўлида фойдаланмоқда”[1]. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз ёшларининг маънавий қиёфасини мустақиллик мафкураси, унинг инсоний тамойиллари асосида шакллантиришга бош вазифа сифатида қаралаётгани бежиз эмас. Шунингдек, ёшларнинг маънавиятига ва мафкуравий тарбиясига, уларнинг билим ва касб маҳоратини ошириш масалаларига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. “Менинг назаримда, – деб ёзади Ислом Каримов, “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида,  – “маънавият” тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади”[2].

 Жамиятимизда ўсиб келаётган ёш авлодни  асраб-авайлаш, онги эндигина шаклланаётган ёшларни бегона, ёт ғоялар ортидан эргашиб кетишларини олдини олиш ва уларни келажак учун комил инсон қилиб тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгадир. Бугунги глобаллашув шароити жамиятда юксак ахлоқий ва ҳар жиҳатдан ривожланган, дунёқараши, фикрлаш қобилияти кенг ёшларни талаб этмоқда. 

Барчамизга маълумки, кейинги йилларда мафкуравий полигонлар кучайиб, одамларнинг онги ва дунёқарашини турли зарарли ғоялар орқали вайрон этиш ҳолатлари, турли диний, этник ва бошқа оқимлар, ёвуз кучлар ўзларининг зарарли ғоялари билан ёшларимизнинг қалби ва онгини эгаллаш учун курашлар кузатилмоқда. Қолаверса, динни сохталаштирувчилар, ундан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчилар кўпайиши натижасида турли салбий ҳодисалар, жамият тараққиётида кутилмаган фожиалар келиб чиқаётганлигини ҳаёт кўрсатмоқда.

Маълумки, жамиятимизда дин юксак маданият ва маънавият қуроли, беқиёс ахлоқ мактаби сифатида баҳоланади. Дин – эзгулик манбаи сифатида одамларга куч-қувват бағишлайди, иродасини мустаҳкам, бир-бирига меҳр-оқибатли қилади. Ислом динининг манбалари “Қуръон” ва “Ҳадис”ларда илоҳиёт, диний масалалар билан бирга ўз даврининг ахлоқий ва сиёсий анъаналари, инсонпарварлиги, улар ўртасида зиддият, низоларнинг олдини олувчи, адолат ўрнатишга қаратилган ахлоқий фикрлар ҳам кенг ўрин олганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Лекин сўнгги кунларда динни сохталаштирувчилар, ундан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланувчилар кўпайиши натижасида турли салбий ҳолатлар, жамият тараққиётида кутилмаган фожиалар келиб чиқмоқда. Бу иллатларнинг бош мақсади мустақиллик, мамлакат аҳолисининг осойишталиги, тинч тараққиётига таҳдид солиш билан бирга, бошқа мамлакатлар ўртасида низоларни келтириб чиқариш, турли  миллат ва халқларнинг тинчлигини бузишга қаратилгандир. Бунинг оқибатида эса жамиятда мустамлакачилик, буюк давлатчилик шовинизми, маданиятсизлик, маънавий қашшоқлик каби салбий муносабатлар юзага келиши муқаррардир.

Ёшлар зарарли ғояларга берилиши натижасида миллий ва умуминсоний қадриятларимизни ҳурмат қилмасдан, маънавий қашшоққа айланиши, жамият ҳаётида юзага келадиган нотинчлик, беқарорликка нисбатан уларда бефарқлик ҳисси пайдо бўлиши мумкин. Ёшлар онги заҳарланиши оқибатида эса жамият тараққиёти издан чиқади. Сохта ғоялар улар қалбини эгаллаб, ҳаёт хақиқатини тан олмасликка, мавжуд ижтимоий-сиёсий жараёнларни юзаки баҳолашга йўл очиб беради, одамлар фикрлаш, ақл-идрок билан иш тутиш ўрнига ортиқча ҳис-ҳаяжонга бериладилар, ҳаётга нисбатан норозиликлар кучаяди, ёшлар руҳиятидаги парокандалик ва паришонлик, охир оқибатда эса тарки дунёчилик кайфиятини уйғотади.

Турли бузғунчи диний оқимларнинг бундай таъсирларига тушиб қолмаслик учун фуқароларимиз, хусусан, ёшларимизни маънавий жиҳатдан муҳофазалаш, диний қарашларини тўғри шакллантириш орқали бузғунчи оқимларнинг мақсадларини англаб етиш ва қарши фикр билан жавоб беришда уларга кўмаклашиш, шу билан бирга, бугунги мураккаб жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳолининг турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли диний ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва coғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш, халқимизнинг, хусусан, ёшларнинг маънавий оламини бундай таҳдидлардан асраш, ҳозирги ўта мураккаб бир замонда халқаро майдонда содир бўлаётган жараёнларнинг туб моҳиятига етиб бориш, улар ҳақида холис ва мустақил фикрга эга бўлиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси эканлигини англаб етмоқ зарур. Бундан ташқари, салбий иллатларга қарши ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур, ўзликни англаш каби муқаддас  тушунчаларни сингдириш муҳим аҳамиятга эга.

Юртимиз равнақи ва тинчлигини асраш ёшларнинг тинимсиз изланиши ва фидокорона меҳнати билан боғлиқдир. Хусусан, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, ёшларимизнинг онги ва қалбида миллий ва умумбашарий қадриятларни мустаҳкамлашда барчамиз масъулмиз. Ёшлар ўз фаолиятида турли хил ғоявий ва мафкуравий тўсиқларга учрамаслиги учун, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантирмоқ керак. Бунинг учун ёшлар орасида соғлом муҳитни яратиш, таълим-тарбия жараёнларини давр талаблари асосида янада кучайтириш талаб этилади.

Бугунги кунда тинчлик ва хавфсизлик тушунчаси дунё миқёсидаги глобал муаммога айланиб бормоқда. Тинчлик ва осойишталик ҳар бир инсонга даҳлдор бўлган ҳаётий заруратки, уни сақлаш шу юртда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлмоғи керак. Осмонимизнинг мусаффолиги, халқимизнинг фаровон ҳаёти ва албатта, Ватан тинчлиги бизнинг эртанги кунимиз, хотиржам оила даврасида тин олишимиз, касбий муваффаққиятларимизни белгилаб беради.

Хулоса қилиб айтганда, зарарли оқимлар, ёт ғоялар – жаҳолат, ёвузлик ва ваҳшийликдир. Жамиятимизда ўсиб келаётган ёш авлодни бундай бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, ер юзидаги барча соф виждонли кишилар, халқ ва миллатлар ҳамкорлигида халқаро муносабатлардаги ноҳақлик ва адолатсизликка қарши курашиш, ҳар бир миллат ва давлатнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли эканлигини амалда эътироф этиш, уларнинг миллий манфаатлари ва суверенитетини ҳурмат қилиш билан бу каби муаммоларга қарши оқилона курашиш мумкин.

И.Тоиров, А. Ғуломов,

 Фарғона давлат университети

 

[1]Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: “Маънавият”, 2008. Б- 37

[2]Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т.: “Маънавият”. 2008. Б-20

Read 231 times Last modified on Shtune, 05 Gusht 2017 09:28
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top