SJ News II - шаблон joomla Авто
«ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// Tashkent Islamic University Motto ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE
Ҳадис илмида муъжам тўпламларнинг аҳамияти

Ҳадис илмида ўзига хос тўпламлардан бири муъжам тўпламларидир. Муъжам сўзи луғат, қомус маъноларини билдиради, кўплиги “маъожим” дейилади ва ҳар бир мавзуси алифбо тартибидаги жойлаштирилган асарга ҳам айтилади. Муҳаддислар истилоҳида, ҳадис ривоят қилган саҳоба, шайх ва шу кабилар алифбо тартибида ёзилган тўплам туридир.

Муъжам илк бора тилшуносликка оид асарларда ишлатилган бўлиб, унда “Таҳзиб ал-луға”, “Қомус” ва бошқа шу каби асарлар ёзилган. Кейинчалик “муъжам” услубида асар ёзиш турли соҳадаги манбаларга ҳам ишлатила бошланган. Улардан Қуръон оятларини ва ҳадисларни осон топиш мақсадида ушбу манбаларнинг сўзлари алифбо тартибида қўйилиб, кўрсаткич тузилган. Улардан олим Муҳаммад Фуод Абдулбоқий (ваф. 1388/1968) “ал-Муъжам ал-муфаҳрис ли алфоз ал-Қуръон ал-карим”ни ёзган. Бир гуруҳ Ғарб шарқшунослари томонидан “ал-Муъжам ал-муфаҳрис ли алфоз ал-ҳадис ан-набавий”ни келтириш мумкин. Саҳобалар исми бўйича тартибланган ҳадисларни ўз ичига олган “Муъжам”лардан Табаронийнинг асарини келтириш мумкин.

Шунингдек, муҳаддисларнинг ўз шайхларига бағишланган асарлари ҳам муъжамлар, деб номланади ва улар ҳадис тўпламлари сирасидаги муҳим асарлар қаторига киради.

Муъжам асарларини ёзиш услублари қуйидагилардан иборат: 1. Ҳадислар китоб ёзаётган олим шайхларининг исмлари асосида тартиблайди ва саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадисларни ҳам келтиради; 2.Муаллиф шайхларининг исмларини насаблари билан жамлайди, шунингдек, уларнинг хабарлари ва борган жойларига ишора қилади, лақабларини ҳам келтиради ҳамда баъзида уларнинг ишончлилик ва заифлик жиҳатларини кўрсатади.

Муъжамни тузишда шайхларнинг тартиби қуйидаги ҳолатларнинг бирига кўра амалга оширилади: 1. Шайхнинг аввал вафот этганига кўра; 2. Шайхлар исми алифбо ҳарфлари тартибига кўра; 3. Шайхнинг фазилат, илм ва тақвода  устунлигига кўра.

Аксарият муъжамлар иккинчи ҳолат, яъни шайхлар исмлари алифбо ҳарфлари тартибида тузилган бўлади. Масалан, “Алиф” ҳарфида устози Аббондан эшитган барча ҳадисларни, сўнг Иброҳим, Аҳмад, Идрис, Исмоил ва ҳоказо, сўнг исмлари “б” ҳарфи билан бошланган устозларидан ва шу тарзда қолган ҳарфлар асосида устозлари ривоят қилган ҳадисларни кетма-кет келтиради.

Ҳадис илми бўйича ёзилаган машҳур муъжам асарларнинг энг машҳурлари Сулаймон ибн Аҳмад Абулқосим Табаронийга (ваф. 360/971 й.) оид учта “ал-Муъжам ал-кабир”, “ал-Муъжам ал-авсат”, “ал-Муъжам ас-сағир” асарлардир. “ал-Муъжам ал-кабир” асари Абу Ҳурайрадан ташқари (Абу Ҳурайрага алоҳида китоб ёзган), саҳобалар муснади алифбо тартибида ёзилган. Олимларнинг айтишича, бу китоб ўн икки жилддан иборат бўлиб, олтмиш минг ҳадис келтирилган. Ибн Даҳийя: У дунёдаги энг катта муъжам, деган. “ал-Муъжам ал-кабир”, “Ал-Муъжам ал-авсат” ва “ал-Муъжам ас-сағир”га бир ном “ал-Маожим ас-саласа” атамаси ишлатилади.

Яна бир асар ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Мусанно Абу Яъло Тамимий Мусилийга (ваф. 307/919 й.) оид бўлган “Муъжам”ни айтиш мумкин. имом Дорақутний, ишончли эканини айтган бўлса, Насоий, Ибн Ҳиббон, Табаронийлар ундан ҳадис ривоят қилган, дейди. Абу Ҳотам Бустий: Унинг Расулуллоҳ (с.а.в.) билан орасида уч киши бўлган (яъни, сулосиёт), деган. “Ал-Муъжам” асарида 335 шайхидан алифбо тартибида ривоятлар келтирган бўлсада, ҳурмат юзасидан Муҳаммад исмли ровийларни биринчи берган.

Кейинги асар Ибн Аъробий номи билан танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Зиёд Абу Саид Басрийга (ваф. 341/952 й.) тегишли бўлган “ал-Муъжам” асаридир. Унда 336 шайхдан ҳадис ривоят қилган. Шайхларини алифбо тартибида жойлаштирган, баъзи шайларидан 90 тагача ҳадис келтирган. Бу асарда ҳам ҳурмат юзасидан Муҳаммад исмини аввал ёзган. Шайхларининг исми, отасининг, бобосининг исми ва куняларини келтирган. Шайхни учратиб ҳадис эшитган жойларни ҳам зикр қилган ва баъзи ўринларда вақтини ҳам айтган ноёб асардир.

Булардан бошқа олимлар ҳам “Муъжам” асарини ёзганлар. Юқорида келтирилган асарларда муаллифлар шайхларнинг таржимаи ҳолларисиз келтирган бўлсалар, 5/11 асрдан кейин, шайхларнинг таржимаи ҳоллари билан бериш одат тусига кирди. Бу китобдаги ҳадисларнинг ишончлилигини ва шайхларнинг бир-биридан ҳадислар ривоят қилганини кўрсатиб беришга қаратилган. Булар “Мажоми аш-шуюх” номи билан юритилди. Вақт ўтиши билан бундай асарлар жуда кўпайиб кетган, шогирдлар томонидан устозлари учун шундай китоблар ҳам ёзмаган бирор олим йўқ, дейди олим Саййид Абдулможид Ғоврий “Мавсуа улум ал-ҳадис ва фунуниҳ” асарида.

Ибн Ҳиббон Бустийнинг (ваф. 354/965 й.) “ал-Муъжам ала ал-мудун” асарида, шайхларини ўзи борган шаҳарларга асосан бериб ўтган ва ҳадисларини келтирган, Ҳоким Найсапурийнинг (ваф. 405/1014 й.) “Муъжам шуюх” асарида эса, икки минг атрофидаги шайхидан ривоят қилган, Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Абу Музаффар Абу Саъд Самъонийнинг (ваф. 562/1167 й.) “ат-Таҳбир фи-л-муъжам ал-кабир” асарида алифбо тартибида 1193 та шайхнинг ривоятини келтирган ҳамда шайхларининг исми, насаби, унинг шайхлари, кимдан дарс олганлиги ва кимларга дарс берганлиги келтирган, Ҳофиз Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ Абу Қосимнинг (ваф. 571/1176 й.) “Муъжам шуюх Ибн Асокир” асарида алифбо тартибини қўллаб, уларнинг 1300 тасидан эшитган, 46 таси ўқиб берган ва 290 тасидан ижоза олган. Бу асарнинг аёлларга бағишланган “Муъжам ан-нисвон” қисми ҳам мавжуд.

Хулоса қилиб айтганда, “Муъжам” асарлар муҳаддисларнинг устозларини ва улар ривоят қилган ҳадислар сонини аниқлашда катта ёрдамчи вазифасини ўтайди.

Д.Муродов,

 тарих фанлари номзоди

Read 64 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top