SJ News II - шаблон joomla Авто
«ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// Tashkent Islamic University Motto
Яҳудийлик дини таълимотида Мишнанинг ўрни

Мишна яҳудийлик дини меросида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, мазкур диннинг диний, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларида Мишнанинг таъсири катта. Яҳудийларнинг Тавротдан сўнг энг мўтабар ва асосий манбаси, шубҳасиз, Мишна саналади[1].

“Мишна” ибронийча сўз бўлиб, луғатда “ўрганмоқ, такрорламоқ” маъноларини англатади. Унинг асл маъноси такрорламоқ ва қайтармоқ бўлиб, кейинчалик ўрганиш ва таълим олиш каби маъноларни англатган. Шунингдек, мазкур сўз оромий тилга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Чунки оромий тилда “қисса айтмоқ, ўрганмоқ ва таълим олмоқ” маъноларини англатадиган “митна” сўзи айнан Мишнанинг ўзлаштирилган варианти саналади[2]. Доктор Рашод Шомийнинг таъкидлашича, Мишнанинг мазкур маънолари яҳудийларнинг диний ҳукмларида ўз ифодасини топган. Яъни, Талмуд ва Мишнадаги мавзулар такрор-такрор зикр қилинган. Бу эса ўз навбатида мазкур мавзуларнинг тўлиқ қамраб олинишида катта аҳамият касб этади. Қолаверса, бу услуб Ҳиндистон, Хитой, Юнон ва Рим каби қадимий давлатларда кенг ёйилган[3].

“Мишна” сўзи истилоҳда авлоддан-авлодга оғзаки тарзда ўтиб келаётган яҳудийлик динига оид ҳукмлар, таълимотлар, тафсирлар, изоҳлар, фатво ва васиятлар мажмуасини англатади. Мусо (а.с.)дан Яҳудо Ҳанносийгача бўлган даврда диний ҳукмлар фақат оғзаки тарзда маълум бўлган. Милодий II аср охири ва III аср бошларида Яҳудо Ҳанносий мазкур оғзаки Мишнани жамлаб, ёзма шаклга келтиради. Талмуднинг асоси ва матни шу тарзда юзага келади. Яъни, Мишна Талмуднинг таркибий қисми саналади[4].

Мишна Таврот ва унинг ҳукмларини батафсил ёритиб берадиган шарҳ ва тафсирларни ўз ичига олади. Шунингдек, Мишнада Тавротда келмаган қонун ва ҳукмлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қиёс ва таққослаш йўли билан ишлаб чиқилган. Яҳудий олимлар ўзлари яшаб турган замон ва макон шароит ҳамда талабларидан келиб чиққан ҳолда Тавротда келмаган ҳукмларни ҳам қиёсий йўл билан ишлаб чиққанлар[5].

Вел Дюрантнинг таъкидлашича, Мишна яҳудийлик динида муқаддас таълимот бўлиб, Аллоҳ Мусо (с.а.)га ваҳий қилган қонунларнинг оғзаки шакли сифатида маълум бўлган. Кейинчалик Мусо (а.с.) уни ўз ўринбосарларига ўргатган. Чунки Мишнада бажариш вожиб – шарт бўлган буйруқ ва қайтариқлар мавжуд бўлиб, Муқаддас китоб, яъни Тавротнинг оятлари билан бир хил кучга эга бўлган[6].

Яҳудий олимлар Мишнани муқаддаслаштириш борасида бир қатор ишларни амалга оширганлар. Жумладан, баъзи яҳудий олимлар Мишнани Тавротдан ҳам устун санаб, “Фақат Таврот билан шуғулланиб, Мишна таълимотларини тарк қилган яҳудий нажот топмайди”, деган фикрларни билдирганлар[7]. Шунингдек, бу фикрга қарши чиқиб, Мишнанинг Таврот оятларига тенглаштиришни хато санайдиган яҳудийлар ҳам мавжуд. Яҳудийларнинг сомирийлар, садуқийлар ва ислоҳийлар йўналишлари шулар жумласидандир[8].

Мишна қуйидаги олти қисм ва 63 бўлимдан иборат:

Зераим – экинлар ва уруғлар қисми. Бу қисм экинзорлар ва далалар билан боғлиқ диний ҳукмларни ўз ичига олган бўлиб, 11 бўлимдан иборат.

Моед – маросим ва байрамлар қисми. Бу қисмда шанба куни ва турли байрамлар билан боғлиқ ҳукмлар ҳамда қонунлар, диний муносабатлар ва мазкур байрамларга ибодатхоналарни тайёрлаш каби турли ҳукмлар баён қилинган[9].

Нашим – оила билан боғлиқ ҳукмлар қисми. Мазкур бўлимда оила ва эр-хотинлик алоқалари билан боғлиқ бўлган ҳукмлар, қонун ва васиятлар атрофлича ёритилган. Бўлим етти қисмдан иборат: 1. Яфумут (бевалар); 2. Катуфут (никоҳ шартномаси); 3. Назорим (назрлар); 4. Назир (назр қилувчи); 5. Сута (хиёнаткор аёл); 6. Жатин (талоқ ҳужжатлари); 7. Федушин (хутба ёки никоҳ). Совчилик, никоҳ, талоқ ва унинг шартлари, бевалар ва уларнинг вазифалари, шунингдек, назр ва унга вафо қилиш ҳамда назрни бузганда каффорат ўташ каби масалалар бу қисмда батафсил ўрганилади[10].

Незикин – зарарлар қисми. Бу бўлимда етказилган зарарлар ва уларни қоплаш билан боғлиқ ҳукмлар баён қилинган. Мазкур қисм ўнта бўлимдан ташкил топган бўлиб, икки асосий қисмга бўлинади: 1. Маданий қонунлар (учта бобдан иборат); 2. Жиноий қонунлар (икки бўлимдан таркиб топган). Қолган бешта бўлим эса мазкур икки асосий қисмнинг шарҳи ва иловаси вазифасини ўтайди ва таълимотлар, ахлоқий тавсиялар, бутларга ибодат қилмаслик, бутпарастлар билан алоқа қилмаслик, бутпарастлар билан алоқа қилиш мумкин бўлган вазият ва ҳолатлар билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олган. Мазкур ўн бўлимнинг умумий номланиши қуйидагича: 1. Баба кама (биринчи эшик); 2. Баба Масиъа (ўрта эшик); 3. Баба батро (охирги эшик); 4. Санҳадрин (олий маҳкама мажлиси); 5. Макут (қамчилаш ёки уриш); 6. Шафуъут (қасамлар); 7. Ийдиют (гувоҳликлар). 8. Афвадаҳ зароҳ (бутларга ибодат қилиш); 9. Афут (оталар); 10. Ҳурают (қарор ва ҳукмлар)[11]..

Кодашим – муқаддас нарсалар қисми. Бу қисмда қурбонликлар ва жонлиқ сўйиш билан боғлиқ ҳукмлар, уларни бажариш қонун-қоидалари баён қилинган. Ибодатхонага хизмат қилиш ва уни тоза сақлаш каби ҳукмлар мазкур қисмнинг асосий мазмунини ташкил қилади. Шунингдек, бу бўлимда қурбонлик қилиш шартлари, сўйиш амалиётида бажариш лозим бўлган амаллар ҳамда истеъмоли ҳалол ва ҳаром бўлган жонлиқлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Бу қисм 11 бўлимдан иборат[12].

Теҳарот – таҳорат, яъни покланиш қисми.  Бу бўлим нажосатлардан покланишга оид ҳукмларга бағишланган бўлиб, 12 бўлимдан таркиб топган. Унда дорилар, чодир, пес касаллиги, сигир, покланиш, қудуқ ва покланиш жойлари, ҳайз, диний тайёргарлик, оқиш, чўқинтириш, қўллар ва меваларнинг қолдиқлари каби мавзулар ёритилган[13].

Гувоҳи бўлганимиздек, Мишна яҳудийлик динининг асосий манбаларидан бири саналади. Мишна таълимотларида яҳудийлик динининг ижтимоий, иқтисодий, диний ва сиёсий қарашлари ўз ифодасини топган. Мишна яҳудийлик динининг асосий манбаси бўлмиш Талмуднинг таркибий қисми саналиб, турли соҳалардаги диний ҳукмларни ўз ичига олган. Мишна ва унинг таркибини чуқур таҳлил қилиш ва бошқа самовий динларнинг диний ҳукмлари билан қиёсий ўрганиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан десак, муболаға бўлмайди.

А.Маллабаев,

Тошкент ислом университети

 Манбалар хазинаси мудири ўринбосари

 

[1] Доктор Ҳасан Зозо. Ал-фикр ад-диний ал-исроилий: атвар ва мазоҳибуҳ. – Қоҳира: Мактаба Саъид Раъфат, 1975. – Б. 78.

[2]  Payne Smith. A Compendious Syriac Dictionary. – Oxford: The Clorendon Press, 1967. – P. 62.

[3] Доктор Рашод Абдуллоҳ Шомий. Хасоис ал-луға ал-арабия. – Қоҳира: Мактаба Саъид Раъфат, 1979. – Б. 201.

[4] Доктор Муҳаммад Баҳр Абдулмажид. Ал-яҳудия. – Қоҳира: Мактаба Саъид Раъфат, 1978. – Б. 99.

[5] Доктор Мустафо Абдулмаъбуд Саййид Мансур. Таржима матн ат-Талмуд. Ж.1. – Гиза: Мактаба ан-нафиза, 2008. – Б. 9.

[6] Вел Дюрант. Таржимон Муҳаммад Бадрон. Қисса ал-ҳазора. Ж.3. (Шаҳар кўрсатилмаган) Лажна ат-талиф ва ат-таржима ва ан-нашр, 1975. – Б. 17.

[7] Доктор Аҳмад Ниёб. Азва ала ал-яҳудийя мин хилал масодириҳа. – Қоҳира: Дар ал-манор, 1985. – Б. 155.

[8] Доктор Исмоил Рожий. Форуқий. Ал-мал ал-муъасира фи ад-дин ал-яҳудий. (Шаҳар кўрсатилмаган) Мактаба Ваҳба, 1988. – Б. 56.

[9] Jacob Neusner. Rabbinic Political Theory. Religion in the Mishnah. – Chicago: 1991. – P. 21.

[10] Доктор Мустафо Абдулмаъбуд Саййид Мансур. Таржима матн ат-Талмуд. Ж.1. – Гиза: Мактаба ан-нафиза, 2008. – Б. 13-14.

[11]  Ўша манба, 14-15.

[12] Ўша манба, 15.

[13]Ўша манба, 15-16.

Read 64 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top