SJ News II - шаблон joomla Авто
“YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// Tashkent Islamic University Motto
“Комил инсон” тушунчасининг диний-психологик талқин этилиши

   Ислом таълимотида, хусусан, тасаввуфда комил инсонни шакллантиришга алоҳида эътибор берилади. Чунки биз учун муқаддас бўлган ислом дини маданий меросимиз ва маънавиятимизнинг таркибий қисмини ташкил этади.

   Халқимизнинг бой маданий меросини тиклаш, уни асраб-авайлаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришнинг аҳамияти ҳақида Биринчи Президент Ислом Каримов шундай деган эди: “Агарки мендан, ҳозирги кунда маънавиятимизни асраш учун нима қилиш лозим ва унга таҳдид соладиган хуружларга нимани қарши қўйиш керак, деб сўраса, мен авваламбор шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзлигини англаши, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқурроқ ўзлаштириши зарур, деб жавоб берган бўлардим”[1]. Бу ғоят теран ва сермазмун фикрларда маданий-маънавий меросимизнинг асрлар давомида халқимиз ижтимоий ҳаётига сингиб кетгани ва уни асраб-авайлаш зарурлиги таъкидланган.

   Инсоннинг сабр-тоқатли бўлиши, бойлик ва мол-мулкка муккасидан кетмаслик, ҳар қандай пасткашлик, риё, макр ва ҳийла-найрангга бормаслик, ҳайвоний хусусият – шаҳвоний ҳисларга берилмаслик ғоялари илгари сурилади. Бу ғоялар тасаввуфнинг асл моҳиятини очиб беришга хизмат қилади. Зеро, тасаввуф илмида эса, инсон руҳи “Мен” ини, феъл-атворини тарбиялаш ва уни сайқаллашга эътибор қаратилади. Психологиядаги “Мен” тасаввуфчилар айтган “Нафс”лигига исбот тариқасида профессор Э.Ғозиевнинг ушбу фикрини олсак, “Ҳар қайси инсонда ҳукм сурувчи “Мен”ликнинг “Мен эмас”ликдан ажратишга интилиш” ўзини намоён қилиш, ўз-ўзини ифодалаш, кимлигини кашф этиш, ўзини-ўзи такомиллаштириш, ўзига-ўзи буйруқ бериш, ўзига-ўзи таъсир ўтказиш сингари жараёнларда онтогенетик ҳаётнинг дастлабки тараққиёт палласидан, болаликнинг илк дақиқаларидан бошлаб, то етукликнинг у ёки бу босқичларини эгаллаш давригача давом этиб, ўзини-ўзи англашнинг юзага келиши билан якунланади”[2].

   Шунга асосан тасаввуф илми – инсон ҳақидаги илмдир. Инсон қалбига сайқал бериш илмидир. У инсон одобини, яъни маънавиятини янада кучайтирган бутун ислом аҳлоқининг энг муҳим қадриятларини бир нуқтага жамлади. Шу тариқа тасаввуф комил инсон назарияси ва амалиётини ишлаб чиқди. Тасаввуфга оид адабиётлардан мисол тариқасида “Тасаввуф – инсон камолоти, аҳлоқий покланиш ҳақидаги илм. Бу тушунча комил инсон концепциясида аниқ кўзга ташланади. Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч – раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган, чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни маҳв этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради”[3].

   Тасаввуф билан дин психологияси том маънода қоришиқ, яъни бир-бири билан узвий боғлиқ фан ҳисобланади. Бу фикрнинг исботи сифатида руҳ илми ва унинг тарбияси бу икки илмнинг туташувини, яъни бирлигини таъминлайди. Тасаввуф таълимоти асосида инсоннинг психологик фаолияти ва унинг камолоти ётади. Шу билан бирга, улар инсонни шахс сифатида намоён бўлишига хизмат қилади. Қолаверса, уларнинг умумий муштараклиги, нафақат ҳозирги замон, шунингдек,  келажак авлодлар йўлида учровчи муаммоларни ҳам бартараф этишда қўл келиши мумкин. Биринчи Президент И.Каримов  таъкидлаганларидек: “Дунёвий ва диний фанлар бир-бирини тўлдира олмас экан, ҳозирги давр муаммоларига жавоб топиб бўлмайди”[4].

   Қуръон оятлари, хусусан, ҳадисларда инсоннинг тарбияси борасидаги кўрсатмалар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, ҳадисларнинг бирида Муҳаммад (с.а.в.) “Мен Аллоҳ томонидан инсонлардаги ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деган сўзлари ҳам ислом динида ахлоқий тарбия масаласи устувор ўрин эгаллашини кўрсатади.

   Шуни таъкидлаш жоизки, комил инсон тарбияси устувор йўналишимиз бўлган ҳозирги кунда инсонни комиллик даражасига етказишга хизмат қиладиган таълимотларни ўрганиш – давр талабидир. Психологик ҳамда фалсафий нуқтаи назардан олиб қаралганда, комиллик – инсоннинг етукликка эришуви жараёнидаги баркамоллик даражасини ифодаловчи тушунчадир.

   Ислом таълимоти бўйича “комил инсон” тушунчаси Аллоҳ таолонинг одамни яратишдан кўзлаган мақсадига тўлиқ жавоб бера оладиган ҳамда одамлар доимо орзу қилиб келадиган идеал шахсга нисбатан ишлатилади. Буларга Пайғамбарларни ва Муҳаммад (с.а.в.)ни, валий ҳамда азиз авлиёларни ва шуларга яқинлашиб қолган шахсларни мисол қилиб олиш мумкин.

    Шунингдек, ислом динида ахлоқий камолот жамият тараққиётини таъминлаш, ундаги барча муаммоларни ечишнинг асосий, ҳал этувчи шарти сифатида талқин қилинади. Қуйида ислом динида, хусусан, ҳадисларда ўртага қўйилган ахлоқий қарашлар, уларнинг моҳияти ва мезонлари устида тўхтаб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

  1. Имон-эътиқод. Ҳадисларда кўрсатилишича, етук ахлоқнинг мезонларидан энг асосийси имонлилик, диёнатдир. Эътиқоднинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида Биринчи Президент Ислом Каримов шундай деганлар: “Мутафаккир бобомиз Аҳмад Яссавийнинг инсон маънавий камолотга интилиб яшаши лозим, кўнглида эътиқоди йўқ одам эса инсон номига номуносибдир” – деган ибратли ҳикматини яна бир бор эслаш жоиз”[5]. Пайғамбаримиз ҳадисларидан бирида эса шундай дейилади: “Ҳеч бирингиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”[6], “Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир”[7]. Шунингдек, “Уч (хислат бор), ким уларни мужассам қилса, имонни мужассам қилибди: инсофли бўлиш, барчага салом бериш, камбағалликда ҳам инфоқ-эҳсон қилиш”[8] деган ҳадис орқали ҳам имон-эътиқодли инсоннинг фазилатлари ҳақида билиш мумкин.
  2. Билим. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида шундай ҳадис келтирилади: “Икки кишидан бошқага ҳасад йўқ: Аллоҳ мол-дунё бергану уни ҳақ йўлда сарф қилиб юрган ҳамда Аллоҳ ҳикмат ато этгану, у билан ҳукм қилиб, уни ўргатадиган кишига”[9].
  3. Поклик. Ҳадисларда озодалик ва орасталик ҳақида қуйидаги кўрсатмалар бор: “Аллоҳ таоло покдир, покликни яхши кўради, у сахийдирки, сахийликни яхши кўради. Ҳовли, саҳн ва турар жойларингизни покиза тутинглар...”, “Таҳоратда қўл ва оёқ бармоқлари орасини ҳилол қилувчи, таомдан кейин эса тишларини тозаловчи умматларим қандай яхшидирлар”[10]. Демак, поклик имонли одамнинг хусусияти бўлиб, уни ўзида мужассам қилган инсон руҳи ва танасининг саломатлигини сақлаб юрган ҳолда, ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлади.
  4. Тарбия. Ҳадисларда тарбия ахлоқни шакллантирувчи ва камол топтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган. Хусусан, “Фарзандларингизни яхши боқингиз, уларни яхши тарбия қилингиз”[11], “Фарзандларингизни иззат-икром қилиш билан бирга ахлоқ-одобини ҳам яхшиланглар”[12], “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”[13]. Кўриниб турибдики, тарбия ҳам ахлоқий комилликнинг бир мезонидир.
  5. Саломатлик. Инсон камолотида жисмоний гўзаллик муҳим аҳамият касб этади. Жисмонан бақувват, соғлом бўлиш нафақат шахсий, балки ижтимоий қадриятдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аллоҳдан афв (яна бир ривоятда тўғри эътиқод) ва офият сўранглар, чунки ҳеч бирларингиз имондан кейин офиятдек неъматни топа олмайсизлар”[14], деб айтган ҳадислари ҳам осойишталик ва соғлиқ қанчалик улуғ неъматлигини кўрсатади.

     Кўриниб турибдики, жамиятимизда ёшларни комил инсон қилиб тарбиялашда ҳадислардаги ахлоқий қарашлардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ҳадислардаги аҳлоқ принциплари комил инсон сифатларини шакллантиришга хизмат қилади.

М.Сапаров,

Тошкент ислом университети катта ўқитувчиси

 

[1] Каримов И.А.Юксак маънавият – енгилмас куч.-Тошкент:Маънавият,2008. -Б.-17

[2] Ғозиев Э.Ғ.Умумий психология.-Тошкент:2010.-Б-156

[3] Комилов Н.Тасаввуф.-Тошкент:2006.-Б-27

[4] Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. -Тошкент:Маънавият, 2008.

[5] Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир.-Т.: Ўзбекистон, 1995.-Б.-10

[6] Имом ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий-1.-Т.:Hilol-Nashr нашриёти, 2012. 7-боб.-Б. 133

[7] Имом ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий-1.-Т.:Hilol-Nashr нашриёти, 2012. 7-боб.-Б. 54

[8] Имом ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий-1.-Т.:Hilol-Nashr нашриёти, 2012. 7-боб.-Б. 142

[9] Имом ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий-1.-Т.:Hilol-Nashr нашриёти, 2012. 7-боб.-Б. 179

[10] Маърифат – тинчлик асоси. Тузувчи Раҳимжонов Д; Масъул муҳаррир Исломов З.-Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.-Б. 56

[11] Минг бир ҳадис.-Т.: Мовароуннаҳр нашриёти, 1998.-Б. 63

[12] Имом Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад.-Т.: Ўзбекистон нашриёти, 1990.-Б. 45

[13] Имом Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад.-Т.: Ўзбекистон нашриёти, 1990.-Б. 45

[14] Маърифат-тинчлик асоси. Тузувчи Раҳимжонов Д; Масъул муҳаррир Исломов З.-Т.: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2009.-Б. 53

Read 56 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top