SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// Tashkent Islamic University Motto ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ»

Бугунги кунда ислом динининг эзгулик ва бағрикенглик, адолат каби мезонлари устуворлик касб этиб, унга эътиқод қилувчилар сони дунё бўйлаб ортиб бормоқда. Шунинг билан бирга, бугунги кунда ислом дини турли экстремистик ташкилотлар ва сиёсий кучлар томонидан бузғунчилик кўринишида намоён бўлиши ҳам кузатилмоқда. Натижада ислом динининг асл таълимотларидан бехабар инсонлар ичида “исломдан қўрқиш” яъни “исламофобия” юзага келмоқда.

Баъзи мутахассисларнинг таъкидлашича, исламофобия атамаси биринчи бор 1922 йилда шарқшунос олим Этьен Дине томонидан ёзилган “Шарқ Ғарб нигоҳида” номли эссесида қўлланилган. Унда салб юришларидан бошлаб мустамлакачилик давригача бўлган Европа ва мусулмон олами орасида юз берган низолар туфайли ислом динига нисбатан шаклланган салбий муносабат ёритиб берилган. 

Бугунги кунда исламофобия тарихи ва намоён бўлиш шакллари турли институтлар томонидан ўрганилмоқда. Ғарб шарқшуносларидан Г.Энгельгардт ва А.Кримин фикрларига кўра, исламофобия ислом дини ва мусулмонларга нисбатан салбий муносабат, хатти-ҳаракатлардир. У ислом таълимоти, унинг анъаналари ва мусулмонларга нисбатан кескин танқидда намоён бўлади.  

Исламофобиянинг авж олишига Ғарб давлатлари ОАВнинг ҳиссаси каттадир. Европа мамлакатларидаги турли интернет порталлари, телевидение, газета ва журналлар орқали мусулмонлар ахлоқи ва турмушини салбий жиҳатдан ёритиб, ислом динини бузғунчи ва қолоқ дин сифатида намоён этмоқда.

Исламофобия ҳақида сўз юритганда, унинг инсонларга ташқаридан сунъий равишда, ислом динини бузғунчи дин сифатида бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари мавжудлигига гувоҳ бўламиз. Мазкур фобия бошқа фобияларга нисбатан икки жиҳати билан фарқ қилади. Биринчидан, бу инсонларда табиий равишда пайдо бўладиган қўрқув эмас, балки ташқаридан бириктирилган ва сингдирилган қўрқув ҳиссидир. Исламофобия жамиятни бошқариш учун “жуда тўғри” ишлаб чиқилган ва сингдирилган руҳий қурол сифатида намоён бўлади. Иккинчидан, исламофобия жаҳондаги маълум доирадаги сиёсий кучларга ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари йўлидаги “маёқдир”.

         Бугунги кунда Ғарб мамлакатларида исламафобик кайфиятнинг ортишига ислом динининг асл моҳиятини чуқур англамаслик, Яқин Шарқда давом этаётган можаролар, Фаластин-Исроил муаммоси, содир этилаётган террористик хуружлар натижасидаги салбий кайфият ҳам сабаб бўлмоқда. Шундай экан, диний омилни сабаб қилиб, содир этилаётган можаролар, маълум сиёсий кучларнинг мақсадлари амалга ошмаслиги учун исламофобиянинг асл моҳиятини англаб олиш зарур.  Барчамизга маълумки, ислом дини тинчлик ва омонлик дини бўлиб, у доимо инсонларни аҳиллик бирдамлик ва тотув яшашга, нафақат инсоният, балки, бирор жонзотга, атроф-муҳитга ноҳақ зарар етказмасликка чақиради. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов таъкидлаганидек, Ислом” деганда ҳозирги кунда исламофобиянинг таъсиридан баъзилар фақат уруш, отиш, гаровга олиш, одамларни ўлдириш деб, баъзилар фақат намоз, рўза, таҳорат, масжид деб, баъзилар фақат салла, чопон, махси, калиш деб тушунадилар. Ваҳоланки, ислом дини қандай дин экани хусусида муҳтарам Биринчи Президентимиз И.Каримов: “Биз ислом дини ота-боболаримиз дини экани, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини доимо юксак қадрлаймиз… Динга ҳурмат ва эътиқод – биз учун ўлмас қадриятдир”, дея таъкидлаганлар.

           Мутахассисларнинг таъкидлашларича, жамиятда исламафобик кайфиятнинг ортишига “шаҳид”, “жиҳод”, “ислом терроризми”, “ваҳҳобийлик” каби истилоҳ ва сўзларнинг нотўғри талқин этилиши ҳам сабаб бўлмоқда. Шунингдек, исламофобиянинг ортишига 2001 йил 11 сентябрда Нью Йоркда содир этилган террористик ҳаракат, АҚШ бошчилигида Европа мамлакатларининг “терроризмга қарши кураш”, ислом  ниқоби остида мусулмон давлатларининг ички сиёсатларига аралашиб, “тартиб ўрнатиш” мақсадида ўз ҳарбий қўшинларини олиб кириб, уруш ва низолар келтириб чиқаргани сабаб бўлди. АҚШ собиқ президенти кичик Жорш Буш “Исломга қарши салб юришларини эълон қиламиз” дея ислом динига нисбатан нотўғри фикр шаклланишига сабабчи бўлган. Натижада Ироқ, Сурия, Ливан, Судан, Афғонистондаги низоли, нотинч вазиятлар ҳамон тугаётгани йўқ. Оқибатда эса, миллионлаб инсонлар (аксарияти мусулмонлар) бошпанасиз, қочоқлар лагерларида, бегона юртларга кетишга мажбур бўлмоқда. Бунинг оқибатида Ғарб давлатларидаги туб аҳоли вакилларида ксенофобия, исламофобия, мигрантафобия каби қўрқувлар шаклланмоқда. Мазкур муаммоларнинг жабрини бегуноҳ инсонлар бошдан кечирмоқда. 

         Аслида эса, ислом дини кишиларни бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга уларни динидан, миллатидан қатъи назар, бир-бирларига ўзаро ҳурмат-иззат кўрсатишга чақиради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мусулмон киши шуки, унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар озор чекмайдилар!” деб марҳамат қилганлар. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан – инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин экани таъкидланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда айрим террористик ташкилот ва сиёсий кучларнинг халқнинг ичида парокандалик, оиласида зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган уринишлари исломнинг асл моҳиятига бутунлай зиддир.

Азиза Носирова,

 университет Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими муҳандиси  

Read 128 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top