SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// Tashkent Islamic University Motto /////

Маънан ва жисмонан етук ёшларни тарбиялаш масаласи бугунги Ўзбекистон учун умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб, бу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ишларни изчиллик ва қатъийлик билан давом эттириш мазкур соҳадаги асосий мезонга айланди. Бу борада жамиятни доимий ҳаракатга келтириб турадиган куч – миллий ғоя, миллий манфаатга хизмат қиладиган қадриятларни, илғор демократик қоида ва тушунчаларни аниқ-равшан тасаввур этиш, уларни ўрганиш, борини асраб-авайлаш, бойитиш, ривожлантириш, халқни, аввало, ўсиб келаётган ёш авлодни ана шу билим ва кўникмалар билан тарбиялаш маънавий тарбия соҳасидаги энг устувор вазифа ҳисобланади. Ёшлар бу жамиятдаги ижтимоий-демографик гуруҳ  ҳисобланиб, улар айрим умумий хусусиятлар билан характерланади: жумладан, замонавийлик ва билимлилик; янги касблар ва янгича турмуш тарзига интилувчанлик; ижтимоий жиҳатдан ҳаракатчанлик ва бошқалар. Ёшларда қадриятларни қайта баҳолаш катталарга нисбатан ўзгачароқ, яъни уларда эҳтиёжлар ва идеаллар, ахлоқий меъёрлар фаол ўзлашади. Бугунги кунда ёшлар ўртасида таълим турини танлаш ва уни эгаллаш, меҳнат жараёнига кириш, оилани шакллантириш, касбий жиҳатдан ўсиш ва хизмат бўйича илгарилаш кабилар асосий муаммолардан бўлиб ҳисобланади.

Бизга маълумки, тарбия авлодлараро ижтимоий-тарихий ва ҳаётий тажрибани узатишга хизмат қилувчи, оила, таълим муассасалари, ижтимоий, сиёсий ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва бошқалар таъсири остида жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонни шакллантирувчи ва такомиллаштирувчи узлуксиз жараён ҳисобланади. Юксак маънавиятни тарбиялаш воситаси ҳисобланган, муайян шахс, жамоа, муайян гуруҳ, жамият, миллатда жисмоний баркамоллик, руҳий, ахлоқий, маънавий етуклик каби сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий таълим-тарбия жараёнини ифодаловчи тушунча – бу маънавий тарбиядир. Маънавий тарбия кенг маънода инсон шахсини шакллантиришга, унинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган барча маънавий таъсирлар, тадбирлар, ҳаракатлар, интилишлар йиғиндисини ифодалайди. Ҳар қандай маънавий тарбия дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлигида олиб борилса, бу жараёнда шахснинг нафақат билими кўпайибгина қолмай, балки унда маънавий-ахлоқий сифатларнинг қарор топиши ҳам тезлашади.

Албатта, бугунги кунда ёшларни тарбиялаш жараёнида уларни дунёвий ва диний қадриятлардан узлуксиз бохабар қилиб бориш, бу қадриятларнинг инсон, жамият тараққиётидаги муштарак, гармонал ўрни беқиёслигини англаб етиш ўринлидир. Ҳозирги кунда мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий, маданий ҳаётидаги энг долзарб масалалардан бири ёшларни дунёвий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, эртанги кунимизнинг ҳақиқий ворислари сифатида камол топтиришдир. Дунёвий  ва диний қадриятлар инсонлар руҳиятининг ажралмас қисми ҳисобланиб, муштарак тарзда инсоннинг ҳаётга, жамиятга, жамият аъзоларига муносабатини намоён қилади. Дунёвий ва диний қадриятлар жамият ва инсон фаолиятига ўзига хос тарзда таъсир кўрсатиб, гоҳида идеал сифатида кишиларни самарали фаолиятга ундаса, гоҳида маънавий мезон, ахлоқий талаб, қонун-қоида сифатида одамларнинг хатти-ҳаракатлари ва турмуш тарзини, интилиш ва эҳтиёжларини белгилайди. Уларнинг фаолиятларини бошқариб ёки йўлга солиб туради, яъни регулятив функциясини бажаради.

 Дунёвий қадриятлар ижтимоий-руҳий ҳодиса бўлиб, у миллатнинг маданияти, тарихи, тили, дини, урф-одати, анъаналарини, жамиятнинг моддий ва маънавий бойликларини, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча томонларини қамраб олади. Дунёвий қадриятларга ўрта аср алломаларимизнинг асарларида ифода этилган адолатли жамият, комил инсон, тинчлик ва фаровонлик ғояларини ҳам киритиш мумкин. 

 Диний қадриятлар диққат марказида инсон ва инсонийлик масаласи асосий ўрин тутади. Хусусан, Авестода инсон маънавияти ва амалий фаолиятига катта урғу берилган. Асарда яхшилик, ёруғлик, баркамоллик, эзгулик, ҳурфикрлилик, энг устувор қадриятлар сифатида талқин қилинган. Инсонларнинг яхшилик, ёруғлик кучларига эргашиши, яхшиликни ёмонликдан, адолатни ноҳақликдан фарқлаб олиши, яхшилик учун курашда бефарқ бўлмаслиги, яшаш тарзида, маънавий қиёфасида, ижтимоий фаолиятида “эзгу фикр”, “эзгу сўз” ва “эзгу иш”ида ўз ифодасини топган.

 Тасаввуф таълимотида инсонийлик бош масала ҳисобланади. У инсон қалбини тарбиялашга, комил инсонни такомиллаштиришга алоҳида урғу беради. Хусусан, Аҳмад Яссавийнинг “Девони Хикмат”ида маънавий қадриятларнинг асосий шакллари поклик, ҳаё, бардош ва сабр-қаноат, чидам, хушхулқлик, беозорлик, хокисорлик каби хислатларнинг таърифи берилган. Нақшбандия таълимотидаги камтаринлик, сахийлик, бағрикенглик, меҳр-шафқат, хайри эҳсон, ўзаро ёрдам, дўстлик ва биродарлик, тенглик ва тотувлик, софдиллик, меҳнатсеварлик, поклик, одиллик ва билимдонлик каби илгари сурилган ғоялар ўз мазмуни ва моҳияти билан умуминсоний характерга эга бўлиб, дунёвий қадриятлар тизимида ҳам ўзининг назарий ва амалий аҳамиятига эга. Шунинг учун ҳам ислом таълимотининг моҳиятини, унинг инсонпарварлик, тинчликсеварлик, мўътадиллик ва маърифатпарварлик хусусиятларини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш орқали, баркамол авлодни тарбиялашда, дунёвий ва диний қадриятларни ёшларга сингдиришда ислом дини омилидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Жамият ҳаёти ва шахсий ҳаётдаги барча муаммоларни ҳал этиш учун аввало, инсон ўзи руҳан ва виждонан пок, ҳалол, имонли, эътиқодли, илмли бўлиши керак, деган ғоя ислом динининг ўзагини ташкил этади. Бугунги кунда одоб-ахлоқ борасидаги дунёвий ва диний қадриятларга риоя этиш, жамиятнинг барча аъзоларини чин самимият асосида ҳурмат қилиш, виждонли, инсофли, ҳалол бўлиш, миллат, жамият, давлат манфаатларини унутмаган ҳолда фидойилик билан меҳнат қилиш, инсонни улуғлаш, қадриятларни ўрганиш ва уларга амал қилиш, ҳурмат қилиш, ҳаётга татбиқ этиш, таълим-тарбия жараёнини мазкур қадриятларга асосланиб амалга оширишни давр тақозо этади. Зеро ёшлар чин маънода дунёвий ва диний қадриятлардан қанчалик кўп сабоқ олса, уларга ишонса ва уларга амал қилса, ёшларнинг тафаккури шунчалик бойиб, маънавий баркамоллиги юксалиб боради. Биз буни дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлигига тўла амал қилиб, IX–XII асрларда илк, XV–XVI асрларда сўнгги Шарқ уйғониш даврини вужудга келтирган буюк аждодларимиз фаолиятида кўрамиз. Дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлигида тарбия топган ёшлар адолат ва ҳақиқат, эркинлик ва мустақиллик руҳини, тараққиёт йўлидаги олижаноб мақсад-муддаоларни теран англаб етиб, Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилишади. Уларда ҳурфикрлилик, мутелик ва журъатсизликдан холи бўлган, билими ва кучига ишониб яшаш, ўзининг мустақил қарашларига эга бўлиш фазилатлари кучаяди ва бу муштараклик давлатимиздаги турли миллат ва дин вакилларининг эркин фаолияти, ҳамжиҳатлиги, ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлайди. Дунёвий ва диний қадриятлар муштараклигини ифода этувчи маънавий тарбия асосида мамлакатимиздаги турли диний эътиқод ва маслакдаги фуқаролар учун Ватан ягоналиги ғоясини илгари суриш, инсон ва жамият, фуқаро  ва давлат ўртасидаги муносабатларни уйғунлаштириш замирида жамиятни бирлаштириш, барқарорлаштириш имкониятлари мужассамдир. Шу тариқа турли эътиқодлар, хилма-хил қарашлар ва муносабатларни уйғунлаштириш концепциясини асослашга йўл очилади. Бунда жамиятни барқарорлаштириш масаласи инсоннинг маънавий-руҳий етуклиги ва комиллиги билан боғлиқ ҳолда тушунилади. Виждон эркинлиги, инсонларнинг ирқи, миллати, дини, насл-насаби, жинсидан қатъи назар, ўзаро тенглиги таъминланган, умуминсоний ғоялар асосий мезон бўлиб инсонлар ҳаётига сингиб бораётган ҳозирги  даврда дунёвий ва диний қадриятлар  ўзининг туб моҳиятини сақлаган ҳолда, одамзот ҳаёти, бахту саодати, тарбияси, маърифатида бир сўз билан айтганда, руҳий покланиш, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшашида ғоят муҳим ўрин тутади. Диний бағрикенглик ғоясига таянган давлатимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган турли миллат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб, бир заминда яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Бу эса кишиларнинг бир замин, бир Ватан учун, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади, бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлигини назарда тутади, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Тарих ва ҳаёт тажрибаси шундан далолат берадики, дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб топиш осон бўлмайди”. Инсон, миллат, жамият ҳаёти ва фаолияти учун доимий ва муттасил мавжуд бўлган, инсон учун ҳамма вақт зарур бўладиган, ҳеч қачон ўз қадрини йўқотмайдиган энг юксак тушунча ва тамойилларни ўзида акс эттирган дунёвий ва диний  қадриятларга ворисийлик кундалик заруратдир.

         Хулоса қилиб айтганда, мустақил Ўзбекистонда вояга етаётган ҳар бир ёшни маънавий баркамол, иродаси бақувват, имон-эътиқоди бутун, миллий ғоя билан қуролланган, кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялашда, онгу тафаккурини ривожлантириб, ҳаётга, меҳнатга, мулкка муносабатини тубдан ўзгартиришда, ўз фуқаролик бурчини чуқур англаб, Ватанга муҳаббат ва садоқат, дахлдорлик туйғуси би­лан яшашида, ўз тақдирини Ватани тақдири билан муштарак деб ҳис қилишида асрлар оша юртимизда яшаб келаётган дунёвий-диний қадриятларнинг ўрни беқиёс. Шунингдек, ёшларда замонавий тафаккурни тарбиялашда дунёвий ва диний қадриятлар омилининг аҳамиятини ошириш усуллари ва илғор тажрибаларини аниқлаш, уларни такомиллаштириш зарур.

М.Мажитов,

Термиз давлат университети катта ўқитувчиси 

Read 361 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top