SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

XVI аср Бухоро хонлигининг ички сиёсатида мамлакатда яшаган турли ижтимоий табақа вакиллари катта рол ўйнаган. Бу даврда хонлик пойтахти Бухоро ислом динининг маданий марказларидан бири сифатида эътироф этилган ва ўз-ўзидан алоҳида ижтимоий қатлам ҳисобланган диний уламолар хонликда юқори мавқега эга бўлганлар. Хусусан, шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида ҳам мамлакатда кечган ҳарбий-сиёсий жараёнларда диний уламолар фаол иштирок этган.

Тарихий манбаларда диний уламоларнинг мамлакат ҳарбий-сиёсий ҳаётига фаол аралашувига доир кўплаб маълумотларни учратамиз. Аслида диний уламо ва шайхларнинг сиёсий жараёнларга аралашуви ўрта асрларда шарқ ва ғарб давлатлари учун одатий ҳодиса бўлиб, темурийлар даврида Хожа Убайдулла Аҳрор (1404-1490), Муҳаммад Шайбонийхон ва Убайдуллахон даврларида Мавлоно Муҳаммад Қози (вафоти – 1516 й.), Мир Араб лақабли амир Сайид Абдулла Яманий (вафоти – 1536 й.) ва Махдуми Аъзам Хожа Косоний (1461-1542)ларнинг ҳарбий-сиёсий жараёнларга таъсири катта бўлди. Искандархон ва  Абдуллахон II даврига келиб эса диний уламоларнинг бошқа бир вакиллари бўлган Жўйбор хожалари – Хожа Муҳаммад Ислом (1493-1563), Хожа Саъд (1531-1589) ва Тожиддин Ҳасан (1574-1646)лар мамлакат сиёсий ҳаётига сезиларли даражада таъсир кўрсатган.

Бу даврда жанг тақдирини ҳарбий маҳорат ва аскарлар сонининг устунлиги сингари маълум омиллар ҳал этсада, гўё жараёнга кўринмас кучдек аралашган диний уламолар ўрни беқиёс бўлган. Улар ҳарбий қўмондонларни бир-бири билан иттифоқ тузиши, жанг ёхуд қамал узоқ чўзилганда сулҳ тузиш, жанг тақдирини олдиндан башорат қилиб, саркардаларнинг жангга маълум макон ва замонда киришга ундаши сингари ҳарбий ҳаракатлар стратегиясини белгилаган.

1501 йил апрель ойида Зарафшон яқинидаги Сарипул қишлоғида Бобур ва Шайбонийхон ўртасидаги жангда Бобур мағлубиятга учрайди. Бобур бу жангдаги фалокатнинг асосий сабабини ёрдамчи мўғул аскарларининг хиёнатларида кўрса-да, бундан бошқа сабаблар ҳам борлигини инкор қилиб бўлмайди. Бу ерда Шайбонийхоннинг ғалабага эришиши Бобурнинг диний уламолари ва мунажжимлари башорати натижасидир.

Воқеа тавсифи шуки, ҳар икки томон 5-6 кун давомида бир-бири қаршисида жангсиз ҳолатда, турли ҳарбий тактикалар тузиш режаси билан турган. Бобур эса атайлаб жангни кечиктиришга уринган. Бунга сабаб, Ҳиротдан Ҳусайн Бойқаро томонидан юборилган Қанбар Али бошчилигидаги икки минг атрофидаги ёрдамчи кучлар Кешга етиб келган бўлиб, икки кунда Бобурга қўшилиши керак эди. Бобурнинг тоғаси Султон Маҳмудхоннинг Саййид Муҳаммад бошчилигида юборган бир минг беш юз атрофидаги ёрдамчи кучлари ҳам эртаси куни тонгда етиб келиши керак эди.

Шундай вазиятда масалага диний уламолар ва мунажжимлар аралашиб, шу кунда саккиз юлдуз оралиқда турганлигини, агар бир кун ўтса, икки ҳафта давомида саккиз юлдуз душманнинг орқасида бўлиши, бу эса кечиктирмай жангга кириш ва ғалаба қозониш лозимлигини англатади, деб башорат қилиб, Бобурни ёрдамчи кучларни кутмасдан, жангга киришга даъват этганлар. Бобур бу жангда фаолиятидаги энг йирик ва аламли мағлубиятга учраган.

Бундан ташқари, дин уламолари маълум урушларни “муқаддас уруш”, “дин йўлидаги ҳайрли иш” деб баҳолаб, ҳукмдорларга бундай урушларни бошлаш учун фатволар ҳам берган. Бухоро хонларининг деярли барча юришлари мамлакат шайх ул-исломининг фотиҳаси билан амалга оширилган (Бунга Абдуллахон II нинг 1551 йил Хуросонга, 1553 йил Шаҳрисабзга, 1558 йил Қаршига, 1559 йил Балхга ва ҳ.к. мисолларни келтириш мумкин). Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳоннинг “Меҳмонномайи  Бухоро” асарида Муҳаммад Шайбонийхон Бухорода қозоқлар устига муқаддас уруш қилишга қарор қилгани, уруш олдидан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилгани ва бу урушга Хожа Абунаср Порсо (вафоти 1537) ва бухоролик уламоларнинг фатво бергани ҳақида маълумотлар мавжуд[1]. Шунингдек, Абдуллахон II 1551 йил баҳорида Хуросон устига юриш учун жўйборий хожа Муҳаммад Ислом олдига ташриф буюриб, дастлаб ундан рухсат олиб, ўз юришининг шариат қоидаларига мослигини асослаб беришини ва кейин эса фатво беришини сўраган[2]. 1524 ва 1529 йилларда Убайдулла султоннинг Хуросонга юриши бевосита дин пешволари қутқуси билан ташкил этилган. Чунки бу даврда Хуросон Эрон сафавийлари (шиа мазҳабидагилар) қўл остида бўлиб, Ҳиротлик дин уламолари Мовароуннаҳрлик шайхлар ва қозиларни ўз ҳукмдорини Ҳиротга юриш қилиб, шиалар ҳукмронлигига чек қўйиш мақсадини ҳосил қилишга ундаганлар. Бундан кўринадики, бу даврда нафақат жўйбор хожалари, балки бошқа диний уламолар ҳам хонликдаги ҳарбий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этганлар.

Баъзида дин уламолари айрим ҳарбий тўқнашувларнинг натижаларини олдиндан кўра билган ва бундай жангларнинг ташаббускорлари ҳам бўлган. 1512 йил Исмоил Сафавий (1502-1524) томонидан Амир Аҳмад (Нажми Соний) катта қўшин (айрим манбаларда 60 минг, айримларида эса 80 минг) билан Мовароуннаҳрга бостириб кириб, Қаршини қамал қилганда, Убайдулла султон ва Жонибек султон Кармина атрофларида, Кўчкунжихон ва Темур султон қолган бошқа султонлар билан Миёнқолда эдилар. Уларнинг барчаси душман қўшини ўзларидан бир неча баробар кўп бўлганлигидан чекинишга қарор қилганлар. Шу вазиятда, Мир Араб лақабли Сайид Абдулла Яманий (Убайдулла султоннинг пири) Туркистон вилоятидан Бухорога келади. У Убайдулла султон ва Жонибек султонни жангга чорлаб, ҳатто жанг режаларини ҳам тузишда ёрдам берган[3]. Шунингдек, барча шайбоний султонларни Убайдулла султондан ўрнак олишга чақиради ва шу тариқа барча бошқа шайбоний султонлар Ғиждувонда бирлашадилар. Икки қўшин ўртасида бўлган тўқнашув натижасида Нажми Соний енгилади ва ўзи ҳалок бўлади. Мазкур ғалаба натижасида қўлга кирган катта миқдордаги ўлжа жанг ташаббускори Мир Араб ихтиёрига берилади. Мир Араб эса ушбу маблағлар ҳисобидан Бухорода Мир Араб мадрасаси (1530-1536)ни бунёд этган.

         Ўрта асрларнинг барча даврида йирик қирғинбарот урушларнинг олдини олишда ҳам диний уламолар хизмати катта бўлган. Хусусан, 1454 йил темурийлар ўтасидаги низо авж олиб, Хуросон ҳукмдори Абулқосим Бобур (1451-1457) Мовароуннаҳрга бостириб кириб, Абу Саид мирзо (1451-1469) билан Самарқанд яқинида йирик ҳарбий тўқнашув муқаррар бўлган, 1485 йил Умаршайх Мирзо (Бобурнинг отаси, Фарғона ҳокими), Султон Маҳмужхон (Тошкент хони), Султон Аҳмад мирзо (Самарқанд ҳукмдори)лар ўртасида содир бўлиши кутилган вазиятда Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор можарога қатъий аралашиб, рақибларни ярашишга мажбур этади.

         Шайбонийлар даврида ҳам бундай анъаналар давом этган. Ҳукмдорлар ўртасидаги деярли барча сулҳлар диний уламолар иштирокида амалга оширилгин. Ҳатто, ҳукмдорларнинг қаҳру ғазабга тўлган вазиятида ҳам, дин пешволари айбдорларни жазоланишдан сақлаб қолиш даражасидаги қудратга эга бўлганлар. Масалан, 1507 йил Ҳирот Муҳаммад Шайбоний қўшинлари томонидан ишғол этилгач, шаҳар аҳолиси “моли омон” (солиғи)га тортилди. Шунда шаҳар ичидаги баъзи амалдорлар шаҳар аҳолиси кўмагида қочиб кетиш учун ҳийла ишлатиб, бутун шаҳар бўйлаб “ҳозиргина Муҳаммад Муҳсин Мирзо (Ҳусайн Бойқаронинг ўғли) ўз қўшини билан етиб келди ва Шайбоний билан урушиш учун у томонга кетди”, деб халқни кўчманчиларга қарши кўтариш мақсадида ёлғон хабар тарқатади. Бундан шаҳар аҳолиси қўзғалиб, шаҳар ичи ва ташқарисида “моли омон” йиғиб юрган уч юз атрофидаги Шайбонийхон одамларини ўлдиради. Бундай вазиятда шаҳар акобирлари халқдан аёвсиз ўч олиниши олдини олиш мақсадида, дин пешволари ва қозиларни Шайбонийхон ҳузурига юбориб, шаҳар аҳолиси гуноҳидан ўтишини сўраган. Муҳаммад Шайбоний эса шаҳарнинг обрўли дин пешволарига қарши бора олмай, Ҳирот аҳолисининг гуноҳидан кечиб, ўз саркардаларининг қасос олишига рухсат бермаган.

1557 йил июлида Абдуллахон II Бухоро устига қўшин тортади. Бу вақтда Бухоро ҳукмдори Бурҳон султон (Убайдуллахоннинг ўғли) узоқ қамалга бардош бера олмай, уламолар – Муҳаммад Ислом ва Мир Абдулбақони Абдуллахон II ҳузурига жунатади ва уларнинг ташаббуси билан икки ўртадаги узоқ ҳамда самарасиз урушга самарали (яъни, сулҳдан кейин Бурҳон султонга фитна уюштирилиб, у ҳалок қилинади. Шундан кейин Бухоро хонлигида узоқ давом этган ички зиддиятларга чек қўйилиб, Абдуллахоннинг амалдаги ҳукмронлигига асос солинади) якун ясалади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Шайбонийлар даврида Бухоро хонлигида диний уламоларнинг воситачилик ва муросасозлик фаолияти туфайли кўп ҳолларда ҳукмдорлар ўртасида ўзаро келишув сулҳлари тузилган, натижада кераксиз урушлар ва ортиқча қон тўкилишларининг олди олинган.

Диний уламолар Бухоро хонлиги ташкил топган пайтдан бошлаб XIX аср ўрталарига қадар хонлик ижтимоий табақалари орасида ўзининг мустаҳкам ўрнини сақлаб келди. Шайбонийлар даврида улар юксак обрў ва мавқе эгалари сифатида ҳукмрон табақалар қаторида турган бўлсалар, Аштархонийлар даврига келиб уларнинг имтиёзлари анча чеклаб қўйилди. Манғитлар даврига келиб эса улар фақат маънавий-маърифий ва иқтисодий ҳаётга таъсир ўтказишгагина қодир эдилар.

А.Замонов,

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича

мувофиқлаштирувчи методик марказ бўлим мудири

 

[1]Фазлаллах ибн Рузбихон  Исфахани. Михман-наме-йи Бухара. - М, 1976. С. 63, 64, 103, 104.

[2] Муҳамадиёр ибн Араб Қатаған. Мусаххир ал-Билод. / Форс тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи И.Бекжонов, Д.Сангирова. Т.: Янги аср авлоди, 2009. 235-236-бетлар.

[3] Зайниддин Маҳмуд Восифий. Бадоеъ ул-вақоеъ. // Форс тилидан Н. Норқулов таржимаси. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979. 17-бет.

Read 400 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top