SJ News II - шаблон joomla Авто
“YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// Tashkent Islamic University Motto ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ISHONCH TELEFONI: +(371)-244-00-56 SOAT 09:00 DAN 17:00 GACHA
Одамларнинг мартабаларига яраша муомала қилишнинг ҳикмати

Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ривояти: Бир куни Ойша (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларидан бир тиланчи ўтиб қолди, улар унга нон бўлагини бердилар, шундан сўнг бой одам ўтиб қолган эди, улар уни ўтказиб қўйиб меҳмон қилдилар. Шунда уларга (ушбу масалада) таъна қилинди. Ойша (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва аллам) одамларни мақом-мартабаларига яраша жойлаштиришга буюрганлар”.

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёда бойлик, фақирлик, иззат, хорлик, улуғлик ва тубанлик каби хислатларни ато этиб, уларни имтиҳон қилади: қайси банда берилган неъмат учун шукр қилади, қайси бири йўқчиликка сабр қилади, қайсиниси берилганига қаноат қилади, қайси бири эса норози бўлади. Уларнинг мукофот ва жазоларини эса ҳисоб-китоб куни беради. Оқил инсон атрофидаги одамлар билан Аллоҳ таолонинг уларга қўллаган тадбирига мувофиқ тарзда муомала қилади. Бой одамни Аллоҳ неъматларига одатлантирган. Бу неъматлар унга синов юзасидан берилади, савоб та-риқасида эмас. Аллоҳ таоло деди: “Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: “Парвардигорим (лойиқ бўлганим учун) мени икром этди”, дер. Аммо қачонки, (Парвар дигори)уни синов учун, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди”, дер”. Йўқ! Аксинча, сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) икром қилмайсиз” (Фажр, 15–17).

Агар сен одамларни Аллоҳ уларни жойлаштирган манзил-даражаларига қараб муомала қилмасанг, сен уларни ҳақорат қилган бўласан, уларга ноҳақ равишда жабр етказган ҳамда Аллоҳнинг уларга нисбатан қилган тадбирига мувофиқ келмай, уларнинг динини фасод қилган бўласан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Одамларни мақом-мартабаларига яраша жойлаштиринглар”, деганлари, Аллоҳ уларни бу дунёларида жойлаштирган мартабаларига яраша муомала қилинглар, деганларидир. Охиратдаги уларнинг манзиллари эса бандалар учун ғайбдир. Агар сен бой ва фақирни мажлис, зиёфат ёки ҳадя беришда бир хил кўрсанг, сен унда тўғри эмас, балки нотўғри иш қилибсан. Сен бойнинг шаънига тегадиган, унинг ҳақига футур етадиган амал қилсанг, у сенга (охиратда) даъво қилади, чунки Аллоҳ таоло уни (бу дунёда) бундай муомалага одатлантирмаган. Камбағалга эса, кам ҳам кўзига кўп кўринади, ўшанга қаноат қилади, чунки у бунга одатланган. Султон ва валийларга ҳам ўз мавқеига яраша муомала қилинади. Агар сен подшоҳларга раиятнинг муомаласини қилсанг, султонлик ҳақига тажовуз қилган бўласан, зеро, улар Аллоҳнинг ердаги сояси, улар билан нафслар таскин топади, улар билан ишлар жам бўлади. Агар одамлар султонларнинг Аллоҳ томонидан ато этилган соя эканлигига назар солсалар, шунда уларнинг барча ҳолатларига, юриш-туришларига эътибор бермайдилар. Бир тоифа салафлар улардан нафратланиб, ўзларини четга олар эдилар. Бу тоифанинг нафсларида шаҳватлари ўлмаган, қалбларида уларнинг (султонларнинг Аллоҳ таолонинг сояси эканини англаб етишга қувват етмас эди. Ўша салафлар султонлар билан муомала қилишдан қочардилар, улардан юз ўгирардилар, гўёки, қалблари уларнинг (султонларнинг) олдида Раббиларининг ҳаловатини топмас эмиш. Бунга далил сифатида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) нинг қуйидаги ҳадисларини таъвил қилиб келтирар эдилар: “Бойга иззат-икром кўрсатиб, фақирни хўрлаганга лаънат бўлсин”.

Ушбу ҳолат уларда маърифат комил эмаслигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисни нотўғри таъвил қилишган. Агарда ўша салафлар султонлар Аллоҳнинг ердаги сояси эканлигини ҳис этиб, уларга назар солганларида эди, уларнинг (султонларнинг) ҳолатларига эътибор бермас эдилар ҳамда улар билан муомалада бўлишлари қалбларига футур етказмас эди. Мана шу назар қуввати билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобийлари ва тобиийлар золим амирлар билан учрашар, улардан тортиқлар қабул қилар ҳамда уларга хайрихоҳ муносабатда бўлиб, керакли насиҳат ва маслаҳатлар берар эдилар.

 Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларининг талқини эса қуйидагичадир: Дунё қолдиқларига ҳирс қўйиб, охиратини дунёси учун сотган, бойларнинг қўлидаги мол-дунёси учун уларга тилёғламалик, лаганбардорлик қилган, аммо бу нарсалардан (бойликдан) маҳрум бандани эса камситган, ҳирси устун келиб, мол-дунё эгаларига икром кўрсатган, охират эгаларидан жирканган бадбахт инсон Аллоҳнинг лаънатига лойиқ, чунки ўзи дунёга мафтун бўлиб, мафтунларгагина илтифот қилади. Аммо дунё кўзига қийматсиз кўринган банданинг эса бало[1] аҳлига (бойларга) раҳми

келади. Чунки у бойларнинг мол-дунё балосига гирифтор бўлганини, бойлик юки уларни босиб турганини, мулкларининг ҳисоб-китобига ботиб қолганларини, эртага (охиратда) эса (бойлик туфайли) уларнинг оғир оқибатларини билади. Шунинг учун ҳам уларга худди сел оқизиб кетаётган, чўкиб бораётган инсонга раҳми келгандек ачинади. Агар уларни кўриб қолса, динлари фасод бўлмаслиги учун уларга ҳурмат-эҳтиром бажо қилиб, илтифот кўрсатади, зеро, Аллоҳ таоло уларни (бойларни) шундай муомалага одатлантирган.

Бой инсонни таҳқирласанг, уни ҳалок этган бўласан. У дунёси билан фахрланади, кибрланади, адашади, ўз ҳолатини ўзича шарафли деб билади. Унинг куч-қудрати, иззати унинг молу дунёсида. Агар сен унинг иззатини ерга урсанг, мол-дунёсини хароб қилган бўласан. Бу эса тажовуздир, дилкашлик эмас.

Сен дини учун унга илтифот қилиб, Аллоҳ таоло берган дунёси қўзингга арзимас кўриниб, дилингда унга ачиниб, ҳурмат-эҳтиром, хушмуомалалик кўрсатишинг шарт. Зеро, бу – анбиё ва авлиёларнинг феъли. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам: “Қавмнинг ҳурматли кишиси келса, унга иззат-икром кўрсатинг”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу билан, қавм эъзозлайдиган (эъзозланишга одатлантирган) инсонни ҳурмат қилганинг учун ажр олишингни билдирдилар. Шундай экан, Парвардигор нинг ўзи синов учун икром этиб, неъмат ато этиб, иззат-икромга одатлантирган кимсага мурувват, хушмуомалалик, марҳамат кўрсатмайсизми!?

Мурувват муборак ва маҳбуб хулқдир. Ойша (розияллоҳу анҳу) ривояти: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло ҳар қандай мурувватни яхши кўради”. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимга мурувват насибаси берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилиги ато этилибди. Кимки бу насибадан бебаҳра бўлса, у икки дунё яхшилигидан маҳрум бўлибди”. Яна Сарвари олам: “Агар Аллоҳ таоло хонадон аҳлига яхшилик хоҳласа, уларга мурувват эшикларини очиб қўяди”, дедилар.

“Ҳаким Термизий асарларидан сайланма”

 китобидан олинди

Таржимон И.Усмонов.

 “Мовароуннаҳр” нашриёти 2017 йил

 

[1] Араб тилида “бало” сўзи “синов”, “имтиҳон” маъноларини ифода этади (Таржимон)

Read 61 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top