SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон саломатлиги, унинг соғлом турмуш кечириши ва бунинг учун соғлом турмуш тарзини яратиш масаласи долзарб масалалардан ҳисобланади ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий марказида туради. Давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш ва замонавий ускуналар билан таъминлаш юзасидан қилинаётган амалий ишлар муҳим қадам сифатида ўзининг юқори сифат босқичига етди. Мутахассислар зиммасига, фақатгина бу имкониятлардан инсон саломатлиги йўлида тўғри ва оқилона фойдалана олиш масъулиятини юклайди. Энг асосийси, ёшларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар самарали олиб борилса, ижобий натижа бериши мумкин.  Хусусан, таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи ва унинг мазмун‑моҳияти махсус курс сифатида кенг ва атрофлича ўрганилади. Айниқса, бугунги кунда ёшлар ўртасида эрта турмуш қуриш масаласи жамият ҳаётида муаммо сифатида тилга олинмоқда ва бу бўйича Давлат томонидан қўшимча қарорлар қабул қилинган. Шундай экан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича таълим муассасаларида қандай ишлар олиб борилмоқда ва буни амалга оширишда нималар муаммо бўлиб турибди.

Бизга маълумки, таълим муассасаларида ёшлар ўртасида инсон саломатлиги, унинг соғлом турмуш кечириши ҳамда соғлом ҳаёт тарзига эга бўлиши ва бошқа шу каби тиббий соҳага оид назарий билим орқали амалий маслаҳатлар мунтазам равишда мутахассислар томонидан амалга ошириб келинмоқда. Ҳатто мазкур тарғибот ишлари фақат ўзининг маъруза кўринишини олмай, балки аниқ далиллар, ҳаётий мисоллар, видео роликлар, фильмлар асосида кенг ва атрофлича муҳокамага тортилмоқда. Бироқ, негадир кўзланган мақсад ўзининг айтарли даражада самарасини бермаётгандек, назаримизда. Бунинг оқибатида эса, ёшлар эрта никоҳнинг қурбонига айланяпти. Бундай салбий жиҳатларнинг юзага келишига бир қанча омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин:

Биринчидан, ёшларда ўзбек менталитетига хос андиша, шарм‑ҳаё каби фазилатларнинг устунлик қилиши ва бу тиббий маслаҳатларни олишда тўсқинлик қилиши;

иккинчидан, ота‑оналарнинг фарзанд саломатлигига, унинг соғлом турмуш кечиришига етарли даражада эътибор бермаслиги;

учинчидан, ёшларнинг оила деб аталмиш муқаддас тушунчага енгил‑елпи, тор доирада қараши;

тўртинчидан, катталарнинг “кўзим очиқлигида боламнинг тўйини кўриб қолай” қабилида иш тутиши;

бешинчидан, беҳаёлик, ахлоқсизликни тарқатадиган фильмларнинг бола руҳиятига салбий таъсири ва бунинг натижасида жинсий ҳаётга мойилликнинг кучайиши ва бошқалар.

Кўринадики, келтириб ўтилган бир қанча салбий омиллар бугунги кунда аксарият ҳолларда катталарнинг беэътибор ва лоқайдлиги натижасида юзага келмоқда. Ҳатто, ота-оналарнинг ўзлари ёшларнинг эрта никоҳ қуришларига қаршилик қилмаслиги ва буни қўллаб-қувватлаши каби ҳолатлар ҳам учрайди. Бу эса, таълим жараёнида олиб борилаётган ишларга тўсқинлик қилмай қолмайди. Шу ўринда, ота-оналар билан суҳбат жараёнидаги бир ҳаётий мисолни келтирмоқчиман: ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тугатмаган, 17 ёшли қизнинг онаси билан суҳбатлашганимизда, қизини ўзига тўқ оилага узатмоқчи эканлигини гапириб қолди. Она бу унаштирувни “қизим қолиб кетиб, қари қиз бўлмасин”, “жойи чиқса, текин бер” қабилида иш олиб бораётганлигини баҳона қилиб, ўз қарашларини ёқлади. Аксарият оилалар юқорида таъкидлаганимиздек, “қари бувиси кўзи очиқлигида тўйни кўриб қолсин” қабилида иш тутади. Икки ёшнинг кейинги ҳаёти қандай бўлиши уларни асло қизиқтирмайди. Яхши бўлса, нур устига аъло нур, аммо ёмон бўлса – бу фожеа, биргина оила учун эмас, балки жамият учун фожеа. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, деярли кўпгина оилалар эрта никоҳнинг қурбонига айланиб, барбод бўлмоқда. Бунинг натижасида жамиятда носоғлом муҳит юзага келмоқда. Аслида эрта никоҳнинг олдини олиш мақсадида қилинган барча саъи ҳаракатлар замирида, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, бунинг натижасида эса, мустаҳкам оилаларни барпо этишга қаратилгандир.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсоннинг фаровон яшаши, соғлом турмуш тарзига эга бўлиши ва соғлом муҳитда камолга етиши ҳар жиҳатдан ўз қўлидадир. Ҳар бир инсон ўз фаровонлиги учун шундай соғлом муҳит ярата олиши лозим.  

Саодат Холматова,

университет ходими

Read 641 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top