SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

       XIX асрнинг охири XX аср бошларида яшаган, халқ маърифати ва маънавияти учун курашган маърифатпарвар шахслардан бири Беҳбудийнинг шогирди Ҳожи Муин 1883 йилнинг 19 мартида Самарқандда таваллуд топган бўлиб, у диний илмларни бобоси Мирсаид Шариф ўғлидан олган. Кейинчалик Ҳожи Муин ўз билимларини ўша даврнинг зиёлиларидан саналмиш Сайидаҳмад Васлийдан олади ва у орқали замондош маърифатпарварлар билан танишади. Ҳожи Муиннинг ҳаётини тубдан ўзгаришига, теран фикрлашга, ҳар қандай китобларни ақл билан ўқиб, мушоҳада қилишига сабабчи бўлган шахс Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлади.

         Айнан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Мухтасари жуғрофияи умумий” асарининг “Татбиқоти диния” бобида: “Баъзи эски хурофот ва исроилият сўзлари бизнинг тафсир китобларимизгача кириб кетган”[1] деган фикрлари уни ўйга солади. Шу сабабли ҳам ҳар қандай нарсанинг субстанцияси бўлгани каби, сура ва оятларнинг маъно-мазмунини билиш учун, албатта, унинг моҳиятини англаш зарур, деган ғоя унинг асарларида етакчилик қилди.

         Маҳмудхўжа Беҳбудий таълимотининг издоши Ҳожи Муин ҳам усули жадид мактабларини очди, мударрислик қилди, дарсликлар ёзиб чоп эттирди. Ҳожи Муиннинг 1918 йил 28 июнда “Меҳнаткашлар товуши” газетасида чоп этилган “Ёшларимиз ва қизлар тарбияси” номли мақоласида Туркистонда қизларни ўқитадиган мактабларнинг, аёл муаллималарнинг йўқлигини қайғу ва алам билан ёзади.

Ваҳоланки, ислом дини хотин-қизларга ҳуқуқ берган бўлишига қарамай, баъзи туркистонликлар шариатнинг бу қонунидан четлаб ўтиб, уларнинг ҳуқуқларини йўққа чиқарар эди. Кўп хотинлилик, талоқ масалалари, ислом шариати ниқоби остида аёлларни эзиш, уларга зулм қилиш ислом динига тўғри келмаслиги Ҳожи Муиннинг қуйидаги фикрларида ҳам яққол намоён бўлади: “... Мусулмонлар неча асрлардан бери шундай ёмон одатлар ва бузуқ эътиқодлар билан яшаб келган ва бу одат билан эътиқод бизларнинг тамоман руҳимизда ва қонимизда сингишиб қолған”[2].

 XX асрнинг бошларида матбуотда ҳам хотин-қизлар масаласига аталган мақолалар кам эди. Чунки бу даврда ижтимоий фикрда жамиятдаги хотин-қизлар масаласига иккинчи даражали мавзу сифатида қаралган. Ҳақиқий мулло, қози, имом, муддарислар ижтимоий муҳитдаги аёлларнинг роли мавзусига ўша давр ислом омили тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлганлар.

Айниқса, ўша даврда кўп хотинлилик, талоқ масалалари оддий арзимаган ҳолат бўлган бир даврда Ҳожи Муин бу масалаларни келгуси давр билан боғлиқ жиҳатларини кўра олди. Эски хурофотлар ила яшаш, мусулмонларнинг Қуръондаги сура ва оятларни тўғри тушуниб етмаслиги оқибатида эканлиги унинг асарларида қайд этилган. Шунингдек, бу даврда  аёл ва замон мавзуси у ёки бу вақтли матбуотда муҳокама этилган.

         “Ислом динининг қонунлари Арабистон муҳитига қараб тузилгани учун, хотинлар тўғрисидағи моддалар, фикрларда ҳам исломиятдан бурунғи арабларнинг хотинларға қараши ончоғина кўзда тутулиб, кўб ўрунларда эркаклар эга бўлғон ҳуқуқдан хотинлар маҳрум тутулғон.

         Биз ҳам шу динни қабул этгач, хотинлар тўғрисида ҳам қарашимиз арабларча бўла бошлайдир. Очиқ, бўйдоқ ёруғлиқда яшнаб, рўзгор, тирикчиликда шаригимиз бўлғон хотинларни паранжи (ҳижоб) орасида ўрамоққа бошлаймиз. Номаҳрамга кўрунмаги, товушини эркаклар эшитмаги, эркаклар орасида юрмаги гуноҳ соналадир”[3].

Шунинг учун ҳам туркистонликлар аёлларга паст назар билан қараган. Уларни илмли бўлишини, эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлишини истамаганлиги ислом дини талабларини нотўғри тушунганлигидан деб таҳлил этилади.

Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг “Видолашув хутбалари”да ҳам аёлларга яхши муносабатда бўлиш даркорлиги айтиб ўтилган бўлишига қарамай, уларга нисбатан бешафқатлик, зулмкорлик қилиш Аллоҳнинг амрига қарши бориш билан тенгдир. 

Ҳатто, ҳадиси шарифда ҳам илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир, деб айтилгани бежиз эмасдир. Аёллар қанчалик илмли бўлса, туғилажак фарзанд ҳам шунчалик илмли, зеҳнли бўлади. Ана шундай ҳолатларни кўра олган Ҳожи Муиннинг асар ва мақолаларида ҳам хотин-қизлар масаласи ўз ифодасини топгани бежиз эмасдир.

 Жадид маърифатпарварлари сингари Ҳожи Муин ҳам ўз асар ва мақолалари орқали халқни диний ва дунёвий илмлар билан қуроллантиришда беқиёс хизмат қилган шахсдир.

Ҳожи Муиннинг “Мазлума Хотун” асарида Узоқбой исмли 40 ёшли кишининг иккинчи хотин олиш, олганда ҳам унинг ҳунари бор-йўқлигига қараб эмас, балки ҳусн-жамоли аъло ва ёш бўлгани учунлиги масаласи ёритилган. Эшонга қўл берган мулла бу ўткинчи дунё ўтиб кетади, тавба қилмоқ даркор, деган сўзларига қассоб томонидан: “... Хайр, ундай бўлса, сиз оталик қилиб аввал бир яхши қиз топиб, бизни уйлантурунг. Дунёнинг айшу ишратидан бир оз ҳавсаламиз пир бўлсун. Сўнгра молимиздан закот бериб, ҳалол пул билан Маккатуллоға борайлук. Қаро юзимизни ҳожарул асводға суртуб, гуноҳдан пок бўлуб келайлук...”[4]. Янги усул мактабининг муаллими эса: “Нима сабабдан иккинчи хотун олмоқчисиз? деганида “... ҳеч сабабдан эмас. Энди бу хотунимизнинг ёши ўттизларға етуб, унча мазаси қолмабдур. Биз бўлсак ҳали ёш. Кўнглимиз ёш хотун истайдур” дейди”[5].

Авом халқи илгариги вақтларда уламоларга тобе бўлган бўлса, кейинчалик уламолар уларга тобе, хушомадгўй бўлганликларини қуйидаги миcраларда ҳам кўришимиз мумкин: “... халқ орасида жувонбозлик, шаробхўрлик ва кўб хотун олиб, аларга жабру зулм қилишдек шариат манъ қилган ишлар кундан кун кўпайиб кетаёбдур”[6].

Хулоса қилиб айтганда, XIX асрнинг охири XX аср бошларида ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ўзи хотин-қизлар масаласини долзарб мавзу сифатида кўриб чиқилишига эҳтиёж яратди. Жамиятнинг диний-ахлоқий, маънавий қадрияти бундай мураккаб масалани муҳокама қилишга тайёр бўлмаса-да, жадид зиёлилари ижодларида бу мавзу ўз ифодасини топди ҳамда дин омилига алоқадор ўтмиш ва келажакни боғловчи муаммо сифатида намоён бўлди. Бундай қарашлар ичида Ҳожи Муиннинг ижодий асарларини етук ижтимоий-сиёсий ва прогрессив манбалар сифатида эътироф этиш мумкин.

 

Д.Юсупова,

Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ўқитувчиси

 

[1] Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Т.:, “Маънавият”, 2010 йил. 5-бет.

[2] Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Т.:, “Маънавият”, 2010 йил. 83-бет.

[3]Ўктам. “Туркистон” газетаси. Хотинлар масаласи. 1924 йил 14 февраль.  2-бет.

[4] Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Т.:, “Маънавият”, 2010 йил. 210-бет.

[5] Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Т.:, “Маънавият”, 2010 йил. 215-бет.

[6] Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Т.:, “Маънавият”, 2010 йил. 217-бет.

Read 646 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top