SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Жамият фаровонлиги, унинг тинчлиги ва равнақи кўп жиҳатдан инсонларнинг маънавий етуклик даражаси билан белгиланади. Чунки маънан етук, руҳан соғлом инсонгина бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларга бефарқ қарай олмайди.  Зеро, жисмоний қарамликдан, маънавий қарамлик кучлироқ ва хавфлироқдир. Чунончи, бугунги дунё мафкуравий кураш майдонига айланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу кураш кўпроқ ёшлар онги ва қалбини эгаллашга қаратилганини бугунги тиғиз ва шиддатли давр кўрсатиб турибди. Бу кураш гоҳ дин ниқоби остида, гоҳ техник воситалар орқали тарқатилаётганини кўриш, англаш мумкин. Биламизки, қуролнинг кучини ва қанча жойга талофат етказишини аниқлаш мумкин, аммо мафкуранинг кучини бирдан кўриб, аниқлаб бўлмайди. Бу хусусида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов “Ядро полигонларига қараганда, мафкуравий полигонлар кучлироқ ва хавфлироқдир” деб таъкидлаган эди.  Дарҳақиқат, қачонки одамлар муайян мафкура таъсирида ҳаракатга келсагина, салбий ёки ижобий эканини билиш мумкин. Шундай экан, мафкуравий кураш кимларга қаратилгану, нималарда намоён бўлмоқда? Энг муҳими, бу мафкуравий ҳаракатлар кўпроқ ёшлар ва улар орқали маънавиятимиз илдизига болта уришга қаратилаётгани ҳеч кимга, сир эмас. Албатта, бу масала ҳар бир виждонли, маърифатли инсонни ўйлантирмай қолмайди.

Маънавий таҳдид сифатида баҳоланаётган “оммавий маданият” ва унинг ниқоби остида ахлоқсизликни турли кўринишда тарқатиш ғоялари бугунги глобаллашув даврида авж олиб бормоқда. Хусусан, биз оддий ҳол сифатида қабул қилаётган турли фильмлар, сериаллар, клиплар аслида шовқинли, жангари, тошбағир бир ҳаёт тарзини тарғиб этади. Аксарият ёшлар ғарбона ҳаёт тарзини қандай бўлса, шундайлигича ўзлаштирмоқда. Кўп ҳолларда, бизнинг менталитетимизга, яшаш тарзимизга тўғри келадими, йўқми, буни ўйлаб кўрмаяпмиз. Натижада ёшлар арзимас муаммо олдида дош беролмай, енгил‑елпи, ҳавойи бир нафс қурбонига айланишмоқда. Ғарб таклиф этаётган худбинлик, тошбағирлик, эгоцентризм каби иллатларни аксарият инсонлар яшашнинг мазмуни сифатида олмоқда. Ачинарлиси шундаки, ғараз кучлар “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимиз онгини заҳарлаш йўли билан маънавиятимиз илдизига болта уришга ҳаракат қилмоқда. Инсонлар орасида юзага келаётган маънавий қашшоқликни бунинг биргина мисоли сифатида баҳолаш мумкин.

 Маънавий қашшоқ инсон, каттага ҳурмат, инсонни қадрлаш, ота‑онани эъзозлаш каби эзгу фазилатлардан йироқ бўлади. Менталитетимизда ота‑онани, борингки, ўзидан катта инсонларни қадрлаш, улардан шарм қилиш, кўзига тик қарай олмаслик каби юксак инсоний фазилатлар шарқона яшаш тарзи сифатида баҳоланади.  Тасаввур қиляпсизми, биргина интернет орқали танишув йигит ёки қиз, айниқса қизлар ҳаётини ўзгартириб юбормоқда. Чет эллик ажнабий билан оила қуриш оқибатида насллар бузилмоқда. Бу етмагандек, нигилизм, космополитизм, яъни ватансизликни ёқлаш каби зарарли ғояларнинг урчишига сабаб бўлмоқда. Ёки бўлмаса, ғарбона маданият таъсирида ярим яланғоч кийим, ахлоқсиз хатти‑ҳаракат ёки муомала қандай оқибатларга олиб келаётганини юқоридаги каби мисоллар тасдиқлаб турибди. Шундай экан, ёшларни маънавий таҳдидлар ва турли ёт ғоялардан асраш ҳамда ҳимоялашнинг таъсирчан чораларини кўришимиз лозим. Бу жиҳатдан, қуйидагиларга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди:

  • – таълим беришда, кўпроқ миллий менталитетимизга мос кўргазмали қуроллардан, видео ва аудио материаллардан ҳамда ривоят, ҳикоя ва ибратли сўзлардан фойдаланиш;
  • – она заминимизда не‑не буюк зотлар, буюк алломалар, авлиёлар яшаган, уларнинг сиймосини, ибратли ҳаёт йўлини акс этган фильмлар сонини кўпайтириш;
  • – мактабгача таълим йўналишида ватанпарварлик, юрт тинчлиги каби миллий ғояларни расмли, кўргазмали қуроллар, эртак ва ривоятлар орқали сингдириб бориш;
  • – мактабгача таълим йўналишидан бошлаб, ўзбекона, миллий хусусиятларни шакллантириш;
  • – таълим жараёнида Ўзбекистоннинг бой тарихи, маънавий мерослари ва миллий қадриятларини сингдириб бориш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларни миллий менталитетимизга мос ва хос қилиб тарбияласак, ўйлайманки, ҳар қандай маънавий таҳдид уларнинг онгу қалбини, яшаш тарзини эгаллай олмайди. Зеро, маънан бой, ақлан камолга етган, баркамол ёшларгина буюк келажакнинг мустаҳкам пойдеворини қуриши мумкин.  

 Саодат Холматова,

Тошкент ислом университети Ўқув-услубий бўлим

иш юритувчиси

Read 376 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top