SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Мовароуннаҳр илм-фан ривожига ҳисса қўшган илмий марказ сифатида дунёга танилган. Бу ердан етишиб чиққан алломалар турли соҳаларда аниқ ва табиий фанлар, фалсафа, адабиёт, шунингдек, ислом илмлари йўналишларида, жумладан, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва калом илмларига оид ўзларидан бой илмий мерос қолдиришган. Ушбу соҳалар ичида калом соҳаси ривожига Имом Абу Ҳанифа, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Умар Насафий, Усмон Ўший каби алломаларимиз ўз ҳиссасини қўшишган. Улар ичида Абу Ҳанифанинг “Ал-Фиқҳ ал-акбар” ва Усмон Ўшийнинг “Бадъ ал-амолий” асари ўзига хос ўрин тутади. Бу асарлар турли даврда ёзилган бўлишига қарамай, улардаги ақидавий масалалар бири-бирини тўлдиради.

Абу Ҳанифанинг “Ал-Фиқҳ ал-акбар” асари  калом илмига бағишланган, матн шаклида ёзилган илк асарлардан ҳисобланади. Рисолада қуйидаги ақидавий масалалар келтирилган: имон асослари, Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари, Қуръон, қазо ва қадар, пайғамбарлар, чаҳориёрлар, гуноҳи кабира ва такфир масаласи, мўъжиза, каромат, истидрож ва эсхатологик масалалар.

     Усмон Ўшийнинг “Бадъ ал-амолий” асари “Ал-Фиқҳ ал-акбар”дан фарқли равишда шеърий шаклда ёзилган ва ҳар бир байт охири “лом” ҳарфи билан тугалланган. Шунинг учун у “Қасидайи ломия” номи билан аталган. Асарда қуйидаги мавзулар келтирилган: тавҳид, имон, Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари, “шай” масаласи, қазо ва қадар, Қуръон, истиво, эсхатологик қарашлар, пайғамбарлар, чаҳориёрлар, исро ва меърож, каромат, шафоат тушунчаси, гуноҳи кабира ва такфир, Зулқарнайн ва Луқмон,  Язид ибн Муовия ҳақида, руҳ, ризқ, дуо ва васила қилиш каби масалалар ёритилган.

     “Ал-Фиқҳ ал-акбар” ва “Бадъ ал-амолий” асарларини ўзаро қиёслайдиган бўлсак, ҳар икки матндаги асосий ўхшаш жиҳат мавзуларнинг қисқа ва лўнда, далилсиз баён этилгани билан характерланади. “Бадъ ал-амолий” асари мавзулари “Ал-Фиқҳ ал-акбар”га нисбатан анча тартибли жойлаштирилган ва унда келмаган бир қанча тушунчалар келтирилган. Бу ҳолат ҳар икки олимнинг яшаган даври ва ижтимоий муҳити билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлари  билан тавсифланади.

Бу икки асарнинг мазмунларини бир-бирига солиштирганда қуйидаги мавзуларнинг ҳар икки матнда ҳам кўриб чиқилганига гувоҳ бўлинади: тавҳид, имон, унинг асослари, озайиши ва кўпайиши, Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари, Қуръон, эсхатологик қарашлар, пайғамбарлар, чаҳориёрлар, исро ва меърож, авлиёларнинг каромати, гуноҳи кабира ва такфир масаласи кабилар.

Юқорида келтирилган мавзулар ҳар икки рисолада ҳам ўрганилган бўлиб, фақатгина масалаларнинг ёритилиши ва ўрганилишида асарларда танланган услуб бир-биридан фарқланади. Масалан, тавҳид масаласи ҳақида “Ал-Фиқҳ ал-акбар”да шундай дейилади: “Аллоҳ бирдир. Унинг бирлиги сон жиҳатидан эмас. Балки, шериги йўқлиги, туғмаганлиги, туғилмаганлиги, тенги йўқлиги, махлуқлардан бирор нарсага ўхшамаслиги, унга махлуқларидан бирор нарсанинг ўхшамаслиги жиҳатидандир”[1].

“Бадъ ал-амолий” асарида эса бу масала қуйидагича келади:

يقول العبد في بدء الامالي *** لتوحيد بنظم كاللآلي

Сўз бошлар имлолар бошида банда

Дурлардек назм-ла тавҳид ҳақинда.[2]

Асар ушбу мисралар билан бошланади. Байтда бу масала умумий равишда “тавҳид ҳақинда” деб ифодаланган бўлиб, у айнан тавҳид илмига бағишланганлигини кўрсатади. Кейинги сатрларда бу тушунча кетма-кет равишда моҳияти очиб берилади:

و مستغن الاهى عن نساء *** و اولاد اناث او رجال

Роббимиз олийдир муҳтож қолишдан,

Қиз ё ўғил бола-ю хотин олишдан.[3]

Усмон Ўший “ал-Фиқҳ ал-акбар”да учрамаган қуйидаги масалаларни “Бадъ ал-амолий” асарига киритган: “шай” масаласи, номавжуднинг “шай” эмаслиги, истиво, ақли бор кишининг Аллоҳни таниши лозимлиги, бўлинмас жузнинг ақлан мумкинлиги, дунёнинг яратилиши, Зулқарнайн ва Луқмон, Язид ибн Муовия, руҳ, ризқ, дуо ва васила қилиш кабилар. Улар ичида “шай” дейиш масаласи асарда қуйидагича келган:

نسمي الله شيئا لا كالاشياء *** و ذاتا عن جهات الست خالي

Аллоҳ бетимсол шай деб аташ бор,

Ҳам зот деймиз, аммо эмас тарафдор.[4]

Юқорида келтирилган байт “Бадъ ал-амолий”нинг ёш исломшунос тадқиқотчи олимларидан бири Абдулқодир Абдураҳим томонидан ёзилган “Эътиқод дурдоналари” номли шарҳида шундай шарҳланади:

“Аҳли сунна жамоада Аллоҳ таолони зот жиҳатидан ҳам, сифат жиҳатидан ҳам бошқа шайларга мутлақо ўхшамайди ва Аллоҳ таолога нисбатан нарса сўзини қўллаш тўғрисида эса бу сўзни бошқаларга қараганда У зотга қўллаш аълороқдир, деб эътиқод қилинади. Чунки бор нарсаларнигина нарса деб номлаш мумкинлиги эътиборга олинганда, Аллоҳ таолонинг бор эканлиги бошқа нарсалар каби эмас, балки бор бўлиши вожиб бўлган зотдир”[5].

Калом илмида бу масала аллома яшаган даврда кўплаб баҳс-мунозара қилинган. Шунинг учун олим шу мавзуни киритган. Шунингдек, икки юз йил олдин Имом Мотуридий ҳам машҳур “Тавҳид” номли китобида ушбу масала бўйича сўз юритиб, Аллоҳ таолони “шай”, яъни нарса деб аташ мумкинлигини баён қилган.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳанифа “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарида ақидавий тушунчаларни ўз замонасидаги мавжуд ҳолатлардан келиб чиқиб қисқа ва аниқ қилиб ёритган. Усмон Ўшийнинг “Бадъ ал-амолий” асарида келтирилган ақидавий масалалар эса унинг даврида фалсафанинг каломга бевосита таъсир қилганини кўрсатади. Айниқса, бу “шай” масаласи, номавжуднинг “шай” эмаслиги, бўлинмас жузнинг ақлан мумкинлиги, дунёнинг яратилиши каби мавзуларда намоён бўлади. Бу рисолалар нафақат ўз замонида, балки бугунги кунда ҳам аҳли сунна вал жамоа эътиқодий тушунчаларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унга калом илми олимлари томонидан ўрганилиб, кўплаб шарҳлар ёзилмоқда.

М.Жалолдинова,

 университет талабаси

 

[1]Абдураҳим А. Ақоид дарслиги. - Т.: ТИУ. 2007. – Б 26.

[2]Абдураҳим А. Эътиқод дурдоналари. - Т.: ТИУ. 2012. – Б 16.

[3] Ўша манба. – Б.91

[4] А.Абдураҳим. Эътиқод дурдоналари. - Т.: ТИУ. 2012. – Б 59.

[5] Ўша манба.

Read 1592 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top