SJ News II - шаблон joomla Авто

20170909

Ҳар бир миллатнинг орзуси толеига ярайдиган фарзандлар улғайтиришдир. Зеро, улар халқнинг ғурури ва ифтихори саналади. Ҳар бир ота-она фарзанди ақлан ва жисмонан соғлом, юксак салоҳиятли бўлишини истайди. Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига асосан болаликда пойдевор қўйилади. Фарзанд тарбиясида оиладаги муҳит соғлом бўлиши керак. Бола тарбияланаётган оилада ота-она ўзаро тотув бўлиши, бир-бирига бўлган самимий муносабати, вафодорлиги, ишонч ва ҳурмати, оғир вазмин бўлиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ақл билан иш тутиши, иззат ҳурмат билан бир-бирларининг қалбига йўл топишга интилишлари фарзанд тарбиясига ижобий таъсир этади. Оилада камол топаётган ҳар бир болага хушмуомалаликни ўргатиш зарур. Чунки, инсонда хушмуомалалик хислати бўлмаса, атрофдагиларга ижобий фикр уйғотиш туйғуси ҳам шаклланмайди.

Оилада ота олижаноб, кенгфеъл, босиқ, мулоҳазали ва озгина сиёсатлироқ; она эса меҳрибон, раҳмли, болаларни беҳуда қарғамайдиган ва мулойим бўлиши керак. Аслида фарзандлар таълим-тарбиясида, муомаласида босиқлик ва эҳтиёткорлик, унинг юриш-туриш, бошқалар билан муносабатда, ахлоқий меъёрларга риоя этишни доим таъкидлаб туриш зарур.

Оила унда камол топаётган фарзандлар келажаги юртнинг, миллатнинг эртасини ҳал қилувчи кучи эканлигини чуқур англаган ота-боболаримиз ўзларининг авлодларига бой маънавий мерос қолдирганлар. Бизнинг заминда яшаб ижод этган, дунё илм-фан хазинасига беадад улуш кўшган ал-Хоразмий, ал-Беруний, Аҳмад Фарғоний, ал-Фаробий, Ибн Сино, аз-Замаҳшарий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий каби алломалар илмий меросини ўрганмасдан, таҳлил этмасдан туриб биз оилада фарзандларимизни шахс сифатида шакллантирувчи омиллар ҳақида батафсил фикр юрита олмаймиз.

Ибн Сино тарбиявий қарашларида оила ва оилавий масалаларга кенг ўрин берилган. Ота оилада ўз фарзандларига  ҳар томонлама юриш-туришда, нутқ одобида, сўз маданиятида, ўзаро муомала жараёнида энг муҳими амалий иш фаолиятида тўғрилик ва хаққонийлик, самимийликка намуна бўлмоғи керак. Оилада фарзанд тарбиясининг тўғри йўлга қўйишнинг асосий воситаси унинг маънавий оламида эътиқодни шакллантириш, деб ҳисоблаган эди олим.

Оила тарбиясидаги  болалар  хаётини тўғри уюштириш, уларни вактдан тўғри ва унумли фойдаланишнинг асосий гарови эканлигини ота-оналар ўз фарзандларига уқтиришлари лозим. Шунда ота-оналар фарзанднинг оиладаги мехнатсеварлиги билан фарзандларини касб ва ҳунарга ўргатишлари осон кечади. Оилада амалга ошириладиган тарбия мазмуни фарзандда ўз ота – онасидан, оиласи, аждодлари  тарихидан, ўзи туғилиб ўсган ўлкаси, ватани, миллати, халқи, тили, дини, анъаналаридан ғурурланиш ҳиссини шакллантирмоғи керак. Ота–онаниг бурчи ўз фарзандларининг бахтли келажагини таъминлашни кўзлаб, уни жамиятга наф келтирувчи соғлом, баркамол шахс этиб тарбиялашдан иборат.

Луқмони Ҳакимдан “Нега ўғлингизга жуда кўп насиҳат қиласиз?” деб сўрашди. У зот: “Кексаларнинг ёшларга қилган насиҳати худди кўчатларни вояга етказадиган боғбон кабидир. У вақт-вақти билан кўчатларнинг ортиқча шоҳларини кесади, улар атрофидаги бегона ўт-ўланларни тозалаб ташлайди. Хуллас, унинг мустаҳкам бўлиб ўсиши учун бор куч-қувватини сарфлайди. Агар шундай қилса, ниҳол яхши ўсиб, унади. Зеро, у ҳосилга киргач, меваси асалдек ширин бўлади. Акс ҳолда, боғбон бепарво бўлиб, кўчатларнинг ортиқча шохларини кесмаса, улар баланд ўсиб, яхши ҳосил бермайди. Натижада, бундай ниҳолдан боғбонга кам фойда етади", деб айтган экан.

ХII асрда яшаб ижод этган улуғ шоир, давлат арбоби  Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билик” асарида шундай ёзган эди:

Ўзим ўлсам, эзгу отим қолса бас,

Қолиб мангу отим, тирик бўлса бас.

Инсон номи фарзанд туфайли боқий яшайди. Фарзанд бу ҳаётнинг давомчиси, ота-онанинг суянчи ва келажагидир. Фарзанд тарбияси оғир иш, у кўздан кетмас шарпадир. Яхши фарзанд ота-онага олқиш олиб келса, ёмони эса иснод олиб келади.

 Фарзандларга дунёвий ва диний қадриятларни уйғунлаштирган олган ҳолда замон билан олға боришни, миллийликни йўқотмасликни, уни қадрлашни қалбан ва руҳан бу жиддий масъулиятни ҳис этишларида ёрдам бериш ота-онанинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Миллий қадриятлар асосида тарбия олган фарзандлар босиқлик, кескин вазиялартда ҳам муаммоларни тинчлик, мубоҳаса, музокара, мунозара йўли билан ҳал қилишга интилади. Бундай фарзанд борига шукр қилади, йўғига сабр этади.  Ҳаётнинг негизи кундалик меҳнат эканлигини тан олиб, унга риоя қилади. Ўз ўрнида у ҳам ота-онасига ва фарзандларига алоҳида меҳрибонлик кўрсата олади. Тарбиядаги барқарорлик ҳисси, осудалик, сабрлилик, ишбилармонлик, меҳнатсеварлик, бошқалар билан муросанинг мавжудлиги баркамол авлод тарбиясида ижобий роль ўйнайди.

Мустақилликка эришган юртимизда ёш авлод камолотига алоҳида ва кенг кўламли эътибор қаратилди. Бугун мамлакатимиз аҳолисининг маънавий-маърифий савияси ошиб, таълим тизими тўхтовсиз кенгайиб бормоқда. Бугунги фарзандларимиз дунёнинг энг илғор ва ривожланган мамлакатларидаги донгдор ёшлар билан тенглашишга, ҳатто улардан ўзиб кетишга интилмоқда.

Маънавий тарбия орқали ёшларда яхши ахлоқ, шижоат, раҳмдиллик ва меҳнатсеварлик сифатлари шаклланади. Соғлом насл ва зурриёдни дунёга келтириш, одамзотнинг бебаҳо неъмати бўлмиш фарзандларни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш нафақат аждодлар орзуси, балки янги, обод ва озод Ватан барпо этувчи шахснинг жамият ва давлат олдидаги маънавий бурчи эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Хатамов Шахзод,

университет "Тарих" кафедраси кабинет мудири

Read 2032 times
Share this article

Biz bilan bog'lanish

      

       100011, Toshkent shahar,

       Abdulla Qodiriy ko'chasi, 11-uy

       Tel: +998 (71) 244-00-91

       e-mail: Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo. , Questo indirizzo email è protetto dagli spambots. E' necessario abilitare JavaScript per vederlo.

       fax: 244-00-65

 

Top