IT Newsy 4 - шаблон joomla Видео

MUROJAATLAR

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali
Murojaat kelib tushdi 5
Yakunlangan 2
Qayta ishlash jarayonida 3
Rad etildi 0
Ishonch telefoni orqali
Murojaat kelib tushdi 10
Yakunlangan 10
(22.05.2017 yil holatiga)

TASHRIFLAR TAHLILI

48117
BugunBugun963
KechaKecha1385
Bu hafta	Bu hafta 7847
Bu oyBu oy33111
Hammasi bo'libHammasi bo'lib48117

TASHRIFLAR ON-LINE

We have 134 guests and no members online

Tashkent Islamic University Motto ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE

Ўзбекистонда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили амалда (давоми)

Мамлакатимиз аҳолисининг, айниқса ёшларимизнинг дунёвий, илмий ахлоқий салоҳиятини юксалтириш, уларда юрт истиқлолига садоқат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини кучайтириш, жамиятимизда диний мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишини олдини олиш, ўлкамизда ижтимоий-маънавий ва сиёсий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан бир қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Аммо, айрим мутаассиб оқим ва гуруҳларнинг вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун талабларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйилиши,  динни ниқоб қилиб, фуқароларнинг шахси,  ҳаёти ва мулкига қарши қаратилган турли хил жиноятларнинг содир этилиши оқибатида конституциявий тузум ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солган ҳолатлар учрамоқда. Айни дамда, бундай ноқонуний ҳаракатларни амалга оширувчи оқимларнинг фаолияти тақиқланган.

Мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар, экстремистик ҳаракатларни содир этмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили бизнинг дастуриламалимизга айланган[1].

Шундай экан, жамиятда беқарорликни ижтимоий парокандаликни келтириб чиқаришга уринаётган бир қатор мутаассиб оқимларнинг фаолиятини таъқиқланишини эътиқод эркинлигига зид, деб баҳолаш мутлақо асоссиздир. Бироқ жамиятимизда бу каби мутаассиб оқимларга қўшилиб қолаётган ёшларни ҳам инкор этиб бўлмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун бундай ҳаракатларга қўшилиб қолган ёшларнинг авф этилиб, соғлом жамият қаторига қайтариш, бу борадаги энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Хўш, айрим адашган ёшларимизни авф этилишининг  боиси нимада?

Диний экстремистик оқимларга қўшилиб қолган ёшларнинг авф этилиши ўзбекона бағрикенглик-инсонпарварлик ва адолатпарварликнинг нишонаси бўлиб, уларни нотўғри йўлдан  қайтариш,  улар ўртасида диний мутаассибликнинг олдини олиш, Ватанига, ота-онаси, оиласи бағрига қайтариш, тинч ҳаёт кечиришни ният қилган бу тоифа шахсларга яна бир бор имкон бериш, умрларини беҳуда барбод бўлишига йўл қўймаслик каби мақсадларга қаратилган.

Аслида бундай адашган кишилар фақат ижрочи ёки  “Қўғирчоқ” бўлиб, панада турган, террорчига қарши кураш биринчи навбатда нима эканини англаши лозим. Шу билан бирга, адашиб, алданиб билиб-билмай бундай  йўлларга кириб қолган шахсларни яна ижтимоий-соғлом ҳаётга қайтариш, уларни тўғри йўлга чорлаб, омон-эсон  ўз оиласи қучоғида яшаш жамиятда олий ҳиммат фазилатларни юзага келтирувчи омиллардан ҳисобланади.

Ҳозирда Республикадаги жазо муддатини ўтаётган жами маҳкумларнинг аҳволи ва ички дунёсини ўрганиш, бу йўлга кириб қолишининг асл сабабларини аниқлаш, ўз хатосини тушуниб етганларини тўғри йўл ва жамиятга қайтариш, оиласи, маҳалласига келгач яна мутаассиблик таъсирига тушиб қолмаслигининг олдини олиш мақсадида уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилмоқда. Бу жараёнда маҳкумлар танлаган йўлнинг нотўғри эканлиги диний манбалар ҳамда давлат қонунлари асосида тушунтирилиб келинмоқда. Шунингдек, улар жамиятда ўз ўринларини топиб ишлашлари учун ҳукуматимиз томонидан қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган бу тоифа шахсларга  жойлардаги “Ижтимоий кўникма”  марказлари томонидан энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида моддий ёрдам кўрсатилиб, маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш  органлари  ҳамкорлигида  уларнинг паспорт олиш, яшаш жойида рўйхатда туриш  ҳамда ишга жойлашишларида ҳам ёрдам бериб келинмоқда.

Қолаверса, тегишли ижтимоийлаштириш  ишлари олиб, борилиб, бу тоифаги кишилар ишлаш ва иш жойларида кўникма ҳосил қилишлари, атрофдагилар билан яхши муносабат ўрнатишлари учун ҳар томонлама маънавий қўллаб-қувватланмоқда.

Айниқса, мазкур шахсларни вилоят, шаҳар ва туманнинг жойлардаги имом-хатибларга бириктирилиб, оиласидаги ижтимоий вазиятни чуқур ўрганиб чиқиш, яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш, уларни тиббий  кўрикдан  ўтказиш, касалманд ва ногиронларни алоҳида эътиборга олиш ҳамда ғамхўрлик кўрсатиш, эҳтиёжларини (ишга жойлашиш, нафақа пулларини вақтида олиш ва ҳ.к.) инобатга олган  ҳолда уларга ёрдам кўрсатиш амалиёти ҳам йўлга қўйилганини алоҳида таъкиддаш зарур. Шуни айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда турли норасмий харакатларга қўшилиб қолган шахсларни тўғри йўлга қайтариш, уларни жамиятда ўз ўрнини эгаллашлари учун етарли даражада эътибор қаратилиб келинмоқда. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар эса, бу соҳада олиб борилаётган чуқур ислоҳотларнинг натижаси бўлса, иккинчи томондан, мазкур ҳолат жаҳолатга қарши маърифатни билдиради.

Бироқ, мазкур ҳолатларнинг юзага келиши биринчи навбатда илмсизликка, маърифатсизликка, маънавий қашшоқликка бориб тақалади. Биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашар эканмиз, аввало ёшларимизга чуқур илм эгаллашларига имконият яратиб бериш билан бирга, уларни китоб мутоаласига тарғиб қилишимиз лозим. Чунки бу йўл ҳам, жаҳолатга қарши энг самарали воситадир. Бу орқали ёшларимизда билим шаклланиб боради.

Шундай экан, ҳар бир ёш билим олишга, маърифатли бўлишга интилиши лозим. Чунки маънан етук, маърифатли жамиятгина ташқи ва ички кучлар таъсиридан ҳимояланиши мумкин. Зеро, жамиятимиз тинчлиги ва фаровонлиги, равнақи учун жаҳолатга қарши маърифат курашиш ғояси асос қилиб олинган.

Қолаверса, ёшлар ўз фаолиятида турли хил ғоявий ва мафкуравий тўсиқларга учрамаслиги учун, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ёшлар орасида соғлом муҳитни яратиш, диний қадриятлар ва диний бағрикенглик тамойилини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг ташувчилари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган. Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек: “Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз хиссамизни қўшиш-бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак”.

Шундай қилиб айтганда турли диний оқимлар, ёт ғоялар – жаҳолат, ёвузлик ва ваҳшийликка бошлайди. Шундай экан жамиятда ўсиб келаётган ёш авлодни бундай бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва хавфсизлик тушунчаси дунё миқёсида глобал муаммога айланган даврда юртимизда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг тинчлик ва осойишталикни сақлаш ва таъминлаш муқаддас бурч эканлигини англатмоқ керак.[2]

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз даркор. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилаётгани, жамиятга ҳар томонлама зарар етказилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳаракатлар ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига замин яратмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги кунда инсонларни юқорида қайд этилган зарарли, манфур офатлардан асраш барчани янада ҳушёрликка, эҳтиёткорликка, ҳар жиҳатдан ақл-идрок билан иш тутишга ундайди.

Фойдаланган манба ва адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиет кафолатлари. Т.: Ўзбекистон,  1997.– 44 б.
  2. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. – Т.: - “Маънавият”, 2008. – 4 б.
  3. Ҳасанбоев Ў. Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари: диний ташкилотлар, оқимлар, мафкуравий курашнинг долзарб йўналишлари. Т.: – Тошкент ислом университети нашриёт матбаа бирлашмаси, 2014. - 364 б.
  4. “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маънавий- маърифий асослари” ўқув қулланма. Т.: - Тошкент ислом университети нашриёт матбаа бирлашмаси, 2012 йил.
  5. Маърифат гулшани. Тузувчилар К.А.Шермуҳаммедов, Г.А.Алимова, М.И.Абубакирова – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014 йил.
  6. Диншуносликнинг долзарб муаммолари. Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017 йил.

Бобирмирзо Ботиров,

“Диншунослик” йўналиши 4-курс талабаси

 

[1] Диншуносликнинг долзарб муаммолари. Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017. – Б. 184-185.

[2] Диншуносликнинг долзарб муаммолари. Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017. – Б. 189. 

mulakat