IT Newsy 4 - шаблон joomla Видео

MUROJAATLAR

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali
Murojaat kelib tushdi 5
Yakunlangan 2
Qayta ishlash jarayonida 3
Rad etildi 0
Ishonch telefoni orqali
Murojaat kelib tushdi 10
Yakunlangan 10
(22.05.2017 yil holatiga)

TASHRIFLAR TAHLILI

48117
BugunBugun963
KechaKecha1385
Bu hafta	Bu hafta 7847
Bu oyBu oy33111
Hammasi bo'libHammasi bo'lib48117

TASHRIFLAR ON-LINE

We have 107 guests and no members online

Tashkent Islamic University Motto ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE

Ёшларда диний экстремизм ва терроризмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг аҳамияти

XX асрнинг охирига келиб дунёда, айниқса, унинг жўғрофий-сиёсий харитасида катта ўзгаришлар бўлди, янги-янги мустақил давлатлар пайдо бўлиб, жаҳон ҳамжамиятига келиб қўшилдилар. Шу билан бирга, бу асрнинг охири ўзига хос тарзда диний қадриятларга қайтиш даври ҳам бўлди.

Марказий Осиёнинг мустақилликка эришган мамлакатларида ислом таълимоти номидан иш кўриш, ўз давлати сиёсатини ислом воситасида “таҳлил” қилишга уриниш, шу йўлда турли хил фитналар, бўҳтонлар уюштириш, бузғунчилик ҳаракатлари ҳам кучайди. Мазкур мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда турли носоғлом ғоялар, экстремистик оқимларнинг мақсадлари ва кирдикорларини оммага тушунтириш, бундай оқимлар фаолиятини чеклаш ва таъқиқлашга эътибор кучайтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи  Президенти И.А.Каримов бу ҳақда шундай деган эдилар: “Афсуски, инсоният тарихида диний онгнинг ажралмас қисми бўлган одамлардаги эътиқоддан фақат бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч, ҳатто фанатизм (ўта кетган мутаассиблик) сифатида фойдаланилганлигини кўрсатувчи мисоллар кўп” [1].

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда вужудга келган ва фаолият олиб боришга ҳаракат қилган носоғлом кучлар турли экстремистик гуруҳлар фаолиятида ҳам буни кузатиш мумкин. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Республикамизда турли “шиор”, “ғоя” баҳона важлар ниқобида амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари диний фундаментализм асосларига таянган динни сиёсийлаштириш оқибатидир.

Ислом Каримов ислом дини ҳозирги даврда ҳам муайян Ўзбекистон шароитида жамиятимизнинг ижтимоий, маданий-маънавий тараққиётида улкан хизмат қилиши ва хизмат ҳам қилаётганини таъкидлаган ҳолда, ислом динидан ҳокимият учун кураш воситаси сифатида фойдаланаётган айрим кучларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли катта хавф сақланиб қолаётганини ҳам таъкидлайди: “Бир томондан, ислом динининг маданий қадриятлари ва анъаналари, жаҳон миқёсида ислом дини қолдирган жуда улкан маънавий мерос нафақат минтақамизнинг тарихий ривожланишига кўп жиҳатдан қўшилган хиссасини, балки, унинг ҳозир шаклланиб бораётган, сифат жиҳатдан янги қиёфасини ҳам белгилаб бермоқда. Иккинчи томондан, ислом динидан сиёсий кураш учун, омманинг сиёсий онгига таъсир кўрсатиш воситаларига эга бўлиш учун қурол сифатида фойдаланилмоқда. У бир туғ вазифасини бажаришга қодир. Бу туғ остида эса аниқ бир дастурий мақсадларни изловчи эмас, балки фақат кўрсатмага-ҳокимият учун кураш олиб бориш ҳақидаги кўрсатмага амал қилувчи кучлар бирлашади” [2].

Мамлакатимизда ҳалқимизнинг маданияти-маънавиятига зарар етказишга ҳаракат қилаётган, айниқса, миллий ўзлигимизни англашга тўсқинлик қилаётган ҳалқаро майдонда XXI аср вабоси деб баҳоланган диний фундаментализм ва диний экстремизмга қарши қандай чора ва тадбирлар олиб борилаётганлигига эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон мустақиллигини қўлга киритгандан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов раҳбарлигида жаҳонда тинчлик ва барқарорлик учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашувчи давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин олиб, терроризмга, қарши курашнинг ташаббускори бўлиб майдонга чиқди. Шу сабабли жаҳондаги барча дунё ҳамжамиятига кирган давлатлар ва БМТ Ўзбекистонга юксак ҳурмат билан ёндоша бошладилар. Чунки БМТни халқаро терроризм ва экстремизмга, жаҳонда барқарор тинчлик учун кураши борасидаги таъсирли ҳаракатига Ўзбекистоннинг бир қатор тадбирларга ташаббускорлиги алоҳида аҳамиятга эгадир. Жумладан, 1997 йилнинг 15-16 сентябрида Тошкентда “Марказий Осиё – ядро қуролидан холи зона” мавзусидаги халқаро конференция муҳим аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилди. Бу анжуманда И.А.Каримов катта нутқ сўзлаб, унда “Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зонанинг барпо этилиши ва унинг фаолият кўрсатиши – ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги шартноманинг қабул қилиниши, у асосида қабул қилинган қарорлар доирасида белгилаб берилган дунё миқиёсидаги ядро хавфсизлиги халқаро тизимининг ажралмас қисми бўлиб қолади.

И.А.Каримов 1999 йил 18 ноябрда Туркиянинг Истамбул шаҳрида ЕХҲТ (Европа хавфсизлиги ҳаракати ташкилоти) саммитида сўзга чиқиб, БМТ таркибида “Халқаро терроризмга қарши кураш маркази”ни ташкил этиш тўғрисида таклиф киритган эди. 2001 йил 28 сентябрида БМТ Хавфсизлик кенгаши халқаро ҳамжамият саъй-харакатларини мувофиқлаштирувчи  “Терроризмга қарши кураш бўйича қўмитани” ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор 2001 йил 11 сентябрда АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида даҳшатли террор амалга оширилгандан кейин қабул қилинди.

1996 йил 3 декабрида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)га аъзо давлатлар бошлиқлари учрашувида ҳам Ислом Каримов Афғонистондаги можарони тўхтатиш, бу хавфнинг кучайиб ташқарига, халқаро майдонга чиқиб кетмаслиги учун ҳозирдан Афғонистонга қурол-яроғ аслаҳа олиб киришни таъқиқлаш зарурлигини эслатган эди.

Ана шу мазмунда ундан олдин 1999 йил 11 ноябрда “Народное слово” газетасида эълон қилинган “Халқаро терроризмга биргаликда қарши курашиш” тўғрисидаги Президент ҳузуридаги давлат ва ижтимоий жамият қурилиши академияси, имом ал-Бухорий халқаро фонди, Халқаро муносабатлар институти ва ташкилоти шу билан бирга Ўзбекистон, Германия, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа МДҲдаги давлатлар олим ва мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро терроризмнинг моҳиятига, ундан кутиладиган хавфга тўғри баҳо берилганлиги ҳам Халқаро экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини, бу халқаро фалокатнинг олдини олишнинг услубий шакли ҳақида имкониятлар беради. Ушбу баёнот муносабати билан И.А.Каримов оммавий ахборот ходимлари, журналистлар билан савол-жавобда шундай деган эди: “Қўрқитиш, дўқ-пўписа, ҳар хил фитналар уюштириш террорчиларнинг қуроли эканини яхши биламиз. Лекин одамни қаҳру-ғазабини қўзғайдиган жойи шундаки, дор остидан қочган жиноятчи бу кимсаларнинг муқаддас динимиз номидан гапиришга нима ҳаққи бор” [3].

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирининг саволларига берган жавобларида И.А.Каримов таъкидлаганидек: “Мамлакатимиз ташқарисидаги тажовузкор, ақидапараст кучлар бўлиб, улар “Ислом дини халқимиз учун муқаддас қадрият эканидан фойдаланиб, ота-боболаримиз динини ниқоб қилиб, Ўзбекистонни демократик маърифий тараққиёт йўлидан оғдиришга, уни орқага қайтаришга уринмоқдалар” [4] – деган фикрни аниқ ва лўнда қилиб, террористик ва экстремистик кучларнинг Ўзбекистон тўғрисидаги мақсадларини кўрсатиб берган эди.

Диний экстремизм ва тероризмга қарши курашда халқаро маънавий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашдан мақсад шундан иборатки, бу ғаразли кучлар жаҳон миқёсида диний эътиқоддаги турли миллат вакилларини шу жумладан ислом динига эътиқодда бўлган мўмин-мусулмонларни дин ниқоби остида миллий ва умуминсоний маънавий-маърифий меросдан, миллий ўзликдан маҳрум қилиш, маънавият ва маърифат ўрнини жаҳолатга бошловчи турли хил гуруҳлар, ташкилот ва партиялар тузиб, ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қилмоқдалар. Чунки ана шундай шароитда Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистондаги баъзи экстремистик кучлар дин, ислом дини ниқоби остида ўзларининг ғаразли истак ва мақсадларини амалга ошириш мақсадида кишиларни маънавий-маърифий жиҳатдан заҳарлаб (асосан ёшларни содда, лақма кишиларни эргаштириб) сиёсий ҳокимиятни эгаллашга интиладилар. “Битта масала барчамизга аён бўлиши керак. Портлашларни кўр-кўрона бажарган онги паст, калтабин, мияси заҳарланган ижрочилар бор. Шунингдек, буларни уюштириб ўз ҳалқига қарши жиноятга йўллаган ташкилотчи ва раҳнамолари ҳам борки, уларни бир-биридан ажратиш, ҳар қайсисига алоҳида баҳо бериш зарур”.

Бундан маълум бўладики, террорчиларнинг ижрочи гуруҳи бевосита қўпорувчилик ишлари билан шуғулланадилар, уларга қарши қурол ва куч билан курашиш керак. Иккинчи гуруҳ эса, панада туриб уларга ғоявий-амалий йўл-йўриқлар беради ва айнан шулар терроризмнинг асосидирки, уларга қарши курашишнинг энг мақбул ва самарали йўли маърифатдир. Бошқача айтганда унинг илдизини маърифат билан қуритиш, енгиш мумкин. Барча даврларда, барча мамлакатларда инсониятнинг энг илғор вакиллари маърифатга интилиб, жамиятни огоҳликка даъват қилиб келганлар.

Мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар, экстремистик ҳаракатларни содир этмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. И.А.Каримов бу ҳақда шундай деган эдилар: “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”[5].

Г.Сапарова, 

Нукус Давлат педагогика

институти катта ўқитувчиси

 

[1] Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. –Тошкент: Ўзбекистон, 1998. –Б.54.

[2]Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. –Тошкент: Ўзбекистон, 1998. –Б.57.

[3]“Туркистон”, 2001 йил 10 октябр, 83-84 сонлари.

[4]Каримов И.А. “Хушёрликка даъват”. -Тошкент: Ўзбекистон, -1999. –Б.9.

[5]Ислом Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. Т., “Маънавият”, 2008 й.,119-б.

mulakat