IT Newsy 4 - шаблон joomla Видео

MUROJAATLAR

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali
Murojaat kelib tushdi 5
Yakunlangan 2
Qayta ishlash jarayonida 3
Rad etildi 0
Ishonch telefoni orqali
Murojaat kelib tushdi 10
Yakunlangan 10
(22.05.2017 yil holatiga)

TASHRIFLAR TAHLILI

48116
BugunBugun962
KechaKecha1385
Bu hafta	Bu hafta 7846
Bu oyBu oy33110
Hammasi bo'libHammasi bo'lib48116

TASHRIFLAR ON-LINE

We have 92 guests and no members online

Tashkent Islamic University Motto ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE

Исломда  илм  ўрганиш одоби

 Ислом – ҳар бир инсонни комиллик сари,  инсонийликнинг олий чўққиси сари етаклайдиган, оламда қандай яшаш, ўзидан кейин оламни қай тарзда қолдириб кетиш, оламни ҳар томонлама гўзал амаллар билан безаб кетиш илмини ўргатадиган табаррук ва муборак диндир.

Қуръони каримнинг 754 жойида “илм” калимасининг зикр  этилиши бежиз эмас. Инсониятнинг илмсизлиги уни маънавий ҳалокатга олиб боради. Илм ўрганиш, ўз илмини бошқаларга етказиш, илм орқали оламни қандай ўзгартириш, бу борада қандай ишларни бажариш лозим-у қандай ишлардан тийилиш лозим? “Хайру-н-носи ман йанфаъу-н-носа” яъни “Одамларнинг яхшиси – одамларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, деб ёзилганлардан шу нарса аниқ бўладики, инсон қайси йўллар билан одамларга яхшилик қила олади, қайси яхши, эзгу амаллари орқали табиат борлиғини ҳам, инсоният руҳий борлиғини ҳам эзгуликка тўйинтира олади? Албатта, бу илм орқали амалга ошади. Илм нима? Уни кимдан ўрганмоқ лозим? Кимга ўргатмоқ керак? Ислом инсонларни фойдали илм олишга ундайди.

Илм олиш одоби ҳақида Ғаззолий бундай ёзадилар: “Илмнинг аввали сукут қилиш, кейин тинглаш, кейин уни ёд олиш, кейин унга амал қилиш, кейин эса тарқатиш – бошқаларга ўргатишдир”[1]. “Иҳёу улумид-дин” асаридаги “Илм китоби” қисмидаги бешинчи бобда “Таълим олувчи ва таълим берувчи одоблари ҳақида” фикрлар баён қилинган.

      Илмни кимларга ўргатмоқ лозим, деган савол қўйилади. Дунёвий ва диний илмларни фақат қалби эзгуликка лиммо-лим инсонларга ўргатиш лозим. Илм фақат эзгуликка хизмат қилиши керак. Махдуми Аъзамнинг бу борадаги фикрлари таҳсинга лойиқ: “Илмни шу илмнинг қадрига етадиган ва илмни фақат эзгулик мақсадларида қўллайдиган кишиларгагина ўргатиш лозим. Илмни, уни қадрламайдиган кишига ўргатиш – илмни беҳуда исроф қилишдир. Илмни ёвуз ниятли кишиларга ўргатган киши шу илм туфайли рўй берадиган жиноятларга шерикдир”, деган ҳикматни илгари сурган. Илмни ёвузлик мақсадида ишлатиш кўп офатларга олиб келади. Фойдаси тегмайдиган илмлар ҳам мавжуд. Фойдаси тегмайдиган илмни ўрганиш вақтни “беҳуда зоя қилишдан” бошқа нарса эмас. Айниқса, ҳозирги пайтда вертуал оламда қанчадан-қанча фойдасиз ва ҳатто фойдасизгина эмас, балки, аксинча, ёвузликка олиб борадиган ахборотлар - илмлар бор. Муҳаммад алайҳиссалом доимий ўқиб юрган дуоларидан бирида бундай жой мавжуд: ”Парвардигоро, қабр азобидан, Аллоҳ қўрқувсини сезмайдиган қалбдан, мустажоб бўлмайдиган дуодан, фойдаси тегмайдиган илмдан паноҳ сўрайман!”. Инсон тирик экан, илм олиш пайида бўлади. “Одамзотнинг нафси таомсиз ўлгандек, илмсиз одамнинг дили ўликдир”, деб уқтиради Абдулқосимхон Эшон. “Маърифатсиз муҳаббат, муҳаббатсиз маърифат бўлмайди”, деб ёзади имом Ғаззолий. Илмни эгаллаган, ҳолати ўзгарган киши камтарин бўлади. Илмли кишида такаббурлик бўлмайди. Илм ўргатиш бир жиҳатдан Аллоҳга ибодат бўлса, иккинчи жиҳатдан Аллоҳга халифа-вакил бўлишдир. Аллоҳ халифаси бўлгани учун олимнинг қалбига Ўзининг хос сифати бўлмиш илмни беради. Олим Аллоҳнинг энг қимматбаҳо хазинасига хазиначи демакдир. Муаллим инсон қалбини камолга етказиш, уни поклаш ва Аллоҳга яқин бўлишга чорлаш билан машғулдир. Илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли юз берган хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто, дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайди”, деган ҳадисида ўз ифодасини топган. Бухорода Абдуллахон қурдирган мадраса пештоқига Қуръон оятидан: “Билимдонлар билан нодонлар тенг бўладими?” ҳамда “Илм шундай нарсаки, унга бутун умрингни бахшида қилмагунингча сенга ўзининг бир қисмини ҳам бермайди”, деган ҳадис нақш билан битилган[2]. Немис файласуфи Георг Фридрих Гегель ҳам “Фанда қурбонликсиз ҳеч нарсага эришиш мумкин эмас”, деб таъкидлаганда, айнан инсон чуқур ва мукаммал илм олишишга эришиш учун оғир қийинчиликлардан қўрқмаслигини, иродали бўлишини кўзда тутган. Томас Эдисон электр лампочкаси ҳақида орзу қилган. У бу орзуни амалга ошириш учун 12000 марта мағлубиятга учраб, таслим бўлмаган. Исломда илм олишнинг ўзига хос томони қуйидагилар:

Исломда илм улуғланади. Диний ва дунёвий илмларни қўшиб олиб бориш, илмли инсонларни юқори қўйиш маҳбуб амал ҳисобланади. Дунёвий илмлар билан шуғулланиш инсондаги имонни кучайтиради. “Илмий ишлар билан шуғулланишим Худога бўлган ишончимни мустаҳкамлади”, – деб ёзди доктор Альберт Макоб. Ҳаттоки, аввалгидан кўра мустаҳкамроқ, асослироқ бўлишга олиб келди. Ҳеч шубҳа йўқки, илм, албатта, инсонга Аллоҳ қудратини яхшироқ тушунишда ёрдам беради. Инсон ўз илмий изланишларда янгилик кашф қилгани сари унинг имони ҳам кучайиб бораверади”. Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир.

Илм олиш туғилгандан то инсон умри охирги дақиқаларига олиб борилиши уқтирилади. Яъни: “Утлубу-л-ъилма минал маҳди ила-л-лаҳади” “Бешикдан (яъни ёшликдан) то қабргача илм ўрганинглар”. Илм олиш учун дунёнинг қайси нуқтасига ҳам бориш лозим бўлса борилади.

Исломда зарурий илмга интилиш хотин-қизлар учун ҳам фарздир. Шарқ фалсафасининг энг катта ютуғларидан бири илм ўрганишда эркак ва аёлнинг тенг мақомда экани, зарурий илмни олиш фарз эканлигидир.

Меъмор Исмоил ибн Тоҳир Маҳмуд Исфаҳоний Мирзо Улуғбек буюртмаси билан 1417-1419 йилларда мадраса қурдирган. Мадрасанинг ёғоч дарвозасига: “Талабул илми фаризатун ало кулли муслимин ва муслимотин”, яъни “Илмга интилмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, деган сўзлар ёзиб қўйилган. Дарвозанинг темир ҳалқасига ҳукмдор Мирзо Улуғбек руҳига хос: “Илм дурдоналаридан баҳраманд бўлган одамларга Аллоҳ таоло раҳмат эшигини очгай”, деган ибораларни Улуғбекка қаттиқ меҳр қўйган ёш уста меъморлардан бири ёзиб қолдирган. Илмли кишилар хотин-қизларни асло камситмайди, аксинча, уларни илм олишларига ёрдам беради, аёлларни  улуғлаб, эъзозлайди, илм олишларига шароит яратиб беради.

Илмлар икки гуруҳга бўлинади: маҳмуд илм ва мазмум илм. Маҳмуд илмлар инсон учун бирламчи, зарурий бўлган илмлар билан шуғулланишдир. Шу маънода шаръий илмларнинг барчаси маҳмуд илмларга киради.[3]Мазмум илмлар сеҳр, кўз боғлаш, тилсимот, талбис ва ҳ.лар мансуб. Аммо шу нарса аниқки, илм ўрганишда ҳам, эл-халқ учун фойдали илмларни ўрганиш, ўргатиш фарз саналса, аксинча ва халқ учун офат келтирадиган, зарарли илмларни ўрганиш харом ҳисобланади.

Мазкур иборалар орқали агар илмни чин дил ва ихлос билан холис Аллоҳ учун эгалласанг, бутун ҳаётинг давомида оғирингни енгил қилиб юрувчи йўлдошинг бўлади. Агар дунё бойлигига етишмоқ мақсадида илм олсанг, эгаллаган илминг фақат бу дунё учун манфаатли бўлиб, охиритга ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Муҳтарам Пайғамбаримиз (с.а.в.) илм олаётиб, ё илм бераётиб вафот этган кишини шаҳид деганлар. Илм одамни юксалтириб, ундан ёдгорлик қолдиради. “Садақаи жория” деган гўзал амалга илм аҳллари ҳам муяссар бўлишади. Инсон вафот этгандан сўнг унинг томонидан ёзиб қолдирилган китоб – илми инсониятга хизмат қилса, инсоният оғирини енгил қилса, унга савоблар ёзилаверади.

Маърифатли мусулмон хонадонининг ҳар бирида албатта китоб бўлган. Китоб қадрланган. Китоблар авлоддан-авлодга энг қимматли мерос сифатида қолган. Машрабнинг ғазал, мухаммас, шеърларини тўплаб, “Машраб девони”ни юзага келтирган Маҳвашхоним бу муборак, эзгу иши учун Наманган диндорлари томонидан сочи қирқилди – гисубурида қилинди. Аммо ҳеч бир тазъиқ буюк олим, мутафаккир, донишмандлар асарларини йўқотиб юборилишига тўсқинлик қилмади.

Шу сабабли ҳам мавлоно Румий:

 “Агар ўлсам, мени асло қаро тупроқдин ахтарманг,

     Яшарман аҳли ориф макон айлаб...”деб ёзганларида инсонларни мангуликка қолдирадиган – илм эканлигини қайта-қайта уқтирганлар.

С.Мир-Жаъфаров,

Самарқанд давлат университети,катта ўқитувчи

Ҳ.Ю.Саломова,

Самарқанд давлат медицина институти,

 фалсафа фанлари доктори, профессор

 

[1]Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолий. Иҳёу улумид-дин. (Дин илмларини жонлантириш) Биринчи китоб.Т.: “Мовароуннаҳр”. 2003. 33-бет.

[2]Ҳофиз Таниш ал-Бухорий. Абдулланома.-Тошкент.:Шарқ. 1999. -Б.180.

[3] Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий.  Ихёу улумид-дин.Биринчи китоб.Т.:”Мовароуннаҳр”.Т.:2003. 43-бет.

mulakat