IT Newsy 4 - шаблон joomla Видео

MUROJAATLAR

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali
Murojaat kelib tushdi 5
Yakunlangan 2
Qayta ishlash jarayonida 3
Rad etildi 0
Ishonch telefoni orqali
Murojaat kelib tushdi 10
Yakunlangan 10
(22.05.2017 yil holatiga)

TASHRIFLAR TAHLILI

48113
BugunBugun959
KechaKecha1385
Bu hafta	Bu hafta 7843
Bu oyBu oy33107
Hammasi bo'libHammasi bo'lib48113

TASHRIFLAR ON-LINE

We have 78 guests and no members online

Tashkent Islamic University Motto ///// “YUKSAK MA’NAVIYAT, QADRIYATLAR UYG’UNLIGI VA BAG’RIKENGLIK” ///// ///// «ВЫСОКАЯ ДУХОВНОСТЬ, ГАРМОНИЯ ЦЕННОСТЕЙ И ТОЛЕРАНТНОСТЬ» ///// ///// “HIGH SPIRITUALITY, HARMONY OF VALUES AND TOLERANCE

Қуръони карим маънолари жамланган сура фазилатлари

Мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар қатори дин соҳасида ҳам қатор хайрли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 1992 йилдан бери чоп этиб келинаётган Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги таржима ва тафсир китоблари юртимиз мусулмонларига тақдим қилинмоқда. Шу туфайли диёримиз мусулмонлари Қуръони Карим маъноларини тушуниб мутолаа қилиш имконига эга бўлдилар.

Ушбу имконият эса,  китобхонларнинг Қуръон суралари ва уларда баён қилинган маънолар билан танишиш имконини бериш билан бирга, шу соҳада ёзилган китоблар мутолааси ўсиб боришига ҳам сабаб бўлди. Биз ёритиб беришга ҳаракат қилган мавзу ҳам мана шу соҳага оид бўлиб, унда мўътабар тафсир манбаларида Фотиҳа сураси фазилатлари баёни тўғрисида маълумотлар берилади.

Фотиҳа сураси Қуръони каримнинг мақсадларини ўзида жамлагани  туфайли Аллоҳ таоло ўз китобини ушбу сура орқали очиб берган[1]. Шу сабабли у “Уммул Қуръон”,[2] “Уммул Китоб”[3] ва “Асос”[4] каби улуғ номлар билан аталди.

            Ҳасан Басрий[5] Фотиҳа сураси ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлаб қўйди. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳанинг тафсирини билса, Китобнинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”[6] – деб айтган.

            Маҳмуд Замахшарий “ал-Кашшоф”да суранинг Қуръон маъноларини барчасини жамлагани тўғрисида қуйидагиларни келтирган: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга нисбатан қуллик, амри маъруф ва наҳий мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”[7].

            Фахриддин ар-Розий[8] ўзининг машҳур “Мафотиҳ ал-ғайб” асарида Фотиҳа сураси тафсирида келтирган қуйидаги жумлалар ушбу суранинг Қуръон маъноларини жамлагани тўғрисида янада қувватли далил бўлади:

            “Қуръон оятлари қуйидаги тўрт мақсадга кўра нозил бўлган: илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалалари. Хусусан, сурадаги “الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ” (Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин) жумласи илоҳиётга далолат қилади. “ مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ” (У қиёмат кунининг подшоҳи, эгаси) эса ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, “اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ” (Бизни тўғри йўлга бошлагин) дан суранинг охиригача бўлган қисми Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир. Фотиҳа сураси эса, Қуръон қасд қилган юқоридаги тўртта улкан мақсадларни ўзида жамлагандир”.[9]

            Ватандошимиз Маҳмуд Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий[10] ўзининг “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини барча илмларни ўзида мужассам қилган, мухтасар ёритилган сура сифатида қуйидагича шарҳлаб ўтган:

“Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт турли илмни ўз ичига олган.

            Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар “رَبِّ الْعَالَمِينَ” (Оламларнинг Раббиси) “الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ” (У Раҳмон ва Раҳим) ва “مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ” (У қиёмат кунининг подшоҳи, эгаси) оятларида жамланган.

            Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси “إِيَّاكَ نَعْبُدُ” (Фақат сенгагина ибодат қиламиз) оятида жамъ бўлган.

            Учинчиси, камолотга етказувчи билимлар. Бунга одоб-ахлоқ масалалари киради. Суранинг “وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ” (фақат сендангина ёрдам сўраймиз.) ва “اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ” Бизни тўғри йўлга бошлагин.) оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.

            Тўртинчиси, ўтган умматлар, диёрлар, солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Қиссаларнинг бизгача етказилишидан мурод уларнинг яхшиларига берилган неъматлар ва ёмонларига кўрсатилган жазолардан ибрат учун хабардор қилишдир. Хусусан, сурадаги “أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ” (Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига (бошлагин), ғазабга дучор бўлганларнинг йўлига эмас, адашганларникига ҳам эмас) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.

            Фотиҳа сураси ўта балоғат билан нозил қилинган бўлиб, Қуръоннинг асл мазмуни (устуни)ни ушлаб туради. Шу сабабли ундан бирор бир калимани ўзгартиришнинг ёки олиб ташлашнинг имкони йўқ”[11].

            Имом Ғаззолий[12] “Хавосс ал-Қуръон” асарида Қуръон нозил қилиниш мақсадларини олти қисмга ажратади ва улар Фотиҳа сурасида жамъ бўлганини ўз китобида қуйидагича баён қилиб ўтади:

            “Қуръони карим олти нарсанинг хабарини бериш мақсадида нозил бўлган. Уларнинг учтаси муҳим ва учтаси қўшимча бўлиб, асосийлари қуйидагилар:

  1. Қуръон ва унинг фазилатлари баёни.
  2. Саодатга элтувчи ҳидоят йўлининг хабарини бериш.

Шубҳасиз, Қуръон шу мақсад учун туширилгани Китобда очиқ-ойдин ёритиб ўтилган.

  1. Аллоҳ таолога қайтилган кундаги ишларнинг ҳолатини баён қилиш.

Бу ишларнинг барчаси охират (қиёмат) соатида бўлиб ўтиши ва уларнинг эгаси фақат Аллоҳ таоло экани тўғрисида оятдаги “مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ” (У қиёмат кунининг подшоҳи, эгаси) жумласи юқоридаги хабари етказилиши қасд қилинган барча ишларнинг мазмунини ўзида ифодалайди.

Қолган мақсадлар эса қуйидагилардир:

  1. Итоаткор бандаларининг сифатини баён қилиш.

Оятдаги “الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ” (Ўзинг неъмат берган бандаларинг) жумласи жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифатини очиқ ва мукаммал баён қилиб берган бўлиб, бу орқали неъматлар фақатгина итоаткор бандаларга берилиши эслатиб ўтилмоқда.

  1. Ҳақни инкор этувчи кимсаларнинг аҳволидан огоҳ қилиш.

Аллоҳ Таъоло томонидан юборилган оят ва мўжизаларни инкор қилувчи кимсалар оятдаги “الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ” (ғазабга дучор бўлганлар) ва “الضَّالِّينَ” (адашганлар) сўзлари билан ифодаланган. Бу эса Қуръонда зикри келган кофир ва золим қавм ва шахслар тўғрисида берилган мукаммал таърифдир.

  1. Ибодатлар фақат Аллоҳга нисбатан қилиниши.

Оятдаги “إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ” (Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз) жумласи ибодатлар фақат Аллоҳга нисбатан қилиниши, фақат Ундангина ёрдам сўраш лозимлигини таъкидлаб келган.[13]

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш лозимки, Фотиҳа сурасининг фазилатлари баён қилинган мўътабар тафсир манбаларида унинг Қуръони карим маъноларини ўзида мужассам қилган ва улуғ фазилатларга эга сура сифатида ёритилганини билиб олиш мумкин. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат бўлсада, унда ислом шариати буюрган барча ишларнинг мазмун-моҳияти муфассал равишда баён қилингани эътиборидан у “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб” ва “Асос” каби номларни олган.

 

Шерзод Умаралиев,

Тошкент ислом университети ходими

 

[1] Жалолиддин Суютий. Асрору тартиб ал-Қуръон. -Қоҳира: Дор ал-Фазила. -Б.49

[2] Бурҳониддин ал-Бақоий. Назм ад-дурар фи танасиб ал-оёт ва ас-сувар. 1-жилд. -Б.21

[3] Жалолиддин Суютий. Ал-Итқон. 1-жилд. -Б.189

[4] Замаҳшарий. Ал-Кашшоф. 1-жилд. -Б.4

[5] Ҳасан Басрий тобеъинларнинг улуғларидан бири бўлиб ҳижрий 110 санада вафот этган. (манба: “Сияри аълам ан-нубало”)

[6] Имом Байҳақий. Шаъбул иймон. -Қоҳира: Дор ал-кутуб ал-Мисрийя. 1-жилд. -Б.53

[7] Замахшарий. Ал-Кашшоф. 1-жилд. -Б.4

[8] Имом Фахриддин Муҳаммад ибн Умар ар-Розий. Тафсир илмига оид машҳур “Мафотиҳ ал-ғайб” асари муаллифи. 606 ҳижрий санада ваот этган. (манба: “Сияри аълам ан-нубало”)

[9] Имом Фахриддин  ар-Розий. Мафотиҳ ал-ғайб. 1-жилд. -Б.65

[10] Имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Шарофиддин Тийбий.  Табризлик аллома. 1342/ 743 йилда вафот этган. (манба: “Сияри аълом ан-нубало”)

[11] Имом Тийбий. Шарҳ ал-Кашшоф.  Қоҳира: ал-Азҳар университети нашриёти. 1-жилд. -Б.29

[12] Ҳужжат ал-ислом Муҳаммад ибн Муҳаммад ат-Тусий ал-Ғаззолий. “Иҳёу улум ад-дин” муаллифи. Ҳижрий 505 санада вафот этган (манба: “Сияри аълом ан-нубало”)

[13] Имом Ғаззолий. Ховосс ал-Қуръон ал-карим. -Б.34

mulakat